Шомуродовга хушхабар!

Бугун тунда “Специя” жамоаси “Интер”га қарши ўйин билан А Сериянинг 26-тур учрашувларини очиб беради.

Бўлажак баҳс Лигурия жамоасини қабул қилиб олган Леонардо Семпличи учун ҳақиқий янги синов бўлади. Чунки аввалги икки учрашувдаги рақиблар – “Удинезе” ва “Верона”нинг даражаси топ-клубга тортмаслиги кундек равшан.

5j2vadod4tl0tlf1l0k2jakvr8_FN24_LPS_833263-1024x683

“Интер” умуман бошқа савиядаги клуб. Аввалги рақиблардан фарқли равишда миланликлар фақат юқори мақсадлар учун курашадиган жамоа ҳисобланади.

Ўйин бошланиши олдидан ҳар икки жамоа мураббийлари таркиб ва тактика масаласида ғойибона рақобатлашади. Футбол экспертлари эса, уларнинг ҳаракатларини таҳлил ва тахмин қилиш билан шуғулланади.

“Специя” фаолиятини ёритиб келаётган https://www.cittadellaspezia.com сайти эксперти Николо Паста Леонардо Семпиличи ва Симоне Индзаги қўллайдиган тактикаларни таҳлил қилиб чиқди. Экспертнинг ёзишича, Семпличи ўзи кўниккан ва ёқтирган 4-3-3 схемасидан фойдаланди. Лекин таркибда муайян ўзгаришларни амалга оширади.

Хусусан, иккита дурангдан кейин ғалабани кўзлаб турган мураббий “Интер”га қарши ўйинга илк дақиқалардан Элдор Шомуродовни туширишни мўлжаллаётгани айтилмоқда. Ҳар ҳолда бу ҳамюртимиз учун яхши хабар. Чунки Семпличи келганидан кейин Элдорни захирага ўтқазиб қўйганди.

Шомуродов бошланғич таркибдан жой олган тақдирда чап қанотда жойлашади ва марказий ҳужумчи сифатида тўп тепадиган Мбала Нзолани қўллаб-қавватлаб туради. Ўнг қанотда бу вазифани Эммануэль Гьяси бажаради.

Мутахассиснинг таъкидлашича, Леонардо Семпличи вазиятга қараб, олдинда икки ҳужумчи ўйнайдиган 3-5-2 схемасидан ҳам фойдаланиши мумкин. Бу вазиятда Элдор Шомуродов асосий тўпурар Нзола билан бирга марказий ҳужумчи сифатида тўп тепади.

Шу ўринда, легионеримизда “Интер”га қарши ўйнаш тажрибаси борлигини таъкидлаш лозим. Элдор А Серия доирасида “Женоа” ва “Рома” сафида миланликларга қарши тўрт маротаба майдонга тушган. Шу учрашувларнинг биттасини бошланғич таркибда бошлаган ва уч бор захирадан ўйинга қўшилган.

“Интер” билан бўладиган ўйинда “Специя” таркибида жиддий йўқотишлар бор. Асосий ҳимоячилардан Аркадиуш Реца дисквалификация туфайли жамоасига ёрдам бера олмайди. Мудофаа вакилларидан Эмиль Холм, Жоау Моутиньо, ярим ҳимоячи Симоне Бастони жароҳатдан тўлиқ қутилгани ва спорт формасини етарли даражада тиклаб олгани йўқ.

Ўз навбатида, “Интер” бош мураббийи Симоне Индзаги ҳам тактика ва таркибда ўзгаришлар қилишга мажбурлиги айтилмоқда. Чунки 14 март куни миланликларни Чемпионлар лигаси нимчорак финал жавоб учрашуви доирасида Португалияда “Порту”га қарши ўта мураккаб тўқнашув кутиб турибди. Айни пайтда миланликлар учун нуфузли халқаро турнир бирламчи аҳамиятга эга.

 Шу боис, Индзаги Лигуриядаги баҳсда захира кучларини синовдан ўтказиб олиши кутиляпти. Хусусан, дарвозани Самир Ханданович эгаллайди. Шунингдек, Маттео Дармиан, Франческо Ачерби, Марцело Брозович, Ромелу Лукаку каби футболчиларга ҳам илк дақиқадан имконият берилади.

Николо Паста тахминий таркибларни қуйидаги тузди:

“Специя” (4-3-3): Драговски; Амьян, Ампаду, Калдара, Николау; Эспозито, Экдаль, Агудело; Гьяси, Нзола, Шомуродов.

Бош мураббий: Леонардо Семпличи.

“Интер” (3-5-2): Ханданович; Дармиан, Ачерби, Бастони; Дамфрис, Барелла, Брозович, Мхитарян, Димарко; Лаутаро, Лукаку.

Бош мураббий: Симоне Индзаги.

Empoli_Spezia_02112023

“Специя” ва “Интер” ўртасидаги учрашув Тошкент вақти билан бугун тунда, соат 00:45да бошланади.

“Специя” Шомуродов учун тактикани ўзгартиради. Улар“Интер”ни биринчи марта енгмоқчи!

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Ботир
10/03/2023 21:30
Гол кутамиз. Шома сендан.