Шомуродов ўрнига келган ҳужумчи ишончни оқламади

Ўтган ёзда “Рома” раҳбарияти ўзбекистонлик ҳужумчи Элдор Шомуродовни Туркиянинг “Истанбул Башакшеҳир” клубига ижарага жўнатиб, ўрнига Англия Премьер-лигасининг энг иқтидорли форвардларидан Эван Фергюсонни олиб келганди.

Ирландиялик футболчининг Италиядаги фаолияти муваффақиятли чиқмади. У барча турнирларда 22 та учрашув ўтказиб, бешта гол ва иккита ассист қайд этди. Қолаверса, Фергюсон тўпиғидан оғир жароҳат олган ва ёзгача майдонга қайта олмайди.

Вазиятдан келиб чиқиб, Рим клуби раҳбарияти “Брайтон”дан Фергюсоннинг шартномасини тўлиқ сотиб олиш ҳуқуқидан фойдаланмайдиган бўлди. Ўйинчи Англияга қайтариб юборилади.

21 ёшли ирландиялик футболчи фаолиятини Англия Премьер-лигасида бошлаганида жуда истиқболли ўйинчи ҳисобланган, аммо уни доимий равишда жароҳатлар безовта қилиб келмоқда.

Football Italia маълумотига кўра, улар орасида 2023–2024 йилги мавсумидаги хочсимон боғламлар узилиши ва 2024–2025 йилги мавсум бошидаги айрим соғлиқ муаммолари ҳам бор.

Энди у операция ўтказиш учун Буюк Британияга боради ва шу сабабли унинг учун мавсум амалда якунланган ҳисобланади. Шу сабабдан “Рома” муаммоси бор футболчини сотиб олмаслиги аниқ.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!