Шохруҳ Гадоевни Жанубий Кореядан кетишга нима мажбур қилди?
Яқинда Жанубий Кореяда тўп сураётган ҳамюртимиз Санжар Турсуновнинг «Тэджон Ситизен» клубини тарк этгани тўғрисида хабар бергандик. Шундан сўнг ушбу клубдаги яна бир ҳамюртимиз Шохруҳ Гадоевнинг ҳам «Тэджон Ситизен»даги фаолиятига якун ясалди.
Ўтган йили Кореяга кўчиб ўтган ва бир йил давомида фаолият олиб борган ярим ҳимоячимиз ўз режаларини ўзгартиришга мажбур бўлди. Ваҳоланки, яқинда Гадоев билан суҳбатлашганимизда ҳали ҳамон Кореядаги мақсадлари катта эканлиги ҳақида маълум қилганди. Аммо эндиликда воқеалар ривожи ўзгариб кетди. Куни кеча ўзи билан боғланиб, клубдан кетишининг сабабларини билишга қизиқдик.
- Албатта, бизнинг Жанубий Кореядаги режаларимиз катта эди. Лекин бу – футбол. Унда ҳар хил натижалар бўлиши мумкин. Айтмоқчиманки, тўсатдан ғалабали ўйинларимиз камайиб қолди. Ўзингиз ҳам биласиз, барибир футболда истеъфо деган тушунчалар бор. Хуллас, натижалар у қадар яхши бўлмаганидан сўнг раҳбарият бош мураббийни алмаштиришга қарор қилди. Нафақат мураббийлар балки, клубдаги бошқа тизимда ишлаётган инсонлар ҳам алмаштириб юборилди. Шу тариқа, клубга янги мураббий келди. Албатта, биз ушбу мутахассисга ҳам ўзимизни кўрсатиш учун ҳаракат қилдик. Бироқ у бизни қандай қабул қилди, буни тушунмай қолдик. Натижада унинг бизга нисбатан муносабати ва эътибори ўзгарди. Умуман айтганда, мураббийнинг бошиданоқ бизга бўлган эътибори бошқача эди. Натижада икки томон ўзаро келишган ҳолда клуб билан дўстона хайрлашишга қарор қилдик. Агар у ерда қоладиган бўлсам, ўйин амалиётимиз янада камайиб кетган бўларди ва шундай жараён бошланганди ҳам. Тўғри, бемалол клубда қолишимиз ҳам мумкин эди. Чунки амалда яна шартномамиз бор эди. Аммо биз клуб билан гаплашдик ва шартномани бекор қилдик. Ўйнамасдан юраверишни эса ўзимизга эп кўрмадик. Футболчига доим ўйин амалиёти зарур. Қуруқ машғулот ўтказиб юргандан эса фойда йўқ.
Шунингдек, футболчимиздан «Тэджон Ситизен»ни қандай ҳолатда тарк этдингиз дея сўраганимизда шундай деди:
- Клуб билан ўртамизда сира хафагарчилик ва афсусланарли ҳолатлар бўлмади. Чунки мен ўйнашим керак эди. Захирада ўтириш учун бормаганман. Шунинг учун кетдим. Бир сўз билан айтганда, Кореядаги фаолиятимдан кўп нарса ўргандим. Ҳар тарафлама фойдали бўлди деб айта оламан.
Хўш, энди Гадоев фаолиятини қаерда давом эттиради? Унга таклифлар бўлиши табиий. Шу билан бирга унинг яна Ўзбекистон чемпионатига қайтиши мумкинлиги ҳақида ҳам хабарлар йўқ эмас. Буларга эса ўзидан жавоб эшитамиз.
- Ҳали бу ҳақида ўйлаб кўрганим йўқ. Айни пайтда таътилдаман. Қаерда давом эттиришимни вақт кўрсатади. Балки тез кунларда кейинги фаолиятимни қаерда давом эттиришим борасида бир тўхтамга келишим ҳам мумкин. Худо хоҳласа, яна хорижда тўп суриш ниятим бор.
Шунингдек, унинг «Бунёдкор» клубига ўтиши мумкинлиги борасида ҳам хабарлар йўқ эмасди. Бунга эса қуйидагича жавоб берди:
- Ҳали ҳеч қаерга ўтганим йўқ. Боя айтганимдек, дам оляпман. Ҳозирча бирор-бир клуб билан келишувга эришганимиз йўқ. Ҳаммасини вақт кўрсатади.
Фикрлар