"Сўғдиёна" дарвозабони захирага олинганига қандай реакция билдирди? Унга пенальтилар сериясида ишонч йўқмиди? Митрович норозими?

Ўз тарихида илк марта ОФК Кубогида қатнашган Жиззахнинг “Сўғдиёна” клуби афсуски ярим финалда Малайзиянинг “Куала Лумпур” жамоасини қабул қилиб мағлубиятга учради. Ҳолбуки, Улуғбек Бақоев бошқараётган “Сўғдиёна”да яна ўз майдонида ўйнаётгани учун устунлик бор эди.

Кўрган бўлсангиз, голга тортадиган бир қатор қулай имкониятларни ҳам яратишди. Футболда доим ҳам ҳужум қилган ва имкониятларни яратган жамоа ютавермайди. 120 дақиқа мобайнида дарвозалар ишғол этилмагач, охири пенальтилар сериясига навбат келди.

Бош мураббий айнан пенальтилар серияси учун дарвозабонни ўзгартиришга қарор қилди. Асосий посбон Милан Митрович ўрнини Ширинбой Абдуллаевга бўшатиб берди. Бундан мақсад аниқ эди: захирадан майдонга тушган дарвозабон пенальтилар сериясида ўзини кўрсатиши керак эди. Бироқ амалда бундай бўлиб чиқмади. У пенальтилардан тепилган барча зарбаларни ўтказиб юборди.

Натижада Бақоевнинг ушбу амалга оширган ўзгариши ўзини оқламади. Шу сабабли деярли ҳамма ундан кўра Митровичнинг ўзи қолгани яхши эди, дея фикр билдиришяпти. Sports.uz журналисти Шуҳратбек Жўраев мазкур вазият юзасидан Митрович билан боғланди.  

- Милан, қўшимча тайм тугаётганида, пенальтилар серияси бошланиши олдидан ўрнингизга Ширинбой Абдуллаев туширилди. Бундан чиқди, мураббий сизга пенальтилар сериясида ишонмадими?

- Бу мураббийнинг қарори эди. Унинг чиқарган қарори сабабини мураббийни ўзидан сўраганингиз маъқул.

милан3

- Агар ўрнингизга майдонга туширилган Абдуллаев пенальтилар сериясида ўзини кўрсатганида мураббий тўғри қарор қабул қилди, деб ўйлардик. Аммо Ширинбой жамоага ёрдам бера олмади. Сизнингча, бош мураббий дарвозабонларни алмаштириб хато қилдими?

- Мен бундай деб ўйламайман ва мураббийнинг қарорини ҳурмат қиламан.

- “Сўғдиёна” “Куала Лумпур”га қарши бир хил услубда ўйнади. Тактик ўзгаришлар ҳам кўрмадик. Бундай ўйин сизга ёқадими?

- Бу бизнинг ўйин услубимиз ва жамоамиз шунга асосан ўйнайди. Бизда ўзимизнинг имкониятларимиз бўлди, аммо...Охир-оқибат пенальтилар сериясида омадимиз чопмади.

милан1

- Рақиб дарвозабони жамоасини голлардан қутқарди. Унга қандай баҳо берасиз?

- Ҳа, рақиб посбони ўйин чоғида икки вазиятда жамоасини голдан сақлаб қолди ва ишонч билан ҳаракат қилди.

- Сизни ўша вазиятда алмаштириб юборгани оғир ботдими? Бундай қарорни кутмаганмидингиз?

- Билмадим. Лекин Абдуллаев максимум даражада ҳаракат қилди. Пенальтилар сериясида эса кимгадир омад кулиб боқса, кимдандир омад юз ўгиради.

милан4

- Ширинбой Абдуллаевни ўрнида пенальтини қайтарардим, деб ўйлайсизми?

- Йўқ, буни ҳеч ким олдиндан билмайди. Пенальтилар сериясида омад кулиб боққан жамоа ютиб чиқади.

- Умуман олганда, рақиб сизда қандай таассурот қолдирди?

- Ҳайрон қоладиган ери йўқ. Улар жамоавий ўйин намойиш этишди. Қарши ҳужум ҳамда бурчак тўплари чоғида яхшироқ ҳаракат қилишди.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!