Шаҳбоз Эркинов: Клубларни ўзгартираверишдан чарчадим, буни мухлислардан эшитиш оғир

“Бунёдкор”да тўп сурган ҳужумчи Шаҳбоз Эркинов янги мавсумни қаерда ўтказади? Одатда у фаолиятида клубларни кўп алмаштиргани билан ҳам яхши танилган. Аммо шуни ҳам унутмаслик жоизки, Эркинов тажрибали ҳужумчилардан бири. Sports.uz мухбири эса Шаҳбоз билан бир қатор мавзуларда суҳбат уюштирди.

- Ўтган йилги чемпионатдан хулоса чиқарган ҳолда янги мавсумдан нима кутяпсиз? Олдингизга қандай мақсад қўйяпсиз?

- Олдимга қўйган мақсад – қайси клубда бўлсам ҳам фойдам тегиши, ғалабаларига ҳиссамни қўшишим, ҳужумчилигимни ҳисобга олиб, голларим билан ҳам ёрдам беришни хоҳлайман. Қанча кўп гол урсам жамоамга шунча кўп очко олиб келган бўламан. Албатта, жароҳатларсиз тўп суриш муҳими. Жароҳат олсак, жамоага фойдамиз ҳам тегмай қолади.

- “Бунёдкор”даги муаммо ва камчиликларни ҳисобга олсак, қайд этган 4-ўринни қониқарли деб ҳисоблаш мумкинми?

- Жуда яхши. Ўтган йилги жамоанинг ичидаги ҳолат учун бу ажойиб кўрсаткич. Катта ютуқ ҳисоблайман. Аммо бу “Бунёдкор” жамоаси учун ҳеч қанақа ютуқ эмас. Медалларсиз қолган кам сонли мавсумлардан бири бўлди. Чунки ҳар доим совринлар учун курашиб келган. Оиладаги гапни кўчага ташишни истамаганим каби, клубдаги ички ҳолатни ҳам ташқарига олиб чиққим келмаяпти. Ваҳоланки, клуб ичидаги ҳолат учун 4-ўрин жуда яхши натижа.

эркинов3

- Ичкаридаги вазият нима билан боғлиқ? Ички муҳитми ёки раҳбариятнинг эътиборсизлигими?

- Ички муҳит ажойиб. Кўп жамоаларда тўп сурганман. Футболда анча йилни босиб ўтдим. “Бунёдкор”даги муҳит чиндан ҳам яхши эди. Менимча, муҳитнинг ижобийлиги учун ҳам натижа шунчалик даражада бўлди. Вақти келганда пулсиз ўйнаганимизни қўя турайлик, ҳаттоки, овқатсиз ҳам ўйналган пайтлар бўлди. Мана шундай вазиятда ҳам шунчалик натижанинг бўлиши бу ички муҳитнинг яхшилигидан. Клуб эътиборсиз қолиб кетганини барча билди. Фақат футболчилар эмас, бутун бошли “Бунёдкор”. Клубда салкам 200-300 атрофида одам ишлайди. Майли, ўйинчилар эплаб пул топиб турар. Бу ёқда фаррошлар, идиш ювадиган, овқат пиширадиганлар, кирларимизни ювадиганлар...Улар ҳам эътиборсиз қолиб кетди-да. Шуларга қаттиқ ачиндик.

- Тўғри, футболчилар овқатсиз қолиб кетгани ва ўзлари пул йиғиб қорин тўйдиришганини эшитгандим...

- Бу бўлган нарса. Клубда кўп футболчилар тошкентлик. Вилоятдан келган ўйинчилар ҳам бор. Базада яшайдиган йигитлар ҳам бор-да. Кейинчалик биз ҳам эшитдик, ўзлари ёнидан овқатланишганини. Ҳамма ўзича ҳақ. Кимдир футболчилар кеч келган дейди, кимдир ошпазлар барвақт кетиб қолган дейди. Хуллас, овқатсиз қолган пайтлари бўлган.

эркинов5

- Ҳозирда клубдаги вазият қандай?

- Ижобий ўзгариш бўляпти. Масалан, ойлик маошларни деярли ҳал қилишди. Мукофот пуллари қолган, шуларни ҳам кутяпмиз. Сабр қилиб кутиб турибмиз.

- Оғир кечган мавсумдан кейин клубни ўзгартириш ҳақида ўйламаяпсизми?

- Менга қолса, клубни ўзгартиравериб чарчадим. Шу пайтача фақатгина ўз хоҳишим билан жамоани ўзгартирдим дея олмайман. Қаердир менга талаб бўлмаган, яна қаердадир менинг талабимга тўғри келмаган. Масалан, жиддийроқ мақсади бор клубдан таклиф бўлганида кетганман. Мисол учун “Насаф” билан чемпионлар лигасида тўп суриш, чемпионатда совринли ўринлар учун курашишни истаганман, “Пахтакор”да ҳам шундай. Талаби каттароқ клубга борганим ўсишни истаганим бўлган. Мураббий алмашса, унинг услубига мос тушмаслигингиз мумкин. Ўзимга ҳам клубларни хадеб алмаштириш ёқмайди. Мухлислар ҳам менга бу ҳақида кўп гапиришади. Буни эшитиш ўзимга ҳам оғир ботади. Масалан, корхонада ишлайсиз, аммо сизга ойлик маош тўламаса, бу ёқда оила, ота-она, бола-чақачи? Уларни нима билан боқасиз? Одамлар гапирмасин садоқатли бўлайлик деб юрамизми? Қоринни тўйдирадиган садоқат бўлса майли, лекин унақаси йўқ-ку. Ҳеч қачон яхши жойни ташлаб кетмайсиз. Талаб бўлсаки, яхши жойдан кетмайсиз. “Бунёдкор”да ҳам қолиш ниятим бор. Вазият нима бўлишини кутяпмиз.

эркинов6

- Сизга “Андижон”дан таклиф бўлганини эшитдим. Бунга қандай қараяпсиз?

- Бу ҳақида ҳозирча ҳеч нарса демаганим яхши. Тўғри, алоқага чиқишди, гаплашдим. Лекин ҳозирча бу хусусида ўйлагим келмаяпти. Нима бўлишини вақт кўрсатади. Нима қиламиз, тўйдан олдин ноғора чалиб. Сизларнинг таъбирингиз билан айтганда, воқеалар ривожини кузатамиз.

- Футболчи билан бир йиллик шартномаларнинг тузилиши томонларнинг бир-бирига ишончи юқори эмаслигидан дарак берадими?

- Бир хил жамоаларда раҳбарлар футболчига ишонмайди, ўйнаб кета олишига. Баъзида ўйинчилар хоҳлашмайди. Бундай шароитда кўпроқ йилга шартнома тузгиси келмайди. Шунингдек, ёш масаласига ҳам боғлиқ. 30 дан кейин икки-уч йиллик шартномалар тузилмайди. Қани, кейин кўрамиз, гаплашамиз дейишади. Кўп йиллик битим тузиш фақат футболчига боғлиқ эмас. Ўзим бир неча йилга шартнома тузиш тарафдориман. Ҳеч бўлмаса икки йилга битим имзоласа бўлади. Мураббийни услубига мослашишига 2-3 ой, 6 ой, ҳатто айрим ёшларга 1 йил вақт кетади. Бу Европада ҳам бор нарса. Бу бир томондан мураббийга ҳам қийин. Ёшларни эса мавсум тугаганда хаёли чалғийди, бошқа клублардан таклифлар тушса. Ўйин ҳақида ўйламай қолиши мумкин. Агар икки-уч йиллик шартномаси бўлса хотиржам равишда ҳеч нимага чалғимасдан фақат ўйини ҳақида ўйлайди. Агар жароҳат олса ҳеч кимга керак бўлмай қоламан, деган тушунча пайдо бўлади. Бу бизнинг футболимизда ачинарли ҳолат. Агар шартномаси бир неча йил бўлса, жароҳат олса ҳам безовталанмайди, чунки даволанишга ва майдонга қайтишига ишончи ҳам, вақти ҳам бўлади.

эркинов

- Сиз бирор клуб билан шартнома тузишдан аввал раҳбарларга қанчалик ишонасиз?

- Табиатан бўлса керак, анча ишонувчанман. Шунинг учун бундан кўп куяман. Менда ишонмаслик деган нарса йўқ. Ҳозирги ҳаётда эса бу камчилик бўлиб қолди. Бу борада кўп панд егандан кейин ишонмаслик туйғуси пайдо бўларкан. Одамгарчиликка борамиз ва алдамаса керак деб фикрлаймиз ва ишонаверамиз. Фақат раҳбарларга нисбатан эмас, умуман ҳаётда демоқчиман.

- Вадим Абрамовсиз “Бунёдкор”даги машғулотлар қандай ўтяпти?

- Ўша машғулотлар. Олдинги мураббийлар бошчилигида ишлаяпмиз. Деярли ҳаммаси ўша. Ҳозирча Абрамов пайтидаги машғулотлар. “Бунёдкор” ёш жамоа. Пул тўламаяпти деб футболчилар машғулотларни ташлаб қўйгани йўқ. Клуб менга жуда ёқди. Шунинг учун ҳам улар ўсяпти.

эркинов1

- Лекин бир қатор иқтидорли ўйинчилар клубдан кетишяпти...

- Ҳа, шуниси ачинарли. Албатта, одамни кўнглини хира қилади. Тайёр жамоа эди, шаклланиб қолганди. Агар таркибни сақлаб, яна 4-5 та ўйинчи олинганида рақобат ҳам ошарди. Бошқалар ҳам бўшашмасди. Бошқатдан жамоа тайёрлаш керак. Лекин ўрнини босадигалар бўлади. Фақат бунга вақт керак. “Бунёдкор”дан кетган ҳозирги йигитлар ҳам қачондир етакчиларнинг ўрнини тўлдиришган. Шунга ўхшаб ҳозирги кетганларни ҳам ўрнини тўлдирадиганлар бўлади. Лекин қийин бўлади.

- Шаҳбоз Эркиновни яна қанча вақт майдонда кўришимиз мумкин?

- Худога шукр, соғлигим яхши, куч-қувватим бор. Муҳими, жамоага фойдам тегишини сезгунча ўйнайвераман. Агар ёрдамим тегмаётганини сезсам, шунда тугатиш вақти келганини тушуниб етаман. Лекин футболга муҳаббат бор, буни ёшим ўтган сари ҳис қиляпман. Масалан, бир ҳафта дам олсак, дарров тўпни соғинамиз. Борган сари майдонда тўп суришга иштиёқ юқорилигин сезяпман, буни қадрига етяпман.    

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!