Легионеримиз жамоасини чемпионлик курашига қайтарди!
Беларусь олий лигасида чемпионлик учун кураш қизғин паллага кирди. 25-тур учрашувидан кейин пешқадам ўзгарди.
Мазкур тур олдидан биринчи ўринда юбораётган “Динамо-Минск” жамоаси муҳим палла очко йўқотди. Пойтахтлик “динамочилар” ўз майдонида кечган баҳсда “Торпедо-БелАЗ”ни енга олмади. Ўйин 2:2 ҳисобида якунланди ва “Динамо-Минск” бир очко билан кифояланиб, умумий жамғармаси 48 очкога етди.
“Динамо-Минск”нинг тўғридан тўғри рақиблари 25-турни ғалаба билан якунланди. Амалдаги чемпион “Шахтёр-Солигорск” футболчилари “Витебск” майдонидан 5:0 ҳисобидаги ғалаба билан қайтди. Ниҳоят, солигоскликлар 49 очко билан биринчи поғонага кўтарилиб олди.
Кетма-кет иккита баҳсда очко йўқотган “Энергетик-БГУ” ўта қимматли ғалабани қўлга киритди. Пойтахтлик “талабалар” Мозирда “Славия” жамоаси меҳмони бўлиб, Бобур Абдухолиқовнинг биринчи бўлим охирида урган ягона голи эвазига яна чемпионлик курашига қайтди.
Ўзбек ҳужумчиси бу гал позиция танлаш маҳоратини намойиш қилди ва жамоадошининг аниқ тўп узатишидан кейин рақиб дарвозабони билан юзма-юз қолиб, қулай вазиятда унумли фойдаланиб қолди.
Мазкур ғалабадан сўнг, “Энергетик-БГУ” солигорскликлардан бир очко кам жамғарган ҳолда иккинчи ўринда бормоқда.
Бобур Абдухолиқовнинг учта учрашувда давом этган қуруқ серияси ниҳоят барҳам топди. Ҳамюртимиз жорий мавсумда илк бор кетма-кет учта баҳсда гол уролмади. Ўша ўйинларда жамоаси биттадан ғалаба, дуранг ва мағлубият қайд этди.
Умуман олганда, “Энергетик-БГУ” жорий мавсумда 14 та ғалаба қайд этган бўлса, шулардан 13 тасида Абдухолиқов рақиблар дарвозасини ишғол қилгани аҳамиятли. Бундан ташқари, 25 ёшли футболчимизнинг голлари иккита баҳсда жамоасига дуранг келтирган.
Бобур Абдухолиқовнинг олий лига урган голлари сони 21 тага етди ва ҳамюртимиз тўпурарлар пойгасида яққол пешқадам бўлиб турибди. Унинг энг яқин таъқибчиси – “Минск” вакили Владимир Хвашинский ҳисобида 13 та аниқ зарба бор.
Бундан ташқари, “Насаф” тарбияланувчиси олтита голли пас узатган. Гол+пас тизимида 27 балл тўплаган Бобур чемпионатнинг энг фойдали ўйинчиси бўлиб турибди.
“Энергетик-БГУ” чемпионатнинг кейинги турида “Белшина” жамоасини қабул қилади. Бу баҳс 21 октябрь куни бўлади.
Беларусь чемпионатининг бу мавсуми 19 ноябрь куни якунланади.
Бобур Абдухолиқовнинг “Энергетик-БГУ” билан амалдаги шартномаси шу йилнинг 31 декабрида якунига етади. Ҳамюртимиз қишки трансферлар ойнаси даврида кучлироқ лигалардан бирига ўтиши кутилмоқда.
Шомуродов Холанд билан бирга!
Фикрлар