Шаҳрам Ғиёсовнинг GFC 20 турнири ҳақидаги таассуротлари ёхуд у қандай воқейликка ишонмоқда?

  • 26 ноябрь, 2019, 14:38
  • 0
  • Бокс

23 ноябрь куни юртимизда илк маротаба ММА борасида жанг кечаси бўлиб ўтганидан хабарингиз бор. GFC нинг юбилей йигирманчи турнири юқори даражада бўлиб ўтди. Мазкур жанг оқшоми борасида фақатгина ижобий фикрлар билдирилмоқда.  Жумладан, айни вақтда профессионал боксда мағлубиятсиз одимлаётган, ҳаваскорда эса фақатгина ҳавас қилгулик натижалар қайд эта олган юртдошимиз  Шаҳрам Ғиёсов ҳам ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.

- Жуда ҳам ажойиб тарзда ўтди. Ташкилотчилик ҳам юқори савияда бўлган. Жаҳон ММА ва бокс юлдузларининг ташрифи эса ушбу жанг кечасига янада кўрк бағишлади. Рой Жонснинг сахнага чиқиб, ашула айтиши мухлисларга завқ бағишлади десам янглишмаган бўламан.

 Хабиб Нурмагомедов, Рой Жонс, Жефф Монсон, Фрэнк Мирлар жаҳон тан олган спортчилар ҳисобланади. Уларнинг ижтимоий тармоқларда миллионлаб мухлислари бор. Барчаси Instagram, Facebook даги шахсий саҳифаларга ушбу кечани жойлашмоқда. Бу дегани бутун жаҳонга юртимиз ҳақидаги ижобий ҳолатларни, бундай турнирларни юқори савияда ўтказа олишини намоён этади.

Айниқса, туркиялик ошпаз, интернет юлдузи Нусрет Гёкчени ташрифи ҳам бу борада бир ютуқ бўлди деб айта оламан. Чунки, унинг интернет оламида қанчалик машҳур эканлигини яхши билсангиз керак.  Айнан шундай омиллар юртимиз имиджини янада оширади.
Туризмни ривожлантиришда ҳам муҳим ўрин тутади. Ўйлайманки, бу ҳали бошланиши, вақти келиб, UFC турнирлари ҳам Ўзбекистонда ўтишига ишончим комил. Жанглар ҳам бир-биридан қизиқ бўлди. Барчасига омад ёр бўлишини тилаб қоламан!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!