“Сити”га Ҳусанов билан бир пайтда келган ҳужумчи рақиб жамоага ўтиб кетиши мумкин
“Манчестер Сити” раҳбарияти ўтган йилги инқироздан кейин 2025 йилни янги трансферлар билан бошлаган эди. Январь ойида “шаҳарликлар” катта сумма сарфлаб, Абдуқодир Ҳусанов, Витор Рейс, Нико Гонсалес ва Умар Мармушни жамоага олиб келган.
Тўртовлон орасида фақатгина энг ёш ўйинчи – Витор Рейс тажриба ва маҳорат ошириш учун ёзда бошқа клуб – “Жирона”га ижарага юборилди. Қолганлари асосий жамоа таркибида қолди ва вазиятга қараб, Хосеп Гвардиола уларнинг хизматидан фойдаланяпти.
Бир йилдан бери Англия футболидан баҳра олаётган бу ўйинчиларга бошқа клублар ҳам назар ташлай бошлади. Яқинда турли манбалар Абдуқодир Ҳусановни “Ланс” ва “Ливерпуль” ижарага олмоқчи бўлгани ҳақида ёзганди.
Энди The Real Tolmie’s Hairdoo номи билан танилган ижтимой тармоқлардаги инсайдерлик аккаунти Умар Мармушга жиддий харидор чиққанини ёзмоқда.
Манга кўра, 26 ёшли мисрлик ҳужумчи Англия Премьер-лигасининг бошқа клуби – “Тоттенхэм”га ўтиб кетиши мумкин. Лондон клуби раҳбарияти Мармушга жиддий қизиқиш билдираётгани айтиляпти.
“Манчестер Сити” Мармушни олиш учун Бундеслига вакили “Айнтрахт” жамоасига январь ойида 75 миллион евро тўлаган. Шунга қарамай, Мармуш кўпинча Эрлинг Холанднинг соясида қолиб кетяпти.
Жорий мавсумда Умар барча мусобақаларда 15 маротаба майдонга тушиб, биттадан гол ва ассист қайд этди. Бу кўрсаткич суперклуб марказий ҳужумчиси учун камлик қилади ва уни жамоанинг муҳим қисмига айланиб улгурмаганидан далолат беради.
Умар Мармушнинг “Манчестер Сити” билан амалдаги шартномаси 2029 йилнинг ёзигача мўлжалланган. Transfermarkt портали мутахассислари футболчининг бозор қийматини 65 миллион еврога баҳолаган.



Фикрлар