Шерзод Темиров: "Персеполис"нинг таклифини ўйлаб ўтиришга ҳожат бўлмади"
Ўзбекистон миллий терма жамоаси 25-29 март кунлари ўтказиладиган халқаро мусобақада қатнашади.
Тожикистон, Қирғиз Республикаси ва Уганда жамоалари иштирокида бўлиб ўтадиган мазкур ўртоқлик турнирига Наманган шаҳри мезбонлик қилади. Бугун Сречко Катанец бошчилигидаги жамоамиз Тошкентдаги "Локомотив" стадионида машғулотларни бошлади.
ЎФА матбуот хизмати жамоамиз легионери Шерзод Темировнинг фикрлари билан қизиқди:
"Ҳеч кимга сир эмаски, "Персеполис" Осиёнинг энг кучли жамоаларидан бири ҳисобланади. Уларнинг таклифини ўйлаб ўтиришга ҳам ҳожат қолмади. Манфаатли шартнома беришди ва фаолиятимни Эронда давом эттиришга қарор қилдим.
Менинг трансферимни шахсан бош мураббий ва клуб президенти истаган экан. Мослашув жараёни қийин кечмаяпти, боиси шерикларимнинг деярли барчаси ёши катта ва тажрибали футболчилар. Улар мени яхши кутиб олди.
Худо хоҳласа, менга билдирилган ишончни тўлиқ оқлашга ҳаракат қиламан. Ҳиссиётларимни сўз билан ифодалаб бера олмайман. Иккинчи бор миллий терма жамоадан чақирув олдим. Легионер сифатида эса, бу биринчиси.
Намангандаги турнирда яхши иштирок этиб, юртимиз байроғини баланд кўтаришга ҳаракат қиламан. Худо хоҳласа, Жаҳон чемпионатига ҳам чиқамиз!"
Фикрлар