Рўзиқул Бердиев: Хато бир марта кечирилиши мумкин, кейин кечирилмайди
“Насаф” чемпионатда ҳам, кубокда ҳам фақат ғолиблик учун курашадиган кам сонли клубларимиздан бири. Табиийки, Суперлигада бўлгани каби Ўзбекистон кубогида ҳам қаршиликлар фаворитлар қаторида тилга олинади.
Бунгача Рўзиқул Бердиев бошчилигидаги клуб 2015 йилда Ўзбекистон кубогини ютган. 2003, 2011, 2012, 2013 ва 2016 йилларда эса финалгача етиб борган. Кўриб турганингиздек, “Насаф” доим хавфли рақиб ҳисобланади. Бу сафар эса улар Кубок йўлидаги илк қадамни Андижонда ташлайди. Бердиев эса қуръа ҳақида ва бу йўлдаги мақсад борасида sports.uz мухбирига ўз фикрларини билдирди.
- Қуръага кўра, “Насаф” 1/8 финални “Андижон” майдонида ўтказади. Бу борада муносабатингиз қандай?
- Қуръани мен ҳам кузатдим. Ҳаммаси яхши ўтди. Албатта, “Андижон” билан учрашувгача анча вақтимиз бор. Унгача чемпионатимизни тугатиб оламиз. Шундан сўнг, “Андижон” жамоасига қарши бўладиган беллашувга эътиборимизни қаратамиз. Агар кубокда мақсадимиз жиддий бўладиган бўлса, барча клуб билан ўйнашимиз керак бўлади. Ҳар босқичдан сўнг, яна қуръа ташланиши тўғри бўлди. Ким билан дуч келишингизни фақат ўйиндан кейин биласиз.
- “Андижон” тўғрисидаги фикрларингиз қандай?
- Бу йил “Андижон” билан чемпионатимизда икки бор ўйнадик. Иккаласида ҳам бизга осон бўлмади. Аммо кубокда ҳам ҳар бир рақиб билан максимал кучимизни сарфлаймиз.
- Ўша “Андижон”даги учрашувдан кейин бугун ютган бўлсак-да, мавсумдаги энг ёмон ўйинимизни ўтказдик, деб айтгандингиз. Ўша манзара такрорланишидан ташвишланмайсизми? Агар “Насаф” яна ёмон ўйнаб ғалаба қозонса, бундай натижага рози бўласизми?
- Ҳар қандай ўйиндаги ғалаба жамоани ҳам, мураббийни ҳам қониқтиради. Лекин, ўйлайманки, биз бу учрашувга бошқача ёндашамиз. Чунки бу бир ўйиндан иборат, хато қилишга ҳаққимиз йўқ. Хато бир марта кечирилиши мумкин, кейин кечирилмайди. Шу сабабли бу баҳсга жиддий тайёргарлик кўрамиз. Тўғри, чемпионатимиздаги ўша учрашувда ўйинимиз кучли чиқмаганди. Бунга бир нечта сабаблар бор эди. Балки ўша пайтда йигитларимиз ўйинга жиддий ёндашмагандир. Хоҳлаймизми-йўқми, барибир турнир жадвалига қаралади. Ҳозир “Андижон”нинг майдони қандай ҳолатдалигини билмайман. Аммо ўша пайтда майдон ҳам талаб даражасида эмасди. Бу ҳар қандай жамоага мазмунли ўйин кўрсатишга ҳалақит қилади.
- Тўғрисини айтсангиз, қуръадан олдин “Насаф” учун қайси рақибни кутаётгандингиз?
- Рости, кубокнинг 1/8 финалини ўз майдонимизда ўтказишимизни кутгандим. Нимага деганда, чемпионатимизнинг охирги турини Қаршида “Локомотив” билан ўтказамиз. Шу боис ўзимизда сўнгги учрашувдан кейин кубок баҳсига хотиржам тайёрланишга имкониятимиз бўларди. Энди бўлса, “Локомотив”га қарши ўйнаганимиздан сўнг Андижонга қараб йўлга чиқишимизга тўғри келади.
- Кубок учрашувлари 7-8 декабрь кунлари бошланиши айтилмоқда. Қишда мусобақани ўтказиш сиз мураббийларга қўшимча муаммолар туғдирса керак-а?
- Пандемия сабаб бунга мажбур бўлдик. Энди шундай ҳолатда ўтказишимизга тўғри келади. Ўзингиз ҳам кўриб турибсиз, чемпионатимиз ўйинлари жуда тиғиз график асосида ўтяпти. Барибир кубок мусобақасини ўтказишимиз лозим. Бу орқали кубок эгасини аниқлаб олишимиз керак. Қанчалик қийин бўлмасин, барибир кубокда ҳам иштирок этишимиз шарт.
- Бу мусобақада асосий мақсад қандай?
- Ҳар доимгидек кубокни қўлга киритишга максимал ҳаракат қиламиз. Бу осон бўлмаса ҳам бор кучимизни берамиз.
Фикрлар