Сардор Азимов: "Ёзги йиғинни ўтказиб юборишим мени хафа қиляпти, тезроқ сафга қайтишга ҳаракат қиламан"

Жароҳат футболчининг қисматида бор бўлиб, бундан қочиб қутулиш мушкул. Афсуски, “Андижон” жамоасидаги яна бир асосий ўйинчилардан бири сафдан чиқди.

Яқинда Нодари Кавтарадзе “Пахтакор”га қарши беллашув пайтида тиззасидан жиддий жароҳат олгани ҳақида маълумот бергандик. Энди эса иқтидорли ярим ҳимоячи Сардорбек Азимов ҳам даволаниш жараёнини ўтказмоқда. Боиси, унинг оёғида ҳам жароҳат борлиги маълум бўлди.

Кўрдингиз, биринчи даврани ушбу ўйинчи ҳам қойилмақом тарзда ўтказиб, ғалабаларга муносиб ҳиссасини қўшди. Айниқса, жамоадаги энг яхши ассист вазифасини бажариб келаётгани сўзимизни исботлайди. Боиси, ҳисобида 5 та ассист бор ва Кубок доирасида ўзи ҳам 1 та гол урган.

Унинг ҳолидан хабар олиш учун хонадонида бўлдик ва ҳозирча футболчи қўлтиқоёқдан фойдаланишга мажбур бўлиб турибди.   

- Сардор, жароҳатингиз ҳақида ўзингиз тўлиқ маълумот бериб ўтсангиз.

- Бу жароҳат “Бухоро” билан учрашувда юз берди. Аниқроғи, 1-тайм охирида бўлди. Шифокор ўша пайтда муз қўйди, унчалик билинмади. Жароҳатим билан ўйинни давом эттирдим. Лекин учрашув сўнггида оғриқ қаттиқроқ сезила бошлади ва мен мураббийдан алмаштиришларини сўрадим. Энг қийини шундан кейин бошланди. Оёғим шишиб кетди, қон томирлари ёрилиб кетибди, гематома. Ҳозирда шу жароҳатимни даволатиб юрибман.

азимов3

- Шифокорлар кўригидасиз ва бу қанча вақтни ўз ичига олади?

- Даволаниш ҳамон давом этяпти. Бошида жиддий эмас, деб ўйладик. Кейин билсак шишиш қайтмади. Натижада оғриқ кучайиб борди. Сафга қачон қайтаман, ҳали билмайман. Даволанишда давом этяпман.

- Биринчи давра якунлари бўйича энг яхши ассист бўйича 1-ўриндасиз. Чунки ҳисобингизда 5 та ассист бор. Буни ўзингиз ҳам ҳисоблаб боряпсизми?

- Бу вазифани бош мураббий биздан доимо талаб қилади ва ҳар бир ярим ҳимоячи ҳар ўйинда буни амалга оширишга ҳаракат қилади.

азимов2

- “Андижон”нинг биринчи даврадаги иштирокига қандай баҳо берасиз?

- Очиғини айтсам, бизда ажойиб жамоа шаклланиб бормоқда. Бунга охирги ўйинларда ҳам гувоҳи бўлишингиз мумкин. Биринчи даврада йўқотилган очколарни иккинчи даврада тўлдирамиз, деган умиддаман. Биздан энди мухлислар фақат ғалаба талаб қилишади. Шунга муносиб тарзда жавоб беришга ҳаракат қиламиз.

- 28 июль куни “Насаф” билан ўйингача қайтасизми? Мухлислар сизни кутишяпти. Умуман олганда, ҳозирги ҳолатда кайфиятингиз қандай?

- Рости, ёзги йиғинни ўтказиб юборишим мени хафа қиляпти. Иложи борича тезроқ сафга қайтишга ҳаракат қиламан.

азимов5

- Барибир биринчи даврадан кейин жамоамизнинг анча-мунча потенциали кўринди. Вазиятга реал қараганда, мавсум охиригача “Андижон”ни қайси ўринда кўряпсиз ва жамоада ўз сўзимни айта оляпман, деб ҳисоблайсизми?

- Энди биринчи давра ортда қолди. Энг муҳими, олдинда. Ҳали бизни қийин ўйинлар кутмоқда. Шулардан келиб чиқиб, агар ўз ўйинимизни кўрсата олсак, 4-5-ўринларда тугатсак керак. Ҳали ўйинлар кўп. Чиройли ўйнаб ишқибозларни хурсанд қилсак ва жамоа ғалабаларига ҳиссамни қўшсамгина ўз сўзимни айтишим мумкин. Ҳали ҳеч нарса қилмадим, кучли ўйинларимиз олдинда.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!