Шомуродов жамоаси 100 йилдан бери “Милан”ни қийнаб келади!
Италия А Серияси ҳам ҳал қилувчи паллага кирди. Элдор Шомуродов ўйнаётган “Специя” чемпионат якунланишига тўрт тур қолганида хавфли зонага тушиб қолди.
Леонардо Семпличи шогирдлари сўнгги ўн олтита учрашувда фақат бир марта ғалаба нашидасини сурди. Лигурияликлар 10 март куни кутилмаганда “Интер”ни 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратди. Қолган учрашувларнинг барида “Специя” ғалабадан қуруқ қолиб, рақибларга очко улашди.
Хавфли зонадан анча узоқда турган “Специя” охирига келиб, қуйи лигага “йўлланма” берадиган 18-поғонага тушди. Энг яқин таъқибчи – “Верона” олти очколик фарқни йўқотишдан ташқари, “Специя”дан уч очкога ўзиб кетди.
Энди Леонардо Семпличи шогирдлари қолган тўртта учрашувда ғалаба учун ўйнаб, “Верона”нинг очко йўқотишини кутишга мажбур.
А Сериянинг 35-турида “Специя” футболчилари “Милан”ни қабул қилади. Миланликлар Европа Чемпионлар лигаси учун курашмоқда ва уларни ҳам Лигуриядаги бўлажак баҳсда фақат ғалаба қониқтиради.
Ҳар икки жамоани солиштирганда деярли ҳамма Италия грандларидан ҳисобланган “Милан”нинг устунлигини таъкидлаши табиий. Лекин статистикалардаги кўрсаткич жамоалар натижалари тенг эканидан далолат бермоқда.
Бу жамоалар рақобати бир асрдан ҳам олдин, аниқроғи 1921 йилда бошланган. Уч йил давомида А Серия баҳсларида “Специя” миланликларни уч маротаба мағлубиятга учратган. “Милан” икки марта ғалаба нашидасини сурган ва битта баҳс дуранг билан якунланган.
Шу билан “Специя” қуйи лигаларда юрди. Жамоа 2020 йилдан яна Италия чемпионати юқори дивизионига қайтди. Орадан юз йил зтган бўлса ҳам, лигурияликлар “Милан” билан тенгма-тенг курашяпти.
Янги асрда бу жамоалар Италия чемпионати доирасида яна беш марта ўзаро тўқнаш келди. Энди икки марта “Специя” ва уч бор “Милан” ғалаба қозонди. Шу тариқа, А Сериядаги 11 та учрашувда ҳар икки томондан бештадан баҳсни ўз фойдасига ҳал қилган ва бир марта дуранг қайд этгани тарих саҳифаларида муҳрланган.
Бўлажак ўйин олдидан ҳар икки жамоада йўқотишлар бор. Леонардо Семпличи жароҳат олиб сафдан чиққан Даниэль Мальдини, Симоне Бастони, Эмиль Хольм ва дисквалификацияга учраган Кевин Агудело ёрдамидан фойдалана олмайди.
Энг муҳим янгилик эса, жамоанинг асосий тўпурари Мбала Нзоланинг яна сафга қайтгани ва “Милан”га қарши ўйинга тайёр ҳолатга келганидир.
“Милан” рақиб майдонидаги ўйинда асосий тўпурари Рафаэль Леау ва етакчи ярим ҳимоячи Исмоил Беннасердан фойдалана олмайди. Бразилиялик легионер Жуниор Мессиас ва ярим ҳимоячи Раде Крунич ҳам миланлик учун катта йўқотиш ҳисобланади. Бу тўрт футболчи асосий таркиб ўйинчиларидир.
“Специя” ва “Милан” ўртасидаги учрашув 13 май куни Тошкент вақти билан 21:00 да бошланади.
Шомуродов ва Нзола "Милан"га қарши жасорат кўрсатиши керак!
Фикрлар