Шомуродов кетади(ми?)...
“Рома” спорт директори Тьягу Пинто ҳужум чизиғи бўйича бир неча муҳим ишларни амалга оширишни режалаштирмоқда.
Биринчи навбатда, клуб раҳбарияти универсал ҳужумчи Николо Дзаньоло билан янги битим тузиш масаласини ҳал қилиш арафасида турибди. Тьягу Пинто футболчининг агенти Вигорелли билан ўзаро ҳамкорлик бўйича бир қарорга келишнинг сўнгги муддати декабрь ойи бўлишини келишиб олган.
Чунки бу масала ҳал бўлиши билан, Тьягу Пинто қишки трансферлар даври, яъни январь ойида бир неча ўзгаришларни амалга оширишни мўлжаллаган.
“Рома” ва Николо Дзаньоло шартноманинг аксарият бандлари бўйича келишувга эришиб бўлган. Ҳамкорлик 2027 йилнинг ярмигача узайтирилади. Ҳал қилиниши лозим бўлган масала маошга тегишли. 23 ёшли футболчи ҳар мавсум учун камида 4 миллион евро маош талаб қилмоқда.
Клуб мутасаддилари бунга кўнмаяпти. Спорт директори футболчининг агентидан талабни пасайтиришни сўраяпти. Ўз ўрнида, Николо Англия премьер-лигаси грандлари ва “Ювентус” унга кўз тикиб турганини, улар римликлардан кўпроқ маош беришга қодирлигини билади.
Тьягу Пинто Дзаньоло шартномаси билан бир пайтда “Будё-Глимт” билан ҳамкорлиги якунланиб бораётган ҳужумчи Ола Сольбаккен трансферини ҳам параллел тарзда олиб боряпти. Норвегиялик футболчининг келиши Дзаньолога ҳеч қандай таъсир ўтказмайди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу трансфер Элдор Шомуродовни яна бозорга қайтаради. Ёзда Элдорга қизиқиш билдирган жамоалар кўп бўлди. Лекин Жозе Моуриньо ўзи бир йил муқаддам танлаган ўзбек ҳужумчисини қўйиб юбормади.
Шунга яраша, португалиялик мутахассис Шомуродовга етарли даражада эътибор қаратмаяпти. Мавсум бошланганига уч ой бўлсада, Моуриньо Элдорни А Серия ва Европа лигасида тўрт маротаба майдонга туширди. Жисмоний ҳолати аъло даражада бўлган футболчи мавсум давомида бор йўғи 60 дақиқа ҳаракат қилди холос.
Яқинда Ўзбекистон миллий терма жамоаси етакчиси ва сардори Элдор Шомуродовнинг манфаатларини ҳимоя қилаётган ProSports Management компаниясининг Осиёдаги лойиҳаларига раҳбарлик қилувчи Қаҳҳор Мўминов “Спорт Экспресс” газетасига катта интервью бериб, Жозе Моуриньонинг Элдорга айтган гапларини маълум қилганди.
- Моуриньо Элдорга шундай деди: “Гапимга қулоқ тут, “Болонья”да 10-15 та учрашувда майдонга тушганингдан “Рома”да бешта ўйинда қатнашганинг афзал!”.
Жозе Моуриньо, “Рома”, Италиядаги ҳамкорларимиз билан маслаҳатлашиб, Римда қолишга қарор қилдик.
Шуни тушуниш керакки, “Рома” жамоаси номи ёнида “топ” деган даража ишлатилади. Бу ҳар бир футболчи фаолияти муҳим, бу бренд.
Элдор энг кучли бешта лигалардан бирида топ-клубда ўйнаяпти. Бунинг қадрига етиш керак. Шунингдек, Моуриньо Шомуродовга албатта имкон берилишини таъкидлаяпти, - деган эди Қаҳҳор Мўминов.
Бундан ташқари, Қаҳҳор Мўминов Шомуродовнинг келажаги масаласида ҳам фикр билдирган.
- Албатта, биз фақат “Рома” футболкасини кийиб юриш билан кифояланмаймиз. Қишда бу масалани яна кўтарамиз. Ўзгариш бўлмаса, бошқача қарор қабул қиламиз. Элдорнинг ёши 27 та ва у ҳали Европада ўйнамоқчи, - деган эди Қаҳҳор Мўминов.
Бундан маълум бўладики, қишки трансферлар вақтида Элдор Шомуродовнинг бозория яна қайнаши кутилмоқда. Чунки ёзда унга харидор бўлган жамоалардан бир нечтаси ўзбек ҳужумчисини олиш фикридан воз кечмагани ҳақида хабарлар бор.
Демак, янги йилгача Шомуродов фаолиятида ижобий томонга ўзгариш бўлмаса, январда бошқа жамоага ўтиш масаласи яна кўтарилади.
Дибала Шомуродовга йўл очди
Шомуродов Холанд билан бирга!
Легионеримиз жамоасини чемпионлик курашига қайтарди!
Фикрлар