"Шацких ва унинг штаби бўлажак учрашувдан кўп нарса кутилаётганини тушунишяпти, аммо раҳбарият бу ўйин ҳам ютқазилса кечирмаслиги мумкин" - 3-тур бошланяпти

Бугун Суперлигада 3-тур баҳслари бошланади. Ҳали ғалаба қозонмаган ва мағлуб бўлмаган клублар бор. Айниқса, амалдаги чемпион – “Пахтакор”нинг дастлабки иккита турда рақибларига ютқазиб қўйгани ва стартни бу каби омадсиз бошлаши кутилмаган ҳолат.

3-турда “Пахтакор” уйида турнир жадвалида фаворит бўлиб турган “Навбаҳор”ни қабул қилади. Бу Самвел Бабаян жамоасининг илк сафар учрашувидир. Улар иккита турни Наманганда ўтказиб рақибларини 3:0 ҳисобларида ютди. Қолаверса, яна бошқа қизиқарли жуфтликлар ҳам бор.

Таниқли мутахассислардан бири Жаъфар Ирисметов 3-тур олдидан жамоаларнинг имкониятларини баҳолади.

17 март

“Олимпик” – ОКМК

- “Олимпик” – ОКМК иштирокида жуда қизиқарли ўйинни кутяпман. Ўтган турда ОКМК кутилмаганда ютқазиб қўйди. “Бунёдкор”ни бўш демоқчи эмасман. Бу учрашувда ОКМК жамоасида мотивация кучли бўлади. Агар яна очко йўқотиладиган бўлса, етакчилардан қолиб кетиш хавфи бор. Чунки бу мавсумда олмалиқликлар ҳам чемпионлик учун курашса керак. “Олимпик” ижросида ҳам қизиқ ўйин кўряпмиз. “Пахтакор”ни ютди. 2-турда “Сўғдиёна”га қарши 10 киши бўлиб қолганида ҳам яхши ўйин кўрсатишди, ғалабага мос ўйнади. Фикримча, “Олимпик” – ОКМК ўртасидаги имконият 50\50. Суперлигада “Олимпик” футболчилари анча ўсди. ОКМКда тажрибали ўйинчиларнинг ва ижрочиларининг борлиги уларга ташаббусни тақдим қилиши мумкин.

окмк

“Бухоро – “Насаф”

- Шахсан “Насаф”ни иккита, “Бухоро”нинг битта ўйинини кўрдим. “Бухоро” биринчи учрашувда яхши таассурот қолдирганди. Ўшанда мураббийнинг хоҳлаган услуби, ўйиндаги чизмаси кўриниб турганди. Иккинчи учрашувини кўра олмадим. “Насаф” ўзининг услубида кўп ҳужумлар қиляпти. Аммо бу натижа бериши қийин бўляпти. Менимча, ҳужумчилар етишмаслигидан шундай бўлса керак. Назаримда, ушбу баҳсда “Насаф”нинг қўли баланд келади. Чунки уларга орқага йўл йўқ. Имкониятларни тахминан 40\60 деган бўлардим. Мавсум боши эканини ҳисобга олсак шундай баҳолайман. “Насаф” барибир таркиб бўйича кучлироқ.

“Пахтакор” – “Навбаҳор”

- Иккала жамоанинг иккитадан ўйинларини кузатдим. Ҳозирча “Пахтакор” илиқ таассурот қолдирмаяпти. Ўйиннинг ўзи йўқ, футболчиларнинг маҳорати ҳисобига курашишяпти. Лекин бу камлик қиляпти. Максим Шацких ва унинг мураббийлар штаби бўлажак учрашувдан кўп нарса кутилаётганини тушуниб туришибди. Аммо раҳбарият бу ўйин ҳам ютқазилса кечирмаслиги мумкин. “Пахтакор”да бундай старт ҳеч қачон бўлмаган. Ўйинчиларнинг ўзида ҳам мотивация кучли. Охирги 4-5 йил ичида “Навбаҳор” “Пахтакор” билан жуда жиддий рақобат ҳосил қилиб келмоқда. Ҳали “Навбаҳор”да ҳам ўйин бўйича нимадир дейишим қийин. Аммо иккита учрашувда футболчиларнинг маҳорати натижа берди. Рақибларини 3:0 дан ютишди. Ҳимояда муаммо бўлмаяпти. Ҳали гол ўтказиб юборишгани йўқ. Имкониятлар 50\50. Балки “Навбаҳор”да бироз ташаббус бўлиши мумкин. Намангандан кўплаб мухлислар келса керак. Шунинг ҳисобига “Навбаҳор”да озгина устунлик сезилиши мумкин. Лекин “Пахтакор”нинг ҳозирги аҳволидан келиб чиқиб, бирор-бир клубга устунлик беришим қийин. Бу ерда ҳам кўп нарса ўйинчиларнинг “настрой”ига боғлиқ бўлади. Қолаверса, бундай учрашувларда кўп нарса характерга ҳам боғлиқ.

навбаҳор янги1

18 март

“Сўғдиёна” – “Нефтчи”

- Нима десам бўлади? “Нефтчи”нинг иккала учрашувини кўрдим. Левченко яхши жамоа туза олди, деб ҳисоблайман. Кўрганларим орасида энг жамоавий ва тартибли ўйин кўрсатаётгани “Нефтчи” бўлса керак. Мураббийни тўлиқ кўрсатмаларини бажаришяпти. У ерда яққол ажралиб турган ўйинчини ҳозирча кўрмадим. Лутфулла Тўраев ва Анвар Ғофуров жароҳат олган. Лидерлар йўқлигини билдиришмасдан иккита ўйинда ҳам ютишди. “Нефтчи” кўтариляпти ва ютса керак, деб ўйлашлари мумкин. Лекин “Сўғдиёна”нинг иккита учрашувдаги муваффақиятсизлиги мураббийга ҳам таъсир кўрсатиши мумкин, айниқса, яна ютқазиб қўйса. Ёрқин Назаров бор маҳоратини ишга солиб ютишга ҳаракат қилади. Менимча, дуранг бўлади, деб ўйлайман. Бу жуфтликда кимгадир ғалабани бериш жуда қийин.

“Андижон” – “Бунёдкор”

- “Андижон” гарчи ўз майдонида ўйнамаса ҳам Андижондан мухлислари келиб қўллаб-қувватлайди, деб ўйлайман. “Сурхон” билан ҳам ёмон ўйин кўрсатмади. “Насаф”ни ютиб келган учрашувини кўргандим. Аммо ҳали ўйини бор деб ўйламайман. “Сурхон”га қарши беллашувини кўра олмадим. Анча гап-сўзлар бўлганини эшитдим. “Бунёдкор”ни ҳам кузатдим. Таркиби ёш бўлишига қарамасдан мураббийлар - Мурод Отажонов ва Ҳикмат Ҳошимов яхши тандемда иш олиб боришяпти. Назаримда, бу ерда дуранг бўлса керак. Иккаласи ҳам бир-бирига мос жамоа.

комилов андижон_1

19 март

“Металлург” – “Қизилқум”

- Тўғрисини айтсам, иккита бир-бирига мос жамоа. Ўйлашимча, “Металлург”нинг қўли баланд келади. Минимал ҳисобда ютса керак. “Қизилқум”нинг ўйинини кузатмадим. Бекободликларнинг эса иккала учрашувини кўрдим, жуда бўш. Аммо бўлажак баҳсга мураббий жамоани тайёрлай олса керак ва кичик ҳисобда “Металлург” ютади, деб ўйлайман. Улар дастлабки иккита турни бир хил 3:0 ҳисобида ютқазишди. Мураббий ҳимояга янада эътибор қаратади ва гол уришга ҳаракат қилишади. Балки 1:0 ҳисоби кузатилиши мумкин.

“Турон” – “Сурхон”

- “Турон” кетма-кет иккита учрашувда мағлуб бўлди. Ўйлашимча, “Бухоро” билан учрашувда футболчилар бош мураббий Бахтиёр Ашурматовнинг кўрсатмаларини бажаришмади. Натижада биринчи турда ўз уйида “Бухоро”га ютқазиб қўйишди. Иккинчи учрашувда “Насаф”га қарши муносиб ўйин кўрсатишди. Ҳимоявий ўйнаб, хавфли қарши ҳужумларга ўтишди. Фақат омад келмади. У ердан бир очко билан қайтиши керак эди. Фикримча, ушбу баҳсда “Турон”нинг қўли баланд келади. Чунки “Турон”нинг потенциали бор. “Сурхон”ни ҳали кўрмадим. Шу боис улар ҳақида бирор нарса дейишим қийин. Аммо ўтган турда “Андижон”ни ютди. Барибир “Турон” устун келса керак.

сурхон янги2

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!