Шоҳжаҳон Эргашев: Дунё спортчилари билан ишлаймиз

Хабарингиз бор, бир неча кун аввал профессионал боксда мағлубиятсиз одимини давом эттираётган ҳамюртимиз Шоҳжаҳон Эргашев катта лойиҳага қўл ургани ҳақида яъни, ўзининг "Shohjahon Promotions" промоутерлик компаниясига асос солганлиги борасида хабар берган эдик.

Биз боксчимиз билан боғланиб, ушбу лойиҳага оид бир нечта саволлар билан мурожаат қилдик.

Қуйида ушбу қисқача суҳбатимизни эътиборингизга ҳавола этамиз.

Промоутерлик компаниянгиз фақат боксга ихтисослашганми ёки бошқа яккакураш турлари ҳам режага киритилганми?

- Ассалому алайкум. Йўқ. Фақат боксчилар билан ишлашни мақсад қилганмиз. Ҳозирча бошқа спорт турлари режамиздан ўрин олмаган.

Энди бевосита ўзингизни жангларингизни ҳам ушбу компаниянгиз ташкил қиладими... “Salita Promotions” билан ҳамкорликчи?

- Албатта, ўзимнинг жангларимда ҳам "Shohjahon Promotions"нинг ўрни бўлади. Қайсидир маънода промоутерлик компаниямнинг жаҳон миқёсида юқори даражага чиқиши, танилиши учун ҳам ҳамкор сифатида иштирок этади. Ҳозирда, “Salita Promotions” билан шартномамиз узилиш арафасида... Кўрамиз яқин кунларда бошқа промоутерлик компанияси билан иш бошлаймиз. Катта эҳтимол билан “Top Rank” бўлиши мумкин. Агар, “Top Rank” томонидан жангларим ташкил қилинган тақдирда ҳам промоутерлик компаниямизнинг бевосита ўз ҳиссаси бўлади.

- Компания асосан эътиборини ўзбек спортчиларига қаратадими ёки географик худуд кенгроқ бўладими?

- Тўғриси, бутун дунё спортчилари билан ишламоқчиман. Айни дамда ўзбекистонлик боксчиларим бор. 7-8 нафарлари билан ҳозирда тайёргарлик ишларини олиб бормоқдамиз. Ойнинг охирида улар ўз жангларини ўтказишлари керак эди. Лекин барчага маълумки, коронавирус туфайли жанглар, шоулар тўхтатилди. Насиб бўлса, тез орада хорижлик боксчилар ҳам сафимизга қўшилади.

- Асосий мақсадингиз мижозларингизни нолдан бошлаб олиб чиқишми ёки таниқли боксчилар билан ҳам ҳамкорлик қиласизми?

- Энди, нолдан бошлаб олиб чиқиш профессионал боксда жуда қийин бўлади. Албатта, промоутерлик компаниямиз жаҳонда кучли даражага чиқа олса, таниқли боксчилар билан ҳам ишлаш истагидамиз. Бу ишни энди бошладик. Яратганни ўзи қўллаб-қувватлаб турса, аста-секин барчасига эришамиз. Ҳозирча, Ўзбекистон ва Россия чемпионлари билан ишлашни бошлаймиз.

- Агар, сир бўлмаса, илк мижозларингиз ҳақида маълумот бера оласизми?

- Юқорида таъкидлаб ўтганимдек, ўзбекистонлик ва Россия вакилларидан иборат 8 нафар мижозга эгамиз. Улар ҳақида тез орада алоҳида маълумот берамиз.

- Промоутерлик компаниянгиз томонидан ташкил этиладиган илк бокс оқшомини қаерда ўтказиш ниятидасиз?

Ўзбекистон ва Москва, тўғрироқ айтганда Россия ҳудудларида ўтказиш ниятидамиз. Яна шуни алоҳида таъкидлаб ўтган бўлардимки, "Shohjahon Promotions" ташкил қиладиган илк жанг кечасини шунчаки эмас, аксинча жаҳон талабларига жавоб бера оладиган даражада ўтказамиз. Бу борада ишларни бошлаганмиз. Насиб қилиб, коронавирус балоси даф бўлса, бу режаларни амалга оширамиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!