Сауль Альварес- Жермелл Чарло жанги борасида ўзбек бокс олами вакилларининг фикри қандай?
30 сентябрдан 1 октябрга ўтар кечаси АҚШнинг Лас-Вегас шаҳри “Ти-Мобайл Арена”да катта профессионал бокс кечаси ташкил этилади. Ушбу жанг оқшомининг марказий тўқнашувида Сауль Альварес ҳамда Жермелл Чарло тўқнаш келади. Ушбу жанг иккинчи ўрта вазн (76,2 кг) тоифасида WBC, IBF, WBO, WBA чемпионлик камарлари учун ўтказилади. Албатта, ушбу қарама-қаршилик тўғрисида турли фикрлар янграмоқда. Аксарияти Альваресни тажрибасига шубҳа қилмаётган бўлса, яна кўпчилик Чарлони иштиёқига юқори баҳо бермоқда. Биз ҳам ўзбекистонлик бокс олами вакилларини фикри билан қизиқдик.
Ҳусан Шерматов – промоутер
- Менинг фикримча америкалик бу жангга иккита сабабга кўра рози бўлган. Биринчиси, Тим Цзю билан жангда камарини хавф остига қўйишни истамаслик. Иккинчидан, “Канело” билан жанг Чарлони бой қилади. Жермелл учун бу фаолиятидаги молиявий жиҳатдан энг даромадли жанг бўлади. Қолаверса, америкаликда ҳеч қандай босим йўқ. Шубҳасиз, у жангда андердог ҳисобланади. Чарло катта пул эвазига Aльваресга ютқазишга тайёр. Жермелнинг йўқотадиган ҳеч нарсаси йўқ, лекин Саулнинг йўқотадигани бор. Ҳозирча у иккинчи ўрта вазн дивизионининг сўзсиз қироли ҳисобланади.Шунингдек, Чарло билан жангга ажойиб мотивация билан чиқади. “Канело” энди пулга қизиқмайди, чунки у бокснинг асосий юлдузларидан бири. Мексикалик янги чорловларни қидирмоқда. Aльварес ўз дивизионида шунчаки мағлуб бўлишга ҳаққи йўқ. У ҳакам жангни тўхтатмагунча Чарлони уришда давом этади.
Ғайрат Аҳмедов – собиқ боксчи
- Уларнинг жангдан олдинги тадбирларини кўрдим. Негадир, Альварес бироз асабийлашяпти. Ҳар иккиси техник жиҳатдан юқори даражали боксчилар саналади. Зарба кучи борасида ҳам мақтана олишади. Чарло менимча Альварес учун муносиб рақиб бўла олади. Имкониятларни 50/50 деган бўлардим.
Собир Ҳакимов – бокс ҳаками
- Ҳа, бу баҳс оддий жанг бўлмайди. Мутлақ чемпионлик баҳси, ҳар доим қизиқарли бўлган. Қолаверса, профессионал бокс оламининг 1-рақамли юлдузи ва катта истеъдод эгасининг тўқнашуви шубҳасиз, қизиқарли кечади. Альварес профессионал боксда кўп нарсани исботлади. Ҳозир унинг энг юқори чўққиси деб айтиб бўлмайди. Аста-секин пасайиш юзага келяпти. Чарло эса аксинча порлаб чиқиб келаяпти. Фикримча бу жангда Чарлонинг имкониятини бироз юқори баҳолаган бўлардим. Яъни, 55/45.
Исроил Мадримов – боксчи
-“Канело” – Чарло жанги ҳақида сўз юритадиган бўлсак, “Канело”да ютиш имконияти катта.Чунки у ўзининг вазн тоифасида ҳаракат қилади. Чарло эса вазн кўтариб тушяпти. Шу сабабли, кўпроқ имконият Альварес тарафида. У ҳар томонлама кучли, зарбалардан ҳимоя борасида ҳам вазнга мослашиш жиҳатдан ҳам “Канело”да устунликлар бор.
Жаҳонгир Қурбонов – мураббий
- Қизиқарли жанг бўлади. Ака-ука Чарлолар профессионал бокс оламида ўсиб келаётган юлдузлар саналади. Альварес борасида эса ортиқча гапга ўрин йўқ. Лекин Чарло Альварес учун жиддий рақиб бўлади, деб ўйлайман. Унинг “апперкот” зарбалари жуда яхши ривожланган. Аксинча, Альваресда бу борадаги зарбаларга ҳимоя бироз чатоқроқ. Лекин Альварес, Биволдан учралган мағлубиятни ушбу жангдаги чиройли ғалаба билан ювиб кетишга ҳаракат қилади. Шунинг учун тайёргарликларни яхши қилганлиги сир эмас. Уммуан олганда яхши жангни кўрамиз. Имкониятларни 50/50 деган бўлардим.
Фикрлар