Шаҳобиддин Зоировнинг мураббийи Президентимизга қандай ваъда берганди?
Екатеринбургда бўлиб ўтган бокс бўйича жаҳон чемпионатидаги натижалардан барча хабардор. Боксчиларимиз барчани бирдек хурсанд қилганлиги турган гап. Мазкур жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритган ҳамюртимиз, Рио Олимпиадаси чемпиони Шаҳобиддин Зоировнинг ушбу натижаларни қайд этишида албатта, мураббийи Истам Кабиновнинг хизматлари беқиёсдир. Биз ушбу мураббий билан суҳбатда бўлдик.
Қуйида мазкур интервьюни эътиборингизга ҳавола этамиз...
- Аввало, ғалабалар ва ўзига ҳос совғалар муборак бўлсин!
- Рахмат.
- Доимо, енгил вазн тоифасидаги боксчилар билан ишлайсиз. Балки, оғир вазндаги истеъдодларни ҳам ўзбек боксига етиштириб бериш ниятингиз бордир?
- Ҳозирда, оғир вазнли ёш талантларни топиш жуда ҳам қийин бўлиб қолди (кулади). Албатта, бундай мақсадларим ҳам бор.
- Шогирдларингиз, Аскар Мамедов, Шаҳобиддин Зоиров, Халим Утегеновлар енгил вазндаги жуда тезкор боксчилар... Машғулотлар жараёнларида сизга жуда қийин бўлса керак?
- Албатта, жисмоний ҳолатим оғир вазн тоифасидаги боксчиларга тўғри келсада, бундай енгил вазндаги ёшлар билан ишлаш жуда қизиқарли бўлади. Мослашиб кетганман. Анча йиллар аввал, Аскар Мамедов билан ишлаганман. Шаҳобиддин, Халим Утегеновларни ҳам қўлдан келганча табиялашга ҳаракат қилиб келмоқдаман. Шубҳасиз, қийинчиликлар бўлади.
- Шаҳобиддин Зоировнинг илк олдингизга келган онларини қандай хотирлайсиз?
- Биласизми, адашмасам 8-9 ёш эди. Дастлаб, жуда кичкина бўлган ва мен унга кейинроқ келишини айтганман. У бўлса, келаверган. Унда курашга чанқоқлигини, боксга меҳри баландлигини ўшандаёқ сезгандим.
- Баъзан устоз ва шогирд ўртасида совуқ муносабатлар юзага келиб қолади. Бундай ҳолатларга жуда кўп гувоҳ бўлганмиз. Шаҳобиддин ва сиз ўртангизда бундай вазият юзага келмаганми?
- Хеч қачон бўлмаган ва бўлмайди ҳам. Тўғри, машғулотлар жараёнида қаттиққўллик қиламан. Лекин бу мураббий ва шогирд орасидаги табиий жараён деб ҳисоблайман. Шогирдларим ҳам бундай ҳолатни тўғри тушунади.
- Шаҳобиддин профессионал боксда ҳам фаолият юритмоқда. Мазкур йўналишдаги жангларга ҳам ўзингиз тайёрлайсизми?
- Албатта. У шартнома тузган промоутерлик компаниясида шундай бандлар ҳам ўрин олган. Яъни барча жангларга ўзим тайёрлайман.
- Бухоро вилояти ҳокими томонидан автомобил билан тақдирландингиз. Рио Олимпиадасидан сўнг, шогирдингизни ўзи ҳам сизга махсус совға тақдим этган экан...?
- Нима демоқчи эканлигингизни тушундим. Бунинг сирли томони йўқ. Дарҳақиқат, у “Каптива” русумидаги автоуловни совға қилган эди. Фурсатдан фойдаланиб, Бухоро вилояти ҳокимига ўз миннатдорчилигимни билдириб қоламан.
- Екатеринбургдаги жаҳон чемпионатида Шаҳобиддин учун энг мураккаб жанг қай бири бўлди деб ўйлайсиз?
- Барчаси ўзига яраша қийин бўлди. Осон жанг бўлгани йўқ. Лекин алоҳида биттасини ажратиб ўтадиган бўлсак, ҳиндистонлик Амит билан бўлган баҳс мен учун жуда қийин бўлганга ўхшади.
- Умуман жаҳон чемпионатидан аввал ҳам Амит асосий рақиблардан бири сифатида эътироф этилган эди. Балки, унинг жанг олиб бориш услубларини ўрганган бўлсангиз керак?
- Алоҳида интернет орқали жангларини кўриб, ўрганиб чиққан жиҳатим йўқ. Шунчаки Шаҳобиддинни салоҳиятга шубҳа қилмаганман.Қолаверса, ўз йўлимизда тайёргарлик жараёнларини давом эттирдик.
- Жаҳон чемпионатидаги муваффақият, Токио Олимпиадаси йўлида ҳам Шаҳобиддин танловида тўхталишига кафолат бўлади деб ўйлайсизми?
- Олимпиадага қадар анча вақт бор. Шунчаки биз тўхтаб қолмаслигимиз керак. Мамлакатимиз боксини оладиган бўлсак, бу вазн тоифасида жуда кучли рақобат мавжуд. Шундай экан, биз ўз йўлимизда давом этишимиз лозим.
- Истам ака Когондаги бокс залига асос солинишига шаҳсан юртбошимизнинг ўзи сабабчи бўлган экан?
- Албатта, бу ўзига ҳос тарих бўлган десам янглишмаган бўламан. Хабарингиз бор, Когонда бир неча йиллар аввал харбий қисмда портлаш юзага келган, жуда таҳликали ҳолат эди. Ўшанда муҳтарам юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев Когонга ташриф буюрган. Ўша вақтлар бош вазир эдилар. Когон аҳлига қандай ёрдам керак бўлса, муаммолар борасида айтинглар деган. Ўшанда мен олдига боришга ҳаракат қилганман. Лекин мени яқинлаштиришмаётган жараёнда юртбошимиз кўриб қолган ва қўйиб юборишларини айтган. Шунда зал керак эканлигини, имкони бўлса бу борада ёрдам беришларини сўраганман. Президентимиз албатта яхши, замонавий бокс зали қуриб беришларини ва очилиш маросимига шахсан ўзи келишини айтган. Шу сабаб, бокс залимиз бунёд этилган.
- Очилиш маросими қандай ўтган эди?
- Жуда ажойиб, чунки юртбошимизнинг ўзлари келиб, бокс мажмуасини очилиш маросимида иштирок этганлар. Шунда бу ишончни суистеъмол қилмаслигимизни, насиб қилса бу даргоҳдан Олимпиада, жаҳон чемпионлари етиштириб беришга ваъда берган эдим. Ўйлайманки, буни уддасидан чиқдим. Хуллас, юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг ташаббуси билан очилган зал ўз меваларини бермоқда.
Истам Кабинов ҳамда Шаҳобиддин Зоировнинг тўлиқ тарздаги интервьюсини YouTube каналимиз орқали тез орада томоша қилишингиз мумкин...
Аҳмадбек ЭШМАТОВ тайёрлади.
Фикрлар