Шаҳриёр Жўраев Америкада жанг қилади!
Юртимиз яккакураш оламида тобора танилиб бораётган "Team Temur Kurbanov” клуби вакили, муайтай, кикбоксинг йўналишларида олти карра жаҳон чемпиони Шаҳриёр Жўраев кейинги фаолиятини АҚШда давом эттирадиган бўлди.
Ушбу ҳамюртимиз 12 йилдан буён отаси Шерали Жўраев қўл остида машғулотлар олиб бормоқда ва асосан жангларини хориждан ўтказиб келаётган эди.
Куни кеча, Шаҳриёр Америка промоутерлик компанияси билан шартномага қўл қўйди ва энди ММА йўналишида ўз омадини синаб кўради . Аслида, бу спорт тури ҳам Шаҳриёрга бегона эмас, у аввал ММА бўйича 4 та жанг ўтказган ва уларнинг 3 тасида ғалаба қозонганди.
Катта эҳтимол билан юртдошимиз океан ортидаги илк жангини 19 ноябрь куни ўтказади. Ҳозирда, ушбу жангга ММА бўйича Самарқанд вилояти катта мураббийи Сухроб Тагиев ҳамда юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, отаси Шерали Жўраев қўл остида машғулотлар олиб бормоқда.
Тез орада қайси промоушенда жанг қилиши ва ушбу янгиликка оид батафсил маълумотларни эътиборингизга ҳавола этамиз. Воқеалар ривожини бизда кузатиб боринг!
Ўз ўрнида эса Шаҳриёр Жўраевга Америка октагонларида омад ёр бўлишини тилаб қоламиз!
Фикрлар