Шомуродов жамоасига яхши ва ёмон хабар!
Элдор Шомуродов “Рома”дан ижара асосида “Специя”га кўчиб ўтганидан кейин ўзбекистонлик футбол ишқибозлари ҳам Лигурия жамоасига мухлислик қила бошлади. Буни “Специя” ижтимоий тармоқларига қўшилган обуначилар сони ортганидан ҳам билиб олса бўлади.
Легионеримиз янги жамоасига А Сериядаги жойини сақлаб қолишида ёрдам бериши керак. Ўз навбатида, Элдорнинг ўзи ҳам асосий таркибга кириш учун курашишига тўғри келиши кўриниб қолди.
Шомуродовни “Специя”га таклиф қилган Лука Готти уни кетма-кет иккита баҳсда бошланғич таркибга киритган бўлса, бу мутахассис ўрнига янги бош мураббий этиб тайинланган Леонарде Семпличи дастлабки учрашувидаёқ асосий ҳужумчи сифатида Мбала Нзолани танлашини кўрсатиб қўйди.
Нзоланинг ўзи ҳам бой берилаётган ўйинда дубль қайд этиб, жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолди ва шу орқали жароҳатдан чиққанига қарамай, жойи асосий таркибда эканини исботлаб қўйди.
Дарҳақиқат, “Специя” бир неча етакчи ўйинчисининг жароҳат олиб, сафдан чиқиши туфайли қийин аҳволга тушиб қолганди. Тиббиёт бўлими вакиллари айрим футболчилар тиклана бошлаганини маълум қилди. Буни клуб раҳбарияти яхши хабар сифатида қабул қилди.
Хусусан, асосий ярим ҳимоячилардан Симоне Бастоне ва янги олинган польшалик легионер Шимон Журковски майдонга қайтиш арафасида турибди. Айниқса, оёғидан операция қилинган Бастоне кутилганидан тез тузаляпти. Умуртқа поғонасидаги оғриқ безовта қилган Журковски ҳам югуриш ва тўп тепиш машқларини бошлади.
Бу икки футболчи 10 март куни “Интер”га қарши баҳсда иштирок этиши мумкинлиги айтилмоқда. Бироқ, улар 5 мартга белгиланган “Верона” билан бўладиган тўқнашувда лигурияликларга ёрдам бера олмайди.
Айтиш жоизки, бўлажак учрашув “Специя” учун олти очколин баҳс сифатида таърифланмоқда. “Верона” хавфли ҳудуднинг энг юқори поғонасида турибди ва “Специя”дан уч очко ортда қолмоқда. Олдиндаги беллашувда “Специя”ўз мухлислари кўз ўнгида зафар қучса, “Верона” билан орадаги фарқни олтитага етказади ва нисбатан эркин нафас олиши мумкин.
“Верона” ғалаба қозонган тақдирда “Специя”нинг лигадаги жойини сақлаб қолиши янада қийинлашиб кетади. Хуллас, келаси якшанба Шомуродов жамоаси жорий мавсумдаги энг муҳим учрашувларидан бирини ўтказади.
“Специя”га битта нохуш хабар ҳам бор. Жамоанинг асосий ҳимоячиси Эмиль Холм ҳали даволанишни давом эттирадиган бўлди. Швециялик футболчига тиббиёт ходимлари кўпроқ ҳордич чиқариш ва тренажёр залида енгил машқларни бажаришни вазифа қилиб белгилади. Ҳозирча, Холмнинг қачон майдонга қайтиши мавҳумлигича қолмоқда.
“Специя” ва “Верона” ўртасидаги айтсайдерлар тўқнашуви 5 март куни Тошкент вақти билан 16:30 да бошланади.
Фикрлар