Шаҳбоз Умаров – Туркияда!

Ўтган мавсумда “Энергетик-БГУ” таркибидаги ишончли ўйинлари билан Беларусь чемпионатининг кашфиётларидан бирига айланган ўзбекистонлик легионер Шаҳбоз Умаров янги мавсумни БАТЭда ўтказади.

Борисов шаҳри жамоаси раҳбарияти ўтган ёзда ҳамюртимиз билан шартнома имзолаган бўлса-да, Шаҳбоз мавсумни “Энергетик-БГУ” таркибида якунлади. Хусусан, легионеримиз минсклик талабаларнинг мавсумдаги барча учрашувларида қатнашган ягона футболчи бўлди. У 30 та учрашувда рақиблар дарвозасини тўрт маротаба ишғол қилиб, жамоадошларига учта голли пас узатди.

551783_original

Беларуснинг 15 карра чемпиони сифатида рекорд ўрнатган БАТЭ янги мавсумда ҳам олтин медаль учун курашиши кутилмоқда. Чемпионлик учун курашда борисовликларга худди ўтган йилгидек Солигорскнинг “Шахтёр” жамоаси рақобат қилади. “Кончилар” таркибида ҳам ўзбекистонлик легионер Шаҳзод Убайдуллаев бор. У солигорскликлар сафида ўтган йилги чемпионат қаҳрамони бўлган Жасур Яхшибоевнинг йўқлигини билдирмаслиги керак.

БАТЭ мавсумга жиддий тайёргарлик кўрмоқда. Дастлабки йиғинни ўз юртида ўтаган БАТЭ футболчилари 4 февралдан хорижий ўқув-машғулот йиғинларига киришди.

Маълумотларга қараганда, борисовликлар Туркиядаги йиғинни 27 январдан бошлаши режалаштирилган эди. Бироқ, айрим сабабларга кўра, жамоа Белек шаҳрига 3 февраль куни йўл олган ва машғулотларга 4 февралдан киришади.

“БАТЭ Туркияда йиғин ўтказиш учун катта ташкилий ишларни амалга оширишига тўғри келди. Клуб делегациясининг хорижий ўқув-машғулот йиғини билан боғлиқ молиявий масалалар ўтган йиллардаги каби БАТЭнинг ўзи ишлаб топган маблағлар эвазига ҳал қилинди.

Жамоани янги мавсумда жиддий синовлар ва юқори мақсадлар кутиб турганини инобатга олиб, футболчилар учун тайёргарлик босқичида кучли рақиблар билан табиий чим билан қопланган майдонларда ўртоқлик учрашувларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилади", - дейилади БАТЭ матбуот хизмати тарқатган баёнотда.

Бош мураббий Виталий Жуковский бошчилигидаги мураббийлар штаби Туркия йиғинига қуйидаги футболчиларни жалб қилди.

Дарвозабонлар:  Андрей Кудравец, Антон Чичкан, Денис Шербицкий;

Ҳимоячилар: Дмитрий Бессмертный, Борис Копитович, Семен Лазарчик, Владислав Малькевич, Данила Нечаев, Павел Рибак, Никита Супранович, Александар Филипович, Яков Филипович, Алексей Шалашников;

Ярим ҳимоячилар: Виллюм Виллюмссон, Сергей Волков, Станислав Драгун, Павел Нехайчик, Алексей Носко, Павел Пашевич, Шаҳбоз Умаров, Евгений Яблонский;

Ҳужумчилар: Неманья Милич, Антон Сарока, Николай Сигневич, Максим Скавиш.

Таъкидлаш жоизки, Беларусь клубларининг хорижда йиғин ўтказиши қийин. Мамлакат спорт вазирлиги давлат томонидан молиялаштириладиган клубларнинг машғулот ўтказиш учун четга чиқишига йўл қўймайди. Аввалроқ, спорт вазирлиги БАТЭнинг ҳам мамлакатдан ташқарида машғулот ўтказишига рухсат бермаган эди. Айни пайтда “Шахтёр” Бирлашган Араб Амирликларида, БАТЭ ва “Рух” Туркияда, Минскнинг “Динамо” жамоаси Россияда ўқув-машғулот йиғинини ўтамоқда. Бу клубларнинг ҳаммаси харажатларни ўзи ишлаб топган маблағлар ҳисобидан ташкил қилган.

125948_680_1

Белек шаҳридаги Cornelia Diamond меҳмонхонасига жойлашган Шаҳбоз Умаров жамоаси дастлабки ўртоқлик учрашувини 8 февраль куни Киевнинг “Динамо” клубига қарши ўтказади.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)