Шундай легионерларимиз борки...
Малайзиянинг “Теренгану” жамоасида тўп сураётган ҳамюртимиз Санжар Шоаҳмедов яна катта саҳнага чиқмоқда. У карантиндан олдин ҳам ўзининг ажойиб ўйинлари-ю, бетакрор голлари билан малайзияликларни ҳам ўзига ром этиб келмоқда.
Бир сўз билан айтганда, Шоаҳмедовнинг у ердаги фаолияти бир мунча самарали чиқмоқда. Ҳамюртимиз sports.uz мухбири билан мулоқотда у ердаги ҳаёти ва яна бошқа ҳолатлар ҳақида гапирди.
Карантиндан кейинги чемпионат
- Ҳамма қатори Малайзияда ҳам қатъий карантин жорий қилинди. Тўрт ойдан ошганидан кейин машғулотларни бошладик ва ортидан расмий ўйинларга ҳам киришдик. Ҳозир бу ерда вазият анча яхши. Тўғриси, икки ойдан бери тинмай машғулотлар олиб бораётгандик. Дастлабки расмий ўйингача 7-8 та ўртоқлик учрашувларини ўтказдик. Шукрки, карантиндан кейинги биринчи беллашувда ғалаба қозона олдик. Насиб қилса, энди октябрь ойигача чемпионат давом этади. Бундан кейин ҳам яхши натижалар кўрсатишга ҳаракат қиламиз.
Ураётган голларининг чиройли чиқаётгани тасодифми ёки...
- Тўғри, ҳар бир футболчи гол уришни ва ушбу голлари чиройли чиқишини истайди. Ўйин пайтида эса барибир футболчи ўзи истагандек чиройли гол уриши қийин бўлади. Ахир майдонда рақиб ўйинчилари ҳам борлигини унутмаслик керак. Агар майдонда ҳеч ким бўлмаса, ўзингиз истаганча чиройли гол уришга ҳаракат қилсангиз бу бошқа гап. Учрашув давомида эса менда шунчаки чиройли гол уриш учун имкониятлар бўляпти. Зарбаларим эса чиройли гол билан якунланяпти. Лекин мен голларим чиройли ёки хунук бўлишига жиддий аҳамият бермайман. Энг асосийси, голларим жамоамга фойда келтиряпти ва биз ғалаба қозоняпмиз.
Бу йил унинг шартномаси тугайди
- Ўтган йили “Теренгану” билан икки йиллик шартнома тузганман. Бу йил эса клуб билан тузган шартномам ниҳоясига етади. Тўғри, Малайзиянинг топ-клубларидан таклифлар бўляпти. Аввало чемпионатни тугатиб олайлик. Қолганини кейин бафуржа ўйлаб чиқамиз.
Янги таклифлар хусусида
- Ҳаммасини вақт кўрсатади. Балки келаси йили яна Малайзия чемпионатида қолишим ҳам мумкин. Декабрда шартномам тугагач, бошқа таклифлар устида жиддий ўйлайман. Ҳозир эса бу ҳақида ўйлаётганим йўқ. Бор эътиборимни чемпионатни жамоам билан яхши кайфиятда ва юқори ўринда тугатишга қаратганман. Малайзияда ҳаммаси яхши, стадионлар ҳам, ўйинлар ҳам. Чемпионати анча ўсишга эришди.
Шоаҳмедовда Ўзбекистонга қайтиш нияти борми?
- Менимча, ҳар қандай футболчида ҳам легионер бўлиб ўйнаш нияти бўлса керак. Агар Ўзбекистондан яхши таклиф бўлса, ўзимизнинг чемпионатга ҳам қайтиб қолишим мумкин. Ёки легионер сифатидаги фаолиятимни яна давом эттирарман, барчасини вақт кўрсатади.
Чемпионатлардаги тафовут ҳақида
- Ҳар бир чемпионатнинг ўзига яраша футболи бор. Балки Малайзия чемпионати қайсидир томонлама бошқалардан кучлироқдир. Ёки бошқа жиҳатдан камчиликлари бордир. Тўғри, чемпионатлар бир-биридан фарқ қилади. Ахир ҳамма жойнинг футболи бир хил бўлавермайди-ку, тўғрими?
Ярим ҳимоячимизнинг кўпроқ гол ураётгани нима билан боғлиқ?
- Майдонда ўйнаётган футболчи борки, ҳаммаси гол ургиси келади. Балки ўзим ярим ҳимоячи бўлсам-да, ҳужумчиларга кўпроқ ёрдамга ўтишим эвазига голлар урсам керак-да. Бу ёғига ҳам тўхтаб қолмасдан янада кўпроқ голлар уришга ҳаракат қилавераман. Асосийси, жамоамиз ғалаба қозонса, шундан хурсанд бўламиз.
Фикрлар