"Сўғдиёна" учун аламли, "Андижон" учун ёқимли ғалаба ёхуд реванш олинган ўйин ҳақида
Бу турдаги энг шиддатли ўйинлардан бири кутилганидек Жиззахда бўлиб ўтди. “Сўғдиёна” ва “Андижон” ўртасидаги учрашув ўзига яраша таассуротлар билан ёдда қоладиган бўлди.
Ёдингизда бўлса, биринчи даврада Фарғонадаги “Истиқлол” стадионида “Андижон” “Сўғдиёна”ни қабул қилганида 1:0 ҳисобида олдинда бора туриб якунда аламли тарзда 1:2 натижаси билан имкониятни бой бериб қўйганди ва ўшанда "Бургутлар" аъзоси майдондан четлатилганди. Буни қарангки, Жиззахдаги учрашувда яна ўша ҳолат такрорланди, бу сафар “Андижон” фойдасига.
Ўйиндаги воқеалар жараёни деярли ўша манзарани такрорлади. “Сўғдиёна” ҳисобни очди. Иккинчи бўлимда эса “Бургутлар” иккита гол билан жавоб қайтарди ва мезбонлар футболчиси майдондан четлатилди.
Рости, учрашувда бош ҳакамининг 11 та сариқ ва 3 та қизил карточка кўрсатишини ҳеч ким кутмаган бўлса керак. Дастлабки қизил карточка 81-дақиқада мезбонлар аъзоси Марко Колаковичга кўрсатилди. Кейин 90+5-дақиқада Фарҳод Соҳибжонов четлатилди. Беллашувдан кейин эса мезбонлар ҳимоячиси Элёр Орифовга ҳам қизил кўрсатилди.
Ўйинга тўхталадиган бўлсак, мезбонлар ўзи учун яратган қулай имкониятдан унумли фойдаланди. Аммо “Андижон” танаффусгача ҳам ўз ўйини билан ёмон таассурот қолдиргани йўқ. Чунки қатор ҳужумлар билан мувозанатни тиклаш ҳаракатида бўлди. Бироқ ҳаммаси иккинчи бўлимда содир бўлди.
Танаффус пайтида бош мураббий Александр Хомяков шогирдларига тегишли ва керакли кўрсатмаларни бергани иккинчи бўлим бошиданоқ сезилиб турди. Йигитлар гарчи ҳисобда ортда қолаётган бўлишига қарамай, кўзи ёниб турарди ва ижобий натижага ишонч юқори даражада эди. Ўйин ҳам шунга яраша кечди. Айниқса, бош мураббийнинг режаси асосида ўйин ташкил қилинди ва якунда бунинг учун муносиб рағбат бўлди.
Бу борада гап кетганда мураббий яна бир бор захирадан ўйинчи алмаштиришда топқирлигини намойиш эта олди. Учрашувда бурилиш ясаш мақсадида ўйинга қўшилган футболчилар ўзларини кўрсатдилар. Рубин Хебайдан тўпни қабул қилиб олган Абдураҳмон Комилов жарима майдони ичида йиқитилди. Ҳакам эса иккиланмасдан 11 метрли нуқтани кўрсатди. Жамоамиз тўпурари Рубин Хебай эса ўз услубида гол урди ва Суперлигада 12 та голи билан якка пешқадам тўпурарга айланиб олди. 86-дақиқада эса энди катта саҳнага Фарҳод Соҳибжонов чиқди. У жамоадошининг қулай тўп узатишидан унумли фойдаланиб ўзининг аниқ зарбаси билан иккинчи голни урди ва “Андижон”нинг иродали ғалабасини таъминлай олди. Бироқ ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда Соҳибжонов ҳам майдондан четлатилди. Бош ҳакам футболчига қизил карточка кўрсатишдан аввал VAR орқали вазиятни кўрди ва шундан сўнг Фарҳодни майдондан четлатди. Шунга қарамай, "Андижон" мустаҳкам иродасини намойиш қилган ҳолда ғалабани сақлаб қолишга муваффақ бўлди.
Андижондан келган ашаддий мухлислар бутун баҳс мобайнида футболчиларни қизғин қўллаб-қувватладилар ва ўйиндан кейин жамоа аъзолари ёқимли ғалабани ўз суюклилари билан биргаликда нишонлади. Шу тариқа, “Андижон” биринчи даврадаги мағлубият учун реванш олди.
“Сўғдиёна” – “Андижон” – 1:2 (1:0)
21 октбярь. Жиззах. “Марказий” стадион. 951 томошабин.
Ҳакамлар: Рустам Чориев, Александр Буров, Акмал Ғиёсов.
VAR: Равшан Абдувоҳидов
AVAR: Шохнур Йўлдошев
Назоратчи: Олег Дачев
Комиссар: Диёр Ҳотамқулов
“Сўғдиёна”: Ширинбой Абдуллаев, Жасур Ёқубов, Абдуллоҳ Омоналиев (Миржалол Абдумуталов, 61), Элёр Орифов (Тарик Исич, 79), Алишер Салимов, Марко Колакович, Муҳаммадсафо Фозилов, Самандар Мавлонқулов (Улуғбек Кенжаев, 79), Люпчо Дориев, Жавоҳир Қаҳрамонов, Жасур Ҳасанов (Самандар Синдаров, 61).
“Андижон”: Игорь Литовка, Абдувоҳид Ғуломов, Владимир Бубанья, Ислом Маматказин, Илҳом Алижонов, Муҳаммадкарим Тоиров (Леван Арвеладзе, 62), Сардор Азимов (Фарҳод Соҳибжонов, 62), Фарҳод Бекмуротов (Бобур Фарҳодов, 75), Илҳом Абдуғаниев, Армин Бошняк (Абдураҳмон Комилов, 75), Рубин Хебай (Суҳроб Бердиев, 90+2).
Голлар: Люпчо Дориев, 13 – 1:0. Рубин Хебай, 78-пен. – 1:1. Фарҳод Соҳибжонов, 86 – 1:2.
Огоҳлантиришлар: Элёр Орифов, 25. Абдуллоҳ Омоналиев, 56. Самандар Мавлонқулов, 63. Марко Колакович, 69. Ширинбой Абдуллаев, 74 – Рубин Хебай, 6. Сардор Азимов, 25. Муҳаммадкарим Тоиров, 45+2. Ислом Маматказин, 50. Абдувоҳид Ғуломов, 84.Артём Петросян, 90+3.
Четлатишлар: Марко Колакович, 81. Элёр Орифов (ўйиндан кейин) - Фарҳод Соҳибжонов, 90+5.
Фикрлар