Шомуродов бугун гол уриши шарт!
Италия А Сериясининг 14-турида кутилмаган натижалар қайд этила бошлади. Хусусан, узоқ вақт охирги ўринда турган “Кротоне” ўз уйида “Парма”ни 2:1 ҳисобида енгиб, “Женоа”ни мусобақа жадвалининг тубига михлаб қўйди.
“Ювентус”нинг Туринда “Фиорентина”га йирик ҳисобда имкониятни бой бергани ҳам сенсация бўлди – 0:3.
Ушбу турда биз кутган ўйин Тошкент вақти билан тунги 00:45 да бошланади. Унда "Специя" - "Женоани қабул қилади. Учрашувга Специя шаҳридаги “Альберто Пикко” стадиони мезбонлик қилади.
Беллашувни бош ҳакам Давиде Масса бошқаради. Унга ён қанотларда Родолфо Ди Вуоло ва Фабио Скирру ёрдам беради. Захирадаги ҳакам Марко Пиччинини.
Бу баҳс аутсайдерлар дуэли, десак муболаға бўлмайди. Чунки ҳар икки жамоа ҳам юқори лигадаги ўрнини сақлаб қолиш учун курашмоқда ва тўғридан тўғри рақобатчи ҳисобланади.
Мавсумга яхши киришган дебютант “Специя”нинг ўйинида пасайиш бошланди. Клуб кетма-кет олти учрашувдан бери ғалаба нималигини билмаяпти. Бунинг устига специяликлар охирги бешта учрашувдан бери ўз дарвозасидан камида иккитадан тўп олиб чиқяпти. Дарҳақиқат, бу статистика ўйиндан олдин Элдор Шомуродовга илҳом бағишлаши керак.
“Женоа”нинг аҳволи “Специя”никидан ҳам ҳароб. Генуяликлар биринчи турда “Кротоне”ни йирик ҳисобда мағлуб этганидан бери ҳали бирорта ғалабани тантана қилгани йўқ. Бу жамоани мусобақага тайёрлай олмагани бош мураббий Роландо Маранга қимматга туши. Кутилганидек, у ишдан олинди.
Маълумотларга қараганда, клуб президенти Энрико Прецьози Маранга қийин вазифа юкламаган. У мавсум олдидан мураббийдан уни асабийлаштирмасдан, жамоани А Серияда қолишини таъминлашни сўраган холос. Бироқ вазифа уддаланишига ишонмаган клуб раҳбари бош мураббийликка доимий “ўт ўчирувчи” Давиде Баллардинини олиб келди. У тўртинчи уринишида ҳам жамоани юқори лигада олиб қолишига ишонч билдирилди.
“Специя”га қарши ўйинга жамоани янги мураббий тайёрлади. Бу мутахассис ҳужумчилар билан самарали ишлай олиши мақталмоқда. У Горан Пандев, Кшиштоф Пёнтек, Эдинсон Кавани каби юлдузларнинг ўйини очилишига катта ҳисса қўшган мураббий ҳисобланади.
Баллардинининг иш услуби ва характерини яхши билан экспертлар бу мутахассис “Женоа”нинг энг фаол ўйинчисига айланиб бораётган Элдор Шомуродовни юлдуз даражасига кўтара олишини алоҳида таъкидламоқда. Чунки, Давидега айнан Элдор типидаги, яъни баланд бўйли ва тезкор, ортга қайтиб, ҳимояга ёрдам беришдан қочмайдиган, тартиб-интизомли ва меҳнаткаш ҳужумчилар ёқади.
Қолаверса, ўзбекистонлик легионер янги мураббий тарғиб қиладиган 3-5-2 схемасини яхши ўзлаштирган ва бу усулга мослашган форварддир.
Умуман олганда, Шомуродов асосий таркибга лойиқ ва тўлиқ ўйнашга қодир эканини исботлаб қўйганига анча бўлди. Лекин аввалги мураббий унга етарлича вақт бермагани кўпчиликнинг асабини бузгани ҳам бор гап. Энди ҳужумчилардан унумли фойдаланадиган Давиде Баллардинидан легионеримизнинг янги қирраларини очишини кутамиз.
Бугун тунда бўладиган ўйин олдидан мутахассисларнинг аксарияти “Женоа”нинг имкониятини юқори баҳоламоқда. Бу биринчи навбатда, жамоага янги мураббий келгани футболчиларга ўзини кўрсатиши учун туртки бўлади ва жамоага қўшимча импульс бағишлайди. Бундан ташқари, кейинги учрашувларда генуяликларнинг ўйини кучайиб қолганини ҳам тан олиш керак. “Специя”да эса, илк учрашувларда кузатилган дебютантлик иштиёқи пасайиб бораётгани яққол сезилиб турибди. Гарчи бу жамоа хавфли ҳудуддан узоқроқ жойлашган бўлса-да, сўнгги поғонага тушиб қолган “Женоа” жон аччиғида мезбонларни хафа қилиб қўйиши мумкин.
Хуллас, тунда бизни қизиқарли ўйин кутиб турибди. Асосий таркибда майдонга тушиши кутилаётган Элдор Шомуродов эса, бугун гол уриши шарт!
Вазият шуни тақозо этмоқда...
Фикрлар