![](https://static.sports.uz/crop/3d4cfb8c65b33952961ba658146418cd.jpg)
Шомуродовни машҳур клуб олмоқчи!
Ўтган йили бир мавсум “Кальяри”да ўйнаб, “Рома” қайтган Элдор Шомуродовнинг фаолиятида охирги икки трансфер бозорида жиддий ўзгаришлар бўлиши кутилганди. Бироқ икки марта ҳам вазият бир хил – бош мураббийлар қарорига кўра, ўзбек ҳужумчисининг Римда қолиши билан якунланди.
Ёзги трансфернинг сўнгги кунлари Элдорга Италиянинг бир неча клубларидан ташқари МЛС иштирокчи “Атланта Юнайтед”дан жиддий таклиф бўлди. Ўйин амалиётига эга бўлиш учун Шомуродов жамоани алмаштиришга тайёрлиги айтилди. Лекин “Рома”нинг янги мавсумдаги илк голини урган ҳужумчимизни жамоанинг ўша пайтдаги бош мураббийи Даниэле Де Росси пойтахтда олиб қолди.
Худди шунга ўхшаш вазият январда ҳам такрорланди. “Айнтрахт” дарвозасини ишғол қилиб, “бўрилар”ни Европа лигаси плей-оффига олиб чиққан Шомуродовни бу гал Клаудио Раньери “Венеция”га ўтишига йўл қўймади.
Венецияликлар юқори дивизионда қолиш вазифасини уддалаш учун Элдорнинг ёрдамидан фойдаланмоқчи эмас. Бу жамоа ўзбек легионери трансфери бўйича римликларнинг барча шартига кўнгани боис, ҳужумчи учун курашда “Кальяри” ва “Эмполи”ни ортда қолдиришга муваффақ бўлганди.
Айни пайтда Элдор Шомуродовда битта аниқ таклиф бор. МЛСда иштирок этаётган “Торонто” жамоадан кетиши кутилаётган италиялик ҳужумчи Лоренцо Инсинье ўрнига айнан ўзбек ҳужумчисини олиш бўйича музокарага киришган.
АҚШ ва Канада футболида трансфер ойнаси 23 апрелгача очиқ бўлади ва улар ўзларига керакли футболчиларни олиш учун етарлича вақт ва имкониятга эга.
Лекин Италиядаги манбалар Клаудио Раньери 29 ёшли форвардни “Рома”га кераклигини таъкидлаб, “уммонорти”га ҳам кетишига йўл қўймаётганини ёзмоқда.
Шунга қарамай, ҳамюртимизнинг “Рома”даги фаолияти ҳамон мавҳум бўлиб турибди. Элдорнинг атрофидаги вазиятни кузатиб бораётганлар орасида легионеримизни ўз сафига чорлайдиганлари ҳам топилиши шубҳасиз.
Хусусан, сўнгги маълумотларда “Торино” Шомуродовни ушбу мавсум якунланиши билан ўз таркибига қўшиб олишни режалаштираётгани қайд этилган. Чунки ҳамюртимизнинг пойтахт клуби билан тузган шартномаси 2026 йилнинг ёзида якунланади.
“Рома” ёзда Шомуродовни 4 миллион евро атрофидаги маблағ эвазига қўйиб юбориши айтилмоқчи. Чунки клуб мутасаддилар январда “Венеция”нинг ижарадан кейин Шомуродовни 3,5 миллион еврога тўлиқ трансфер қилиш бўйича таклифини қабул қилган эди. Римликлар вазиятни тўғри тушунган ҳолда Элдор учун даъвогар клублар аввалгидек 10 миллион ёки ундан юқори маблағ талаб қилмайди.
Элдор Шомуродов А Сериянинг пасту баландини яхши биладиган ўйинчи ҳисобланади. 2020 йилдан бери бу мамлакатда тўп тепаётган ҳамюртимиз “Рома”дан ташқари, “Женоа”, “Специя” ва “Кальяри”даги фаолияти давомида А Сериянинг ўзида 115 та учрашувда иштирок этиб, ўз ҳисобига 16 та гол ва 10 та ассист ёздириб қўйган.
Шомуродовга кутилмаган янги харидор чиқди, лекин...
Жаҳон чемпиони Ҳусановга қандай баҳо берди?
Фикрлар