Сергей Лушчан: "Биз финални унутдик ва ишлашда давом этамиз"
Суперлигада 14-турдан ўрин олган қолдирилган ўйин бўлиб ўтди. Унда "Навбаҳор" жамоаси "Динамо" билан куч синашди ва 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Беллашувдан сўнг жамоа бош мураббийи Сергей Лушчан матбуот анжуманида иштирок этди.
- Бугун ғалаба қозондик. Ўйиндан қониқдим. Ғалабага ҳақли эдик ва буни уддаладик. Самарқанд клубини ўрганган эдик ва марказни ёпиб ташладик.
- "Навбаҳор" бугун жуда совуққон кўринди, финалда эса жамоа ёниб кетгандек туюлган эди.
- Биз финални унутдик ва ишлашда давом этамиз.
- "Навбаҳор"да финалдаги мағлубиятдан сўнг катта ўзгаришлар бўлиши ҳақида миш-мишлар юрибди...
- Биласизми, дунё миш-мишга тўла. Бу гап-сўзлар биз иш бошлаётган пайтда бошланган. Бизга Кубокда финалгача бориш кераклиги ҳақида айтишган эди ва буни уддаладик. Бугунги учрашувда 12 та маҳаллий футболчи майдонга тушди ва бу ўзгаришлар бошланганидан далолат. Раҳбарият томондан таркибни янгилаш ва 80 фоиз маҳаллий футболчилар тўп суриши кераклиги вазифа қўйилди. Бу миш-миш эмас. Ҳозир кўплаб жамоалар таркибни ёшартириш билан шуғулланмоқда. Улар келажакда лидерларга айланади, деган умидимиз бор. Бугун 4 та аввал ҳеч қаерда кўринмаган футболчиларга имкон берилди. Иқтидорли йигитлар. Улар берилган вазифани тўлиқ уддалади.
Фикрлар