Сиз кутганмидингиз ёхуд ёзнинг ҳарорати каби ўйин ҳарорати ҳам қайноқ бўлган водий дербиси ҳақида
Суперлиганинг навбатдаги безагига айланган ўйин яна “Бобур арена”да бўлиб ўтди. Бу сафар мухлислар водий дербисига гувоҳ бўлдилар. “Андижон” ўз уйида “Навбаҳор”ни қабул қилди. Ушбу катта жангга ҳар томонлама эътибор юқори эди.
Иккала жамоа бир неча турдан бери мухлисларини ғалаба билан қувонтира олмаётганди. Биринчи давранинг сўнгги турини уч очко билан тугатиш иккала клубнинг мақсади эди. Дарвоқе, учрашувдан бир кун олдинги расмий машғулотда “Навбаҳор” футболчилари бош мураббийсиз шуғулланишди. Сабаби, Самвел Бабаян оёғидан жароҳат олгани маълум бўлди. У ўйинга қўлтиқ оёқда келди.
Стадиондаги атмосферага гап сўз бўлиши мумкин эмас. “Андижон” фан-клубидан навбатдаги ўзгача перформанс тайёрланди ва унда фақат ғалабани ҳис қилиш мумкин эди. Амалда ҳам шундай бўлди. Ўйин ҳавонинг юқори ҳароратига ҳамоханг тарзда бошланди. 13-дақиқа ўтиб бораётганида меҳмонлар дарвозаси томон пенальтини тепиш имконияти туғилди. Фарҳод Соҳибжоновнинг марказдан кучли рейди ўта хавфли чиқди ва уни жарима майдони ичида Суперлигамизнинг энг қиммат футболчиси Одил Ҳамробеков йиқитишдан ўзга чора топа олмади. Пенальтини эса Леван Арвеладзе бехато амалга оширди.
“Навбаҳор” вакиллари ҳам хавфли ҳужумларга эга бўлди. Бироқ наманганликлар ўзлари учун яратилган қулай имкониятлардан фойдалана олмади. “Андижон” эса барчасини режа асосида амалга оширди. Жамоа вазият бўлди дегунча хавфли ҳужумларга ўтиб кетаверди. Айниқса, бу ҳолат иккинчи бўлимда янада самарали чиқди. Қанотдан Фарҳод Соҳибжонов хавфли рейд уюштирди ва унинг узатган тўпи устунга тегиб қайтди. Қайтган тўпга биринчи бўлиб етиб келган Рустам Турдимуродов Ўткир Юсупов дарвозасини ишғол этди. Баҳс охирларида Бектемир Абдуманнонов деярли дарвозабон билан бирга-бир чиқди ва зарба йўллади. Дарвозага кириб кетаётган тўпни ҳимоячи қайтардию, бироқ якунда тўп “Навбаҳор” ҳимоячисининг қорнига тегиб дарвоза тўридан жой олди. Таблода эса 3:0 ҳисоби порлаб турарди.
“Андижон” муносиб ўйин намойиш қилган ҳолда кучли рақибини йирик ҳисобда тор-мор келтирди. “Навбаҳор” эса жорий чемпионатдаги илк мағлубиятини тан олишга мажбур бўлди. Учрашувдан сўнг “Андижон” футболчиларини нафақат ўзимизнинг ишқибозлар, балки намананганлик мухлислар ҳам қарсаклар билан кузатиб қўйишди.
“Андижон” – “Навбаҳор” – 3:0 (1:0).
26 июнь. Андижон. “Бобур арена” стадиони. 17873 томошабин.
Ҳакамлар: Фирдавс Норсафаров, Зуфар Элибоев, Элнур Дониёров.
Захира ҳаками: Маъмур Илҳомов
Назоратчи: Бахтиёр Тоғаев
Комиссар: Бекзод Арипов
“Андижон”: Элдор Адҳамов, Илдар Маматказин, Абдураҳмон Комилов (Илҳом Алижонов, (90+3), Владимир Бубанья, Абдувоҳид Ғуломов, Шерзод Эсанов, Леван Арвеладзе (Суннатилла Абдуллажонов, 90+3), Илҳом Абдуғаниев (Фарҳод Бекмуратов, 87), Бектемир Абдуманнонов, Фарҳод Соҳибжонов (Шахром Самиев, 73), Рустам Турдимуродов.
“Навбаҳор”: Ўткир Юсупов, Филип Иванович, Азим Аҳмедов, Фарруҳ Сайфиев (Иброҳим Йўлдошев, 76), Одил Ҳамробеков, Жамшид Болтабоев, Сияваш Ҳақаназари (Асад Собиржонов, 52), Йован Жокич, Аброр Исмоилов (Шодиёр Шодибоев, 76), Руслан Жиянов (Жамшид Искандеров, 46), Гиорги Никабадзе (Наврўз Иминжонов, 46).
Голлар: Леван Арвеладзе, 13-пен. – 1:0. Рустам Турдимуродов, 62 – 2:0. Иброҳим Йўлдошев, 84-авт. – 3:0.
Огоҳлантиришлар: Абдувоҳид Ғуломов, 32. Элдор Адҳамов, 87. Илҳом Алижонов, 90+4 – Одил Ҳамробеков, 11.
Фикрлар