"Севинч" жамоаси бош мураббийи: "Илк бор Қарши шаҳри Ўзбекистон кубоги финалига мезбонлик қилмоқда..."
Бугун Қарши шаҳридаги “Марказий” стадионда аёллар футболи бўйича Ўзбекистон кубоги финали олдидан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унинг биринчи қисмида “Севинч” жамоаси бош мураббийи Владислав Хан ҳамда етакчи футболчилар Маҳлиё Сарикова ва Саида Галимова иштирок этди.
Хан: “Севинч” жамоасида 20 йилдан буён фаолият олиб бораётган бўлсам, илк бор Қарши шаҳри Ўзбекистон кубоги финалига мезбонлик қилмоқда ва бундан жуда ҳам хурсандман. Табиийки, эртага футбол байрами бўлади ва мухлислар ҳам кўп бўлади.
“Бунёдкор-W” билан анча вақтдан бери рақобатлашиб келамиз. Ҳозирги кунда ушбу жамоада “Севинч”нинг олти нафар тарбияланувчиси тўп тепади. Рақиб таркибида кўп нарсаларга қодир бўлган футболчилар бор ва ҳурмат билан ёндашамиз. “Қалдирғочлар”га қарши баҳслар доим оғир ўтган.
Албатта, рақибни яхши ўрганиб чиққанмиз. Шундай бўлса-да, ўз ўйинимизни кўрсатишга ҳаракат қиламиз.
Йиллар давомида “Севинч” етакчи жамоа бўлиб келган. Йил аввалида жамоа олдига шонли мавқеини тиклаш вазифаси юклатилган эди. Шогирдларимга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Улар барчасини тўғри қабул қилишди. Ўйлашимча, чемпионликка ҳақли эдик".
Сарикова: "Кайфиятимиз аъло даражада. Эртанги учрашувга тайёрмиз. Буни қизларнинг машғулотлардаги ўзларига бўлган ишончидан ҳам сездим".
Галимова: "Финалда барчаси ўз қўлимизда. Энг яхши ўйинимизни намойиш этишга ҳаракат қиламиз".
Хан: "Мамлакат чемпиони сифатида келгуси мавсум клублар ўртасидаги Осиё чемпионатида иштирок этамиз. Халқаро майдонда муносиб иштирок этиш учун, албатта таркибни кучайтиришни мақсад қилганмиз.
“Насаф” бу мавсум кубокни қўлга киритди. Биз эса муддатидан олдин чемпионликни нақд қилдик. Ҳар иккала жамоа “олтин дубл”га эришиш учун жуда ҳам яқин турибди. Албатта, буни жуда ҳам истаймиз ва ҳаракат қиламиз.
“Севинч” – терма жамоа базаси сифатида ташкил этилган. Жамоа яхши футбол мактабига ҳам эга бўлган. Бугунги кунда этакчи жамоаларда ҳам Қарши клуби тарбияланувчилари тўп тепади. Шу боис, “Севинч” доим ўз олдига юқори мақсадларни қўйиб келган ва катта тарихга эга жамоа саналади", - деди бош мураббий.
Эслатиб ўтамиз, “Бунёдкор-W” ҳамда “Севинч” жамоалари ўртасидаги Ўзбекистон кубоги финали эртага “Марказий” стадионда соат 16:00 да старт олади.
Манба: ЎзПФЛ матбуот хизмати.
Фикрлар