“Сити” Гвардиола ўрнини кимга топшириши аниқ бўлди
Хосеп Гвардиола “Манчестер Сити”дан кетиш арафасида турибди, деб хабар бермоқда TEAMtalk нашри ўз манбасига таяниб.
Клубнинг ўзидаги манбаларнинг маълум қилишича, “Сити” раҳбарияти АПЛ мавсумининг “Астон Вилла”га қарши сўнгги ўйини испаниялик мутахассис учун жамоа бошқарувидаги охирги учрашув бўлишини кутмоқда. Гвардиоланинг шартномаси яна бир йилга мўлжалланганига қарамай, “шаҳарликлар” унинг кетишига бир неча ойдан бери тайёргарлик кўрмоқда.
Таъкидланишича, клуб спорт директори Угу Виана Энцо Марескани Гвардиоланинг асосий вориси сифатида белгилаган. Томонлар шахсий шартнома бўйича принципиал келишувга ҳам эришган.
Шунингдек, “Сити” раҳбарияти Венсан Компани вариантини ҳам кўриб чиққан, аммо бельгиялик мутахассис “Бавария”ни тарк этиш ниятида эмас.
Гвардиола 2016 йилдан буён “Манчестер Сити”ни бошқариб келмоқда ва бу вақт ичида клуб билан 20 та нуфузли совринни ютиб олди. Жумладан, Англия чемпионлигининг олтита титули ва клуб тарихидаги илк Чемпионлар лигаси ғалабаси ҳам шулар жумласидан. Унинг раҳбарлиги остида жамоа қатор рекордларни ўрнатди ва жаҳон футболининг энг кучли жамоаларидан бирига айланди.
Манба маълумотига кўра, расмий баёнот “Астон Вилла”га қарши ўйин олдидан эълон қилиниши мумкин. Шундан кейин клуб ва мухлислар каталониялик мураббий шарафига махсус маросим ўтказишни режалаштирмоқда.

Фикрлар