Самвел Бабаян "Навбаҳор"нинг кутилмаганда очко йўқотишини қандай изоҳлади?

Ўзбекистон Суперлигаси 16-туридан ўрин олган “Қўқон-1912” – “Навбаҳор” (1:1) учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг биринчи қисмида жамоамиз бош мураббийи Самвел Бабаян иштирок этиб, ОАВ ходимларининг саволларига жавоб берди.

Самвел Вячеславович одатдагидек ўз сўзини ўйин ҳақидаги фикрлари билан бошлади.

- “Навбаҳор” - “Қўқон-1912” ўртасидаги дербилар доимо қизиқарли ва кескин курашлар остида ўтади. Бугунги учрашув ҳам шундай руҳда кечди. Натижа ва сифатга келадиган бўлсак, ўйинимиздан қониқмадик. Рақибга жуда кўп имконият тақдим этдик. Натижа биз учун бизга қониқарсиз бўлди. Жорий мавсумда оддий ўйинлар деярли йўқ. Пешқадамми, аутсайдерми, фарқи йўқ, барча учрашувлар курашларга бой тарзда кечмоқда. Бугунги баҳс бизга дарс бўлди. Ўйинни таҳлил қилиб чиқамиз ва ҳар бир рақибнинг имкониятига тўғри баҳо беришга ҳаракат қиламиз.

- Сиз 1996 йилда “Навбаҳор”, кейин эса “Пахтакор” жамоалари, Ўзбекистон терма жамоаси, шунингдек, Латвия ва Хитой сингари хориж клубларида ишлагансиз. 1996 йили “Навбаҳор” чемпионлик унвонини қўлга киритганди. Ҳозирги кунда “Пахтакор”, “Насаф” ҳамда “Сўғдиёна” жамоалари билан бирга “Навбаҳор” чемпионлик учун кураш олиб бормоқда. Биринчи ўринни эгаллаш учун “Навбаҳор”га нимадир етишмаётганга ўхшаяпти. Бу борадаги фикрингиз қандай?

- Менимча, жамоамизга барқарорлик етишмаяпти. Биз сифатли ўйин кўрсатамиз, лекин учрашувлар давомида айрим камчиликлар ҳам юз бериб туради. Бугун негадир рақиб ўйинига етарлича баҳо бера олмадик. Тактик тарафлама баъзида ҳимояга ётишга ҳаракат қилдик ва вертикаль узатмаларни амалга оширдик, аммо бизда ижодкорлик кўринмади. Ҳар бир ўйинда максимал натижага эришиш учун барқарорлик етишмай қолади.

- Азимжон Аҳмедов охирги ўйинларда деярли ўйнамаяпти. Унинг жароҳати бормиди?

- Ҳа, жароҳати бор эди. У секин-аста сафга қайтмоқда. Азимжон жамоа сардори ва асосий таркиб аъзоси. Унда жароҳат кузатилгани боис, машғулотларда ҳам қатнашмаганди. Ҳозир тикланиб боряпти, шу туфайли майдонда кўриниш берди.

- “Навбаҳор” кейинги турда ўз майдонида “Пахтакор”ни қабул қилади. Бўлажак учрашувни “йил ўйини” деб таърифласак бўладими?

- Ҳали олдинда миллий чемпионатимизнинг яна 10 та ўйин бор. Ўйлайманки, бу йилги чемпионат охирги турларгача ҳаммани ҳаяжонда ушлаб туради. “Пахтакор” ҳам бошқа рақибларимиз сингари жамоа саналади. Пойтахтликларга қарши кечадиган баҳсга ҳам ҳар доимгидек тайёрланамиз.

“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!