Шомуродов ёки Пёнтек? Элдорга қарши 7 факт!
Ёзги трансферлар вақтида Элдор Шомуродовни харид қилган “Женоа”да бош мураббийнинг ўзгаргани ўзбек футболчисининг Генуя клубидаги фаолиятига жиддий таъсир кўрсатадиган кўринади.
Италия оммавий ахборот воситалари тарқатаётган хабарларга кўра, Баллардини жамоага ўзи ёқтирган ва кашф қилган Кшиштоф Пёнтекни чақиртирган. Польшалик футболчи кейинчалик сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага олинмоқда. Сўнгги маълумотларга қараганда, у Генуя клуби учун тиббий кўрикдан ўтган.
Хўш, Пёнтекнинг келиши Шомуродовнинг “Женоа”даги фаолиятига қандай таъсир қилади?
1). Шомуродов ва Пёнтек бир типдаги ҳужумчилар. Иккисининг ҳам ўйини атлетизм ва тезкорликка таянади. Улар аслида гол уришни яхши ўзлаштирган ҳужумчилар тоифасига киришига қарамай, ҳозир иккисида ҳам пасайиш давом этмоқда. Бир бирига ўхшаш ҳужумчиларни таркибда ушлаб туришдан фойда йўқ. Пёнтек келса, асосий форвард бўлиши ҳақиқатга анча яқин. Ахир Баллардини қадрдон шогирдини захирада олиб ўтириш учун чақирмайдику.
2). Иккинчи ҳужумчи вазифасини икки метрли Жанлука Скамакка, тажрибали Горан Пандев, тўпни ушлаб ура оладиган Маттиа Дестро ёки қанотлардан ҳужум уюштиришга ихтисослашган Марко Пьяцца бажариши мумкин.
3). Баллардини Шомуродовга ишонмайдиган кўринади. Роландо Маран жамоасининг асосий таркибидаги жойини мустаҳкамлаб бораётган Элдор Шомуродов генуяликларнинг энг ёрқин ўйин кўрсатаётган футболчиси бўлишига қарамай, янги мураббий Давиде Баллардини ўзи бошқарган ягона учрашувда ҳужумчимизга умуман эътибор қаратмади. Яъни, эски йилнинг ғалаба билан якунланган сўнгги ўйинида Элдор майдонга туширилгани йўқ.
4). Пёнтек “Женоа” таркибида порлаганидан бери ҳали кўп вақт ўтгани йўқ. Маҳаллий мухлислар уни яхши кўради ва асосий таркибда ўйнашини талаб қилади. Жамоа раҳбарияти ва клубнинг ашаддий ишибозлари ўртасидаги муносабат қалтис эканини инобатга олиб, Кшиштоф томонларни муросага келтирадиган ўйинчи сифатида асосий таркибдан муқим жой олиши кутилмоқда.
5). Пёнтек жамоа таркибидаги етакчи ўйинчилар билан бирга ўйнаган ва ўзаро муносабати яхши. Пандев, Стураро ва Лерагер каби футболчилар кўпроқ уни қўллаб-қувватлайди. Жамоага мослашиши вақт талаб этмайди.
6). Пёнтек 100 фоиз Баллардинининг ўйинчиси. Польшалик ҳужумчини юлдуз даражасига кўтарган айнан Баллардини бўлади. Бу мутахассис Роландо Марандан мерос қолган Элдор Шомуродовни кўтаришдан кўра, эски шогирдини қайта порлашига кўмаклашиши аниқ.
7). Пёнтек “Женоа”га жами 25 миллион еврога тушиши айтилмоқда. Бу сумма ичига ижара ҳақи ва кейинчалик амалга оширилиши мумкин бўлган трансфер суммаси киради. Агар Кшиштофнинг келиши учун шунча сумма тўланса, у қандай ҳолатда бўлишидан қатъи назар, асосий таркибдаги жойи кафолатланади.
Албатта, Кшиштоф Пёнтекнинг келиши А Серия ўйинларига мослашаётган Элдор Шомуродов учун қўшимча босим бўлади. Бироқ, ҳамюртимиз ҳам рақобатдан чўчийдиган ёки осонликча таслим бўладиган йигит эмас. Балки Давиде Баллардинининг ўзбекистонлик легионерга ҳам қандайдир режаси бордир. Ишонганимиз шуки, агар янги бош мураббий Шомуродовга ишонч билдириб, имконият берадиган бўлса, Элдор маҳорат ва салоҳият бобида Пёнтекдан ҳам, бошқасидан ҳам қолишмаслигини исботлай олади. Зеро, соф рақобат ўсишга хизмат қилади, хулоса эса адолатли бўлиши керак.
Фикрлар