Шерзод Каримов: "Олимпиакос"га кетмаганимдан афсусланмайман

Хабарингиз бор, Фарғонанинг “Нефтчи” клуби таркибини сезиларли даражада кучайтиришга эришяпти. Чиндан ҳам таклиф этилаётганларнинг аксарияти Суперлигада ўз ўрнига эга бўлган футболчилар ҳисобланади. Ана шундай ўйинчилардан бири Шерзод Каримов. Унинг “Нефтчи”да пайдо бўлиши ҳам кўпчиликнинг эътиборини тортди.

32 ёшли ярим ҳимоячи аслида фарғоналик. Аммо фаолияти давомида ҳали “Нефтчи” учун тўп суриш насиб қилмаганди. Ниҳоят, 2021 йилга келиб, Каримов ўзи учун бегона бўлмаган жамоа шарафини ҳимоя қиладиган бўлди. Ўз навбатида, Шерзод Каримов sports.uz порталига “Нефтчи”га қўшилишининг сабабини қуйидагича тушунтирди:

- “Нефтчи” жамоаси мавсумга ўзгача иштиёқ билан тайёргарлик кўряпти. Мени бу клубга бош мураббий Илҳом Мўминжонов таклиф қилди. Яширмайман, клубдаги ўзгаришлар туфайли ўзимда ҳам “Нефтчи”да тўп суришга қизиқиш бўлди. Қолаверса, ўзим фарғоналикман. Боя айтганимдек, бу ерга Мўминжонов сабабли келдим. Энди эса, Фарғона футболига ёрдам берадиган пайт келди, деб ўйлайман.

каримов3

Ҳозирданоқ “Нефтчи” про-лигада асосий фаворит сифатида тилга олинмоқда ва Суперлигага чиқиш учун бош даъвогар қилиб кўрсатилмоқда. Тўғри, ҳали мавсум бошланмаган, олдиндан нима бўлишини айтиб бўлмайди. Шундай бўлса-да, “Нефтчи” футболчиларида ишонч катта. Буни Шерзод Каримовнинг билдирган фикрлари орқали ҳам билиб олиш мумкин.

- Биз Фарғона футболини тиклаш учун жиддий ҳаракат қиляпмиз. Айниқса, “Нефтчи” клубининг олдинги мавқеини тиклашимиз лозим. Жамоамизни Суперлигага қайтаришимиз жуда муҳим. Бу мақсадимизни амалга оширишга ишончимиз катта. Бир сўз билан айтганда, “Нефтчи”ни Суперлигага олиб чиқамиз, деб айта оламан. Шунинг учун ҳам бу ерга келганман, - дейди Каримов.

Шерзоднинг фаолиятида “Пахтакор” катта ўрин тутади. Қарийб 9 йил давомида у ушбу жамоа шарафини ҳимоя қилиб келган. У ерда  бир қатор совринларни ютди. Турли ёшдаги терма жамоалар сафида халқаро майдонларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди. Ўз вақтида, уни легионер сифатида хорижда тўп суришининг эҳтимоли ҳам юқори эди.  

каримов_1- Ҳа, тўғри менга хориждан таклифлар бўлган. Аниқроғи, Грециянинг “Олимпиакос” клубидан. Лекин ўша пайтда “Олимпиакос” билан “Пахтакор” келиша олмаган. Шу сабабли, “Пахтакор”да қолганман. Лекин шуни ҳам айтиб ўтишим керак, Европага кетмасдан “Пахтакор”да қолганимдан ҳеч қачон афсусланмайман. Нега деганда, “Пахтакор” – бу менинг уйим, - дея муносабат билдирди футболчи.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!