Шомуродовни кўндирдик, навбат “Рома”га!
Қишки трансферлар ойнаси очилганидан бери ҳар куни Элдор Шомуродов номи билан боғлиқ хабарлар чиқмоқда.
“Торино” клуби ўзбек ҳужумчисини қўлга киритишга жиддий ҳаракат қилмоқда. Аслида туринликлар ёзда ҳам бу трансферни уддалашга уриниб кўрганди. Лекин ўшанда бунинг имкони бўлмаган.
Ҳозир вазият бошқача. Чунки бу трансферга уч томон – “Торино”, “Рома” ва Элдор Шомуродовнинг ўзи ҳам рози.
Туринликларнинг трансферни расмийлаштиришга дастлабки бир неча уринишлари муваффақиятсиз якунланди. Энг дадил таклиф – Шомуродовни ярим мавсумга 1 миллион евро эвазига ижарага олиб, ҳужумчининг ўйинлари ва кўрсаткичлари асосида кейинчалик 12 миллион еврога трансферни якунлаш вариантини “Рома” спорт директори Тьягу Пинто қабул қилмаган эди.
Орада “Торино” президенти Урбано Каиро Рим клуби мутасаддиларининг ўйинчи учун бирданига трансфер қилиш ёки шу мажбуриятни олиш бўйича талабларини қабул қилмаслигини билдирди.
Бироқ, шунга қарамай, “Торино” клуби Шомуродовни олиш фикридан қайтгани йўқ ва улар охиригача курашишда давом этади. Бу ҳақда таниқли инсайдер Николо Скира маълумот бериб, “Торино” Элдор Шомуродов (“Рома”) ва Иван Илич (“Верона”) билан шартнома тузиш бўйича жадал музокара олиб бораётганини билдирган. Манба ҳар икки футболчи Турин клуби билан шахсий шартнома шартларини келишиб бўлганини таъкидлаган.
Манбаларнинг маълум қилишича, ҳужум чизиғини кучайтиришга эҳтиёж сезаётган “Торино” учун Шомуродовни январь ойи ичида қўлга киритиш ўта муҳим аҳамият касб этади. Шу боис, улар музокараларни ҳар қандай шароитда ҳам давом эттиришга уринмоқда.
“Торино” мавсум якунланиши билан ўз сафига яна ҳужумчи олади. Туринликлар нишонига “Специя”да порлай бошлаган франциялик Мбала Нзола тушган. 26 ёшли бу ўйинчини январда олишнинг имкони йўқ. “Специя” мавсум давомида саккизта гол урган асосий тўпурарини чемпионатнинг қизғин палласида қўйиб юбормайди.
Шунинг учун ҳам Турин клуби спорт директори Давиде Вагнатти учун идеал вариант Шомуродов бўлиб қолмоқда.
Европанинг аксарият чемпионатларида қишки трансферлар ойнаси ёпилишига икки ҳафта вақт бор. “Рома” бу муддат ичида чиқиш трансферларини расмийлаштиришига тўғри келади. Тьягу Пинто Шомуродовни ушлаб қолиш орқали клубга фойда келтирмайди.
Бу мутахассис ҳамюртимиздан ташқари нидерландиялик икки футболчи – ҳимоячи Рик Карсдорп ва ҳужумчи Жастин Клюйвертдан ҳам имкон қадар тезроқ қутилиши керак. Буни уддалай олмаса, бош мураббий Жозе Моуриньо ўзи истаган бошқа ижрочиларни олиб келиши учун жой очилмай қолади.
Буни инобатга олган "Торино" мутасаддилари римликларни Шомуродовни қўйиб юборишга кўндирмагунича ҳаракат қилишдан тўхтамайдиган кўринади.
Демак, қишки трансферлар ойнасининг энг қизғин палласи энди бошланди. Кузатишда давом этамиз...
Легионеримиз Россияни забт этишга келди
Фикрлар