Рўзиқул Бердиев: "Шаржа" жамоаси техник ва тактик жиҳатдан яхши футбол ўйнайдиган жамоа"

Осиё Чемпионлар Лигаси Элит мусобақаси 8-туридан ўрин олган “Шаржа” – “Насаф” учрашувидан олдин бўлиб ўтган матбуот анжуманида жамоа бош мураббийи Рўзиқул Бердиев ҳамда футболчи Шароф Муҳитдинов иштирок этди. 
 
Рўзиқул Бердиев: 

— Барчага аён, ушбу турнирда кейинги босқичга чиқиш имкониятимиз қолмаган. Шунга қарамай, эртанги учрашувда йигитларда етарлича мотивация бор. Биз учун рақибга қарши майдонга чиқиб, сифатли футбол намойиш этиш муҳим вазифалардан биридир. 

“Шаржа” жамоаси техник ва таркиб жиҳатдан яхши шаклланган, кучли рақиб. Эртага ушбу жамоага қарши муносиб қаршилик кўрсатишга ҳаракат қиламиз. 

 
Шароф Муҳитдинов: 
— Биз эртанги ўйинга тўлиқ тайёрмиз. Майдонга фақат ғалаба учун чиқамиз. 
 
— Жамоанинг ҳозирги ҳолати ҳақида нима дея оласиз ва ушбу мусобақадан қандай хулосалар чиқардингиз? 
 
Шароф Муҳитдинов: 
— Гуруҳимизда жуда кучли рақиблар жамланганди. Шунга қарамай, бундай жамоаларга қарши ўйнаш бизни янада чиниқтиради, тажриба ва мотивация беради
 
— Бу сизлар учун ушбу мусобақадаги сўнгги учрашув бўлади. Эртага мусобақадаги илк ғалабани қўлга киритишга ҳаракат қиласизми? 
 
Рўзиқул Бердиев: 
— Албатта, эртага ғалаба қозониш учун майдонга тушамиз. Жамоамиз мусобақа давомида кўплаб беллашувларда яхши ўйин намойиш этди, аммо натижалар биз кутгандек бўлмади. Эртага ушбу мусобақани муносиб тарзда якунлашимиз лозим. Йигитларни айнан шунга тайёрладик. 
 
— Ушбу мавсумда жамоага нима етишмади? Айрим мутахассислар жамоа "Насаф" ўзини тўлиқ намойиш эта олмади, дея баҳолашмоқда. 

 
Рўзиқул Бердиев: 
— Бунинг бир нечта сабаблари бор. Жамоамиз асосий эътиборни миллий чемпионатга қаратди. Бу эса жамоага иккита фронтда ҳам ижобий натижага эришишга қийинчилик туғдирди. Айрим учрашувларда бизга тажриба ва индивидуал маҳорат етишмади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!