Синдаров жаҳон тожини Карлсен услубида қўлга киритади! Машҳур гроссмейстер ўзбек шахматчиси ғалабасини кутяпти
Тарихий тўқнашувга оз вақт қолди
Америкалик машҳур гроссмейстер Хикару Накамура ўзбекистонлик шахматчи Жавоҳир Синдаров ва ҳиндистонлик Гукеш Доммаражу ўртасидаги жаҳон чемпиони унвони учун бўладиган баҳс борасида ўз фикрларини билдирди, деб хабар бермоқда Rook Review ўз манбасига таяниб.
Накамуранинг таъкидлашича, энг эҳтимолий натижа — Синдаровнинг ишончли ғалабаси. У вазиятни Магнус Карлсеннинг илк чемпионлик дуэли билан қиёслади.
- Ҳолатга холис қарасам, Синдаров ғалаба қозона олмаслигини тасаввур қилишим қийин. Албатта, мен тенг курашли, кескин ўтадиган матчни кўришни истардим, лекин реал ҳолатни олсак, энг эҳтимолий сценарий — Синдаровнинг жуда ишончли ғалабаси, деб ўйлайман.
Бу 2013 йилдаги Магнус ва Ананд ўртасидаги баҳсни эслатади. Ўшанда, назаримда, Магнуснинг илк чемпионлик матчи эди: у иккинчи партияда, сўнгра олтинчи ва ўнинчи партияларда ютиб, жуда, жуда ишончли ғалабага эришган.
Менимча, тўртта эҳтимолий сценарий орасида ҳозирги вазият учун ҳам энг реал кўринадигани айнан мана шу, — дея таъкидлади Накамура.
Унинг фикрича, агар баҳс мутлақо тенг кураш шароитида ўтса, бундай ҳолда устунлик Гукеш томонида бўлиши мумкин. Бироқ Накамура бу вариантни унчалик ишонарли деб ҳисобламайди.
- Агар матч ҳақиқатан ҳам тенг ўтса, ўшанда ғолиб бўлиши эҳтимоли юқори бўлган шахматчи — Гукеш, деб ўйлайман. Лекин мен бу дуэль шунчалик тенг курашда кечишини тасаввур қилолмайман.
Охирги бир ярим йилда Гукешнинг ўйинида шундай кескин сакраш, кутилмаган тарзда анча юқори даражада ўйнай бошлашини кўрсатиб турадиган бирор белги кўрмадим. Ҳеч нарса бунга ишора қилмаяпти, — деди Накамура.
Эслатиб ўтамиз, Жавоҳир Синдаров амалдаги жаҳон чемпиони Гукешга қарши ўйнаш ҳуқуқини номзодлар турнирида ғолиб чиққани орқали қўлга киритган эди.

Изоҳлар (0)