Шомуродов: Эрон билан баҳс Қирғиз Республикасига қарши ўйинга қараганда осонроқ бўлади

10 октябрь куни Ўзбекистон Миллий терма жамоаси "ЖЧ-2026" саралаши доирасида Эрон билан ўз майдонида баҳс олиб боради. Айни дамда футболчиларимиз Тошкентда йиғин ўтказмоқда. Бугун бўлиб ўтган жараён аввалида "оқ бўрилар" сардори Элдор Шомуродов журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берди: 

- Йигитлар тайёргарликни кеча бошлаган. Ҳаммаси яхши. Бугун мен илк машғулотни олиб бораман. Тобора кам вақт қолмоқда. Индинга ўйин ва мазкур баҳсга ҳамма тайёр. 

- Кечаги интервьюда Машарипов мураббий билан боғланиб турибмиз деганди. Айнан қандай усулда боғланиб турибсизлар? 

- Биринчи навбатда ёрдамчи мураббийлар бор. Албатта, Катанецнинг йўқлиги нохуш хабар. Бироқ ҳамма керакли кўрсатмаларни ёрдамчилари орқали етказиб турибди. Кеча айтишганидек, биз Сречко билан биринчи йил бирга эмасмиз. Ҳамма бир-бирини яхши тушунади. Шу сабабли ортиқча қийинчиликка дуч келмаймиз ва ҳаммаси яхши бўлади. 

- Керак бўлса, Катанецнинг ўзи билан ҳам гаплашаверамиз. Телефон бор, аммо ҳали бу ҳодиса содир бўлмади. 

- Эрон ва БАА билан ўйин ҳақида

- Биринчи навбатда Эрон билан ўйинимиз бор ва бунга жиддий тайёргарлик кўришимиз керак. Яхши томони шундаки, биз мухлислар кўз олдида ўйнаймиз ва ушбу икки баҳсда 6 очко қўлга киритишга харакат қиламиз. Ўйлайманки, бунга кучимиз етади. 

- Эрон билан баҳс гуруҳ пешқадамлигини ҳал қиладими? 

- Ҳали бу ҳақда гапиришга эрта. Сабаби, энди иккита тур бўлиб ўтди. Муҳими, 3 очко олиш. Бизнинг асосий вазифамиз - ЖЧга чиқиш. Биринчи ёки иккинчи ўрин билан, бу аҳамиятга эга эмас. 

- Дастлабки икки баҳсда ўхшаш учрашувлар билан ғалаба қозондик. Бироқ кейинги рақиблар анча жиддий. Бу вазиятда мураббийнинг йўқлиги бош оғриқ бўлмайдими? Умуман олганда, мазкур икки ўйинда тактик ўзгаришлар бўладими? 

- Албатта, аввалги услубда ўйнашда давом этамиз. Ҳеч қандай янгликлар бўлади, деб ўйламайман. Янги услуб учун кўп вақт талаб этилади. 

- Кучли жамоаларга қарши илк ўйинларни ўз майдонимизда ўтказишимиз фойдами ёки босим юклайдими? 

- Албатта, бу фойдамизга ишлайди. Ўз уйингда деворлар ҳам ёрдам беради дейишади. Эрон билан учрашув Қирғиз Республикасига қарши ўйиндан осонроқ бўлади. Сабаби, қўшниларимиз кўпроқ ҳимояда ҳаракат қилади. Форслар билан умуман бошқача баҳс бўлади. Сабаби, биз уларни яхши биламиз ва сўнгги йилларда кўп ўзаро баҳс олиб бордик. 

- Эрон бизга қарши қандай тактикада ўйнагани қулайроқ? 

Эрон қанақа ўйин кўрсатишидан қатъи назар ўзимизнинг ўйинимизни кўрсатишимиз муҳим. Ўзимиз хоҳлагандай ҳаракат қила олсак, уларнинг қандай ўйнаши аҳамият касб этмайди. 



 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!