Рўзиқул Бердиев: "Шерзоднинг легионерга айланиши ҳақида менда ҳеч қандай маълумот йўқ"

Суперлига 5-туридан ўрин олган "Насаф" – "Навбаҳор" (3:2) учрашувидан сўнг мезбонлар бош мураббийи Рўзиқул Бердиев ўз фикрларини билдириб ўтди.

"Барчани ғалаба билан табриклайман. Бугунги рақибимиз жуда тажрибали футболчиларга эга эканлиги ва яхши ўйин намойиш этишини кутган эдик. "Навбаҳор" беллашувни  5 та ҳимоячи билан бошлашини кутмаган эдик. Биз ўйинни англаб олгуминизга қадар, 2 та гол ўтказиб юбордик. Шунга қарамасдан, ишонч бор эканлиги ғалабанинг асосий омили бўлди. Икки маротаба орқада бориб ҳам, йигитлар охиригача курашди. Кучли рақиб билан учрашувда 3 очко ишлаш доим ёқимли.

Пенальтини футболчиларнинг ўзига қолдирган эдик бу масалани. Майдонда Абдувоҳид ва Марко келишган холда қарор қабул қилишди ва бу тўғри бўлиб чиқди.

Албатта, биз яна ҳам кучлироқ бўлишимиз керак. Давралар оралиғидиа баъзи бир вариантларни кўриб чиқамиз. 

Шерзоднинг легионерга айланиши ҳақида менда ҳеч қандай маълумот йўқ. Ўзи ҳам бу ҳақида ҳеч нарса дегани йўқ. Абдувохиднинг ўзи таклиф бўлганини келиб тушунтирди. Унинг биз учун қай даражада муҳим эканлигини яхши биласизлар. Қаердадир ёзишибди. Уни иккинчи дарвозабон сифатида кўришаётган экан. Неъматов иккинчи рақамдаги посбон эмас. Бу нотўғри бўлади. Эрон чемпионати уни бирдан ўсиб кетишига имкон бермайди. Менимча, "Насаф" ва олимпия терма жамоасининг даражаси "Истиқлол" ёки "Персеполис"никидан баландроқ. У билан гаплашиб олдик. Ҳеч қандай эътироз билдиргани йўқ.

Биз узоқ йиллардан бери улар билан бирга ишлаймиз. Бу футолда жуда муҳим. Энг муҳим иккита нарса бор. Улар концентрация ва мотивация. Футболчи бусиз майдонга чиқмаслиги керак. Бусиз майдонда ҳеч нарса кўрсата олмайди. Баъзи беллашувларда ушбу жиҳатлар етмай қолади, аммо бу кўпроқ футболчига боғлиқ. Улар баъзан оддий жамоалар билан ўйинда етишмайди. Ҳеч кимни даражасини ажратмай ҳаракат қилиш керак.

Бу борада ишлаяпмиз. Рақибнинг ҳимоясини очиш учун гол киритишимиз керак. Афсуски, буни баъзан уддалай олмаяпмиз. "Сўғдиёна" билан баҳсда зарбалар сони 23:3 кўринишда бўлган. Афсуски, баъзан ўхшамайди", - деди "аждарлар" устози.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!