Рўзиқул Бердиев: "Улардан бундан ортиғини кутяпмиз, аммо баъзида эътирозлар билдиряпмиз"

“Насаф” ўз майдонида “Нефтчи”ни 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Учрашувдан сўнг мезбонлар бош мураббийи Рўзиқул Бердиев бир қанча саволларга жавоб берди.

- Бугун ўйинни фаол бошладик. Рақибни хато қилишга, қизил карточкага мажбур қилдик. Бу фаоллигимиздан дарак эди. Лекин улар бир киши кам бўлиб қолганимиздан кейин фаоллигимиз бироз пасайди. Балки бу руҳият билан боғлиқдир. Яна шуни айтишим керак, “Нефтчи” ҳимоявий ўйин кўрсатади. Схемасини биласизлар, 5-3-2. Қизир карточкадан кейин улар схемасини ўзгартирармикин, деб ўйлагандим. Бундай бўлмади, 5 та ҳимоячи билан ўйнади. Бундай пайтда тезкор ва позицион ҳужумларга ўтишга қийналасиз. Шунинг учун баъзида ҳужумдаги ҳаракатларимиз самарасиз бўлгандир. Бугун уч очко қўлга киритдик. Кучли жамоани мағлуб этдик. Бундан хурсандмиз, барчани табриклаймиз.

- Жамоада йўқотишлар кўпайиб кетяпти. Бу сизни хавотирга солмаяптими?

- Албатта, бу жуда ҳам оғир вазият. Чунки бизда етакчилар йўқ. Уларни йўқлиги ҳар бир ўйинга таъсир қилади. Шунга қарамасдан бахона қилмаймиз. Бизда ўйинчилар бор ва улардан фойдаланишга ҳаракат қиляпмиз.

- Марушич билан Бозоров кўринишмади. Нима учун?

- “Сўғдиёна” билан учрашувдан икки кун олдин иккаласи бир машғулотда жароҳат олишди. Бу мускуллари билан боғлиқ. Шу боис “Сўғдиёна”га қарши ўйинда бизга ёрдам бера олишмади, бугун ҳам йўқ эдилар. Менимча, кейинги учрашувларда ҳам майдонга тушишмаса керак. Чунки даволашга бироз вақт керак бўлади. Бундан ташқари, Силва “Сўғдиёна” билан баҳсда жароҳат олди. Алибек Давронов олимпия терма жамоамизнинг иккинчи ўйинида жароҳат олиб майдонни тарк этди. Биз Алибекни ҳам даволаяпмиз.

- “Насаф”га қарши автобус қўйиб ўйнайдиган жамоалар бор. “Нефтчи” бошқаларга нисбатан очиқроқ ўйин таклиф этдими?

- Йўқ. Ҳаммадан кўра “Нефтчи” ҳимояда яхши ўйнайдиган, сабр қиладиган жамоа. Бу схемада улар жуда яхши ўйнайди. Ўтган йили ҳам, бу йил ҳам эътибор берган бўлсанглар, бу жамоага ҳеч ким иккита гол урмаган. Улар бугун бир киши кам бўлганида ҳам ўз схемасидан қочмади. Пайт пойлаб қарши ҳужумларга ўтадиган клуб. Агар 4 та ҳимоячига ўтса бизга бироз енгилроқ бўларди. Чунки бўш зоналар бўларди. Шунга қарамай, уларни ўйини шунақа эди. Ҳимояни мустаҳкам ушлаб қарши ҳужумларда пайт пойлаш. Бир киши кам бўлиб қолишганида ҳам уларда вазиятлар бўлди, Хусайнда индивидуал ҳаракатлар ҳисобига. “Нефтчи” ўз ўйинидан кечмади.

- Сиз доим майдон четида қизиққонлик билан шогирдларингизга кўрсатма бериб турардингиз. Лекин бугун турганингизни ҳам кўрмадик...

- Мени кузатасиз шекилли. Яхши бошлаганимиз учун хотиржам эдим. Ҳатто, фаолроқ бошладик, десам ҳам бўлади. Қизил карточкадан кейин бу ёғини футболчиларим яхши бажаришлари керак, деб балки ўрнимда ўтиргандирман. Шунга қарамай, баъзида хиссиётга берилдик, асабийлашишга мажбур бўлдик. Чунки ўйин шуни тақозо қилди. Қарши ҳужумларда мухлисларимиз ўйлагандек тез ўтишга бизга имконият бўлавермади. Мени назаримда, рақиб битта кам бўлгач, йигитларимни ўзи ўйинни ўз қўлларига олишлари керак эди.

- “Насаф” пенальтидан гол ура олмади. Мухлислар, мутахассислар ёки ҳамкасблардан бошқа номзодни кўриш борасида таклифлар бўлдими?

- Бизда бошқа номзодлар бор эди. Марко, Жавоҳир. Аммо улар майдонда йўқлиги учун Шароф ишонч билан олди. Кенжабоев ҳам тепмоқчи бўлди. Шунинг учун қаршилик кўрсатмадик. Ўтган сафар Зоран пенальтидан гол ура олмаганида ҳам мен уни яхши тепа олмаслигини билардим. Аммо тўпни қўлига олиб тепмоқчи бўлганида қаршилик кўрсатсангиз нотўғри бўлади.  

- Абдувоҳид Неъматов тепишини ҳам истаганлар бор эди...

- Абдувоҳид ўша усулда эмас, бошқа усулда тепса қанақа бўларди, билмадик. Неъматов ҳам тепиш усулини ўзгартириш керак эди.

- Биринчи ўзгаришингиз 33-дақиқада Жигаури билан бўлди. Жароҳат билан боғлиқми?

- Йўқ. Рақиб бир киши кам бўлиб қолганидан сўнг қанотларни кучайтириш мақсадида Чогадзени майдонга туширдик. Иккинчи сабаби, нимагадир Жабага ўйинга яхши киришиб кета олмади.

- Легионерларни ўйинидан кўнглингиз тўқми?

- Бугун 2 таси қатнашди, 2 таси жароҳатда. Улардан бундан ортиғини кутяпмиз. Аммо баъзида уларга эътирозлар билдиряпмиз.  

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!