Шомуродов асосий ҳужумчи бўлиши керак!

Италиянинг тарихий шаҳри Генуя аҳолиси бугун иккига бўлинади. “Фонарь дербиси”да Генуянинг марказий қисмида истиқомат қилаётган одамлар учрашув мезбони “Женоа”га, шаҳар атрофидагилар эса “Сампдория”га мезбонлик қилади.

Ҳар икки жамоа ҳам уй учрашувлари битта майдон – “Луижи Феррарис” стадионида ўтказиши боис, мезбон-меҳмон атамаси жуда нисбийдир. Томонлар тўқнашувида майдон у қадар жиддий роль ўйнамайди.

shomurodov_0

Ўтган турда мусобақа пешқадами “Интер” майдонидан қақшатқич зарба еб қайтган “Женоа”нинг мухлислари бу гал футболчилардан фақат ғалаба кутмоқда. “Сампдория” ҳам аввалги турда ўз майдонида “Аталанта”га ютқазгани боис, тиффозилари олдида юзини ёруғ қилиш учун уч очкога  ўйнайди.

Бугунги муҳим учрашув олдидан “Женоа” мухлислари ижтимоий тармоқларда жамоа ўйини, хусусан, Элдор Шомуродов борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирмоқда.

Анъанага кўра, футбол ишқибозларининг Элдор ҳақидаги муносабатларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Luca Esposito:

“Интер”га қарши ўйинда жаноб мураббий бошланғич таркибда нега Жанлука Скамаккани туширганини ҳали ҳам тушунганим йўқ. Футбол ўйнашни унутиб қўйгани кўриниб турибди-ку. Қолаверса, жамоада Маттио Дестро ва Элдор Шомуродов каби аввалги ўйинларда гол урган зўр ҳужумчилар, “Наполи” дарвозасини икки бор ишғол қилган Горан Пандев борлигида Скамаккага ишонч билдирилиши ўзини оқламади.

Massimiliano Caserta:

Мен Баллардинини тушунмаяпман. Биз учрашувда мағлубиятдан қутилиб қолишимиз мумкин бўлган паллада ўйинга Элдор Шомуродов билан бирга Горан Пандевни туширди ва Дестрони захирада ушлаб турди. Оқибатда, рақиб дарвозаси дахлсиз қолди.

Giuseppe De Gregorio:

Шомуродовнинг анъанавий муаммоси – зўр ўйиндан кейин бир нечтасида яхши ўйнай олмаслигида. Аввалги турда гол урди ва кейин учрашувда ҳеч нарса қила олмади.

Marco Amitrano: (Giuseppe De Gregorio фикрига жавобан)

Сиз адолат қилмаяпсиз. “Интер”га қарши ўйинда бутун жамоа ўйнай олмади, фақатгина “эль узбеко” эмас. Бир футболчини айблашдан ҳеч қандай фойда йўқ.

155806947_4350141621663391_1110451989335801421_o

Salva Bartolo:

Ҳимоя чизиғи жуда ёмон ўйнади. Лекин ҳужумчилардан ҳам масъулиятни соқит қилиб бўлмайди. Скамакка умуман ишончни оқламади, захирадан ўйинга қўшилган  Шомуродов ва Пандев ҳам ўзини кўрсата олмади.

Peppe De Rosa:

Ўтган ўйинда Скамакканинг асосий таркибда ўйнагани хато экани аниқ кўринди. Шомуродов эса гол уриб, фойда келтиряпти, лекин Жанлука гавдасига қарамай, майдонда ҳеч нарса қилаётгани йўқ.

Alfonsa Malatesta:

Элдор бўш ўйнаяпти. Мен ундан “Верона”га ҳам кўпроқ гол уришини кутгандим.

Antonio Crispino: (Alfonsa Malatestaга жавоб)

Шомуродовга ўзини кўрсатиш учун кўпроқ вақт бериш керак. “Верона”га қарши учрашувда Элдор бир бўлим ўйнаган бўлса, “Интер”га қарши баҳсда 28 дақиқага майдонга тушди.

Италиянинг энг даҳшатли дербисида Шомуродов яна қаҳрамон бўлоладими?

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!