Самвел Бабаян: "Андижон"нинг майдони сифатли эканлигини кутмагандик
«Локомотив» клуби 24-турда сафарда «Андижон»га қарши учрашувда рақиб дарвозасига жавобсиз тўртта гол урган ҳолда йирик ҳисобдаги ғалабани қўлга киритди. Айтиш жоизки, бу Самвел Бабаян бош мураббий бўлиб келганидан бери «Локомотив»нинг илк йирик ғалабаси сифатида қайд этилди. «Андижон»га қарши учрашувдан сўнг ташкил этилган матбуот анжуманида «Локо» устози журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.
- Дастлаб учрашув ҳақидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз?
- Бугун сифатли ўйинни ўтказдик. Сифатли дея бежиз таъкидлаётганим йўқ. Чунки жамоа чиндан ҳам шундай ўйинни намойиш этди. Албатта, биз доим майдонга ғалаба қозониш илинжида тушамиз. Лекин ҳар доим ҳам олтин оралиқни топишнинг иложи бўлмайди. Бугун мана шундай мутаносибликка эга бўлган ўйинни кўрсатдик. Айтишим керакки, бунга қадар бир қанча учрашувларда дастлаб устунликка эришсак-да, якунда ўзимиз истаган натижага эриша олмаган ҳолатлар ҳам кузатилган. Аммо бугунги учрашувда йигитларимиз ҳужум ва ҳимоя борасида уйғунликка эришганларини кўрсатишди. Бугун футболчиларимиз ўйиннинг илк дақиқасидан то сўнгги сониясига қадар фикрини бир жойга жамлаган ҳолда тўп сурдилар. Биринчи навбатда сафарда тўп сурганимизга қарамай, мана шундай чиройли ғалабани таъминлаган йигитларни қизғин муборакбод этаман. Шунингдек, бутун клуб ва унинг мухлисларини ютуқ билан қутлайман. Ўйлайманки, амалга ошириб келган ишларимизнинг самараси энди бўй кўрсатмоқда.
- Бугун «Локомотив» тўртта гол уришдан ташқари яна кўплаб қулай имкониятга эга бўлди. Шундай экан, рақибни осонлик билан ютдик деб айта оласизми?
- Йўқ, бугун клубимиз рақиб устидан осонликча ғалаба қозонмади. Яна юқоридаги фикримни такрорлашимга тўғри келади, бунга қадар 6-7 учрашувда яхши ўйин кўрсатган бўлсак-да, якунда кўзланган натижа қўлга киритилмай дуранг ўйнаган ёки мағлубиятга учрагандик. Бизда хавфли вазиятлардан унумли фойдаланиш борасида муаммолар кўзга ташланарди. Футболчиларимизни ҳам тушуниш керак, чунки таркибимизда ёш ўйинчилар етарлича топилади. Уларга биринчи навбатда тажриба етишмаслиги панд бериб қўярди. Албатта, ўйинчиларимизда катта потенциал бор ва бунга шубҳа қилмайман. Лекин бор иқтидорини намойиш этиш учун кўп тер тўкиш керак бўлади. Бахтимизга бугун биз биттадан ортиқ голлар киритдик. Асосийси, жамоа жуда уюшқоқ ўйин намойиш этди. «Локомотив»нинг қандай ўйин кўрсатишини эса ҳамма билади. Ахир клуб таркибида яхши ижрочилар жамланган.
- Бунгача «Андижон»нинг ўйинини ўрганиб чиққанмидингиз?
- Ҳа, албатта. Футболда рақибни ўрганмасдан ўйинга ҳозирлик кўриб бўлмайди. «Андижон»нинг кучли жиҳати ҳақида шуни айтишим мумкинки, жамоа кутилмаганда тезкор қарши ҳужумга ўтган ҳолда рақибни шошириб қўяди. Жамоа таркибида қанотларда ва марказда тез ҳаракатланадиган футболчилар талайгина. Шуни инобатга олган ҳолда учрашувга режа тузиб чиққандик. Бизда рақибни тўхтатиш учун кўпроқ Дониёр Исмоилов, Шаҳзод Убайдуллаевга эътибор қаратдик. Яна шуни қўшимча қилишим керакки, беллашувга тайёргарлик кўриш асносида муносиб стратегияни танладик. Очиғини айтишим керак, бунгача «Андижон»нинг майдони яхши эмаслиги ҳақидаги гапларни етарлича эшитишимга тўғри келган. Лекин таъмирлаш ишларидан сўнг майдоннинг бундай сифатли ҳолатга келишини кутмагандик. Шунинг эвазига ўйинимиз яхши чиқди. Бунга қадар ўзимизни муаммолари кўп бўлган майдондаги ўйинга тайёрлаганимизни яшириб ўтирмайман. Кеча майдон сифатини кўрганимиздан кейин режамизни бутунлай ўзгартирдик. Майдонни шундай ҳолатга келтирганлари учун мезбонлардан миннатдор бўлишимиз керак.
- Темурхўжа Абдуҳолиқов кетганидан кейин жамоанинг ҳужум чизиғида муаммолар кўзга ташлана бошлаганди. Яъни, жамоа етарлича гол кирита олмай қолганди. Лекин бугун шогирдларингиз ўйинни йирик ҳисобдаги ғалаба билан тугатдилар. Шунда ҳам голларнинг аксар қисмини бошқа чизиқ вакиллари киритишди. Иқтидорли ҳужумчи Азиз Омонов «Локомотив»га сиз келгунингизга қадар майдонга тушаётганди. Аммо охирги пайтларда у нега ўйнамаяпти?
- Гапингизни бироз тўғрилаб кетишимга ижозат беринг. Азиз Омонов соф ҳужумчи ҳисобланмайди. Эҳтимол, олимпия терма жамоасида олдинги чизиқда ўйнаётгани учун саволни шундай қўйган бўлсангиз керак. Азизбек Омонов бошланғич таркибда майдонга тушишга лойиқлигини исботласин, марҳамат, унга йўл очиқ. Лекин ҳозир у бундай имкониятга лойиқлигини кўрсата олмади. Тўғри, унда потенциал бор, аммо Омонов ҳали ўз устида кўп ишлаши керак. Ҳар қандай ҳолатда ҳам Азиз соф ҳужумчи саналмайди. Бугун Сардор Мирзаевни ҳужум чизиғида ўйнатишга мажбур бўлдик. Ўйлайманки, у олдинги чизиқда ёмон кўринмади.
Фикрлар