“Сўғдиёна”да танлов имконияти юзага келиши мумкин. “Навбаҳор”да эса акси
8 сентябрь куни Ўзбекистон Кубоги ярим финалига қуръа ташланди. Бевосита жонли эфирда намойиш этилган жараёнда “Навбаҳор” Наманганда “Сўғдиёна”ни, “Насаф” Қаршида АГМКни қабул қиладиган бўлди. Беллашувлар 13-14 октябрь кунлари ўтказилиши маълум қилинди.
Энди бевосита ярим финалчиларга тўхталсак. “Навбаҳор” чорак финалда “Пахтакор” билан ҳам чемпионат, ҳам кубокда ўйнагани каби “Сўғдиёна” билан ҳам шундай вазиятда тўқнаш келади. “Лочинлар”нинг “шерлар”га қарши учрашувлари орасидаги фарқ 5 кун эди. “Навбаҳор”нинг “Сўғдиёна” билан 2 беллашуви орасида 1 ойдан ошиқроқ муддат бор. Бу эса икки жамоага ҳам мазкур баҳсларга яхши тайёргарлик кўриш учун имконият. Икки жамоа ўзи қатнашаётган мусобақаларда фаворитлардан саналади.
ОФК кубогидаги охирги ўйиндан сўнг Улуғбек Бақоев жиззахликлар 3 фронтда кураш олиб бораётгани, бу қийин кечаётганини айтиб ўтди.
- "Сўғдиёна" ўзи чемпионлик учун кураш олиб бораётган уч фронтда ғалаба учун ўйнайди. Тўғри, жисмоний томондан муаммолар бор. Аммо биз биринчи бор бу каби нуфузли турнирда иштирок этяпмиз. Ҳар бир учрашувга алоҳида тайёргарлик кўрамиз ва айтганимдек, охиригача курашамиз.
ОФК Кубоги ярим финали аксарият шогирдларимиз учун ҳозиргача бўлган энг катта ғалаба ҳисобланади. Бу даражага сабримиз ва меҳнатсеварлигимиз орқали эришдик, - деди Бақоев.
Мураббийнинг гапида жон бор. Жамоа яхши кетмоқда. Шу билан бирга камчиликлар ҳам етарли. Энг катта муаммолардан бири захира. Захира ўриндиғининг торлиги жамоага муҳим паллада панд бериб қўйиши мумкин. “Сўғдиёна” Ўзбекистон ва ОФК Кубогида кам ўйинлар ўтказади (Боз устига ОФК Кубогида мўмайгина пул ишлаб олиш мумкин). Суперлига эса кўплаб ўйинлар кутмоқда. “Бўрилар” турнир жадвалида етакчилардан ва битта кам ўйин ўтказган. Бироқ бу жамоанинг фойдасига ишламаслиги мумкин. Нега? Чунки таркибдаги етакчиларнинг аксарияти “отахонлар”. Яъни жамоа ғалабаларида катта ҳисса қўшаётган футболчилар 35 ёшдан катта. Виталий Денисов 35, Шавкат Саломов 36, Жасур Ҳасанов 39 ёшда. Шуниси аниқки, улар шу ёшда ҳам ёшлардан кўпроқ ишни бажармоқда ва жамоа ғалабаларида салмоқли ўрин тутяпти. Бироқ мавсум охиригача “Сўғдиёна”нинг кучи етармикин? Шу кўпчиликни ўйлантирмоқда. Бир нарсани тахмин қилиш мумкин: “Сўғдиёна” “Навбаҳор”га қарши Суперлигадаги ўйиндан кўра Кубокдаги беллашувда хавфли рақиб бўлади.
“Навбаҳор”да вазият бошқача. Жамоанинг ишлари ёмонмас. Ҳар қандай рақибини ўз ўйин услубига мослаштириб, 1:0 ёки 2:1 ҳисобида ютади. Наманганликларда иккита таркиб борлиги уларнинг энг катта ютуғи. Аммо Самвел Бабаян ротацияга қўл урмаяпти. Деярли битта таркибни майдонга туширмоқда. Бу фойда беряпти. Аммо жиззахликлардаги каби рўй бериши мумкин бўлган муаммо кўтарилиши мумкин. У ҳам бўлса чарчоқ. “Сўғдиёна” захирада бошқа катта номларнинг йўқлигидан, “Навбаҳор” эса захираси бўла туриб, имкон бермасликдан мавсумнинг муҳим палласида панд ейиши мумкин.
Умуман олганда, Самвел Бабаяннинг таркибда ўзгариш қилмаслигини бугун кўрмаяпмиз. Терма жамоада ишлаганда ҳам шундай эди…
Жамоалар ҳозирча, Кубок ярим финали олдидан етакчилар сифатида қаралмоқда. Бу эса ўйинлар шиддатли ўтишига умид беради. Асосийси, беллашувда яққол фаворит йўқ. Таркиб ва менбон факторидан келиб чиқсак, “Навбаҳор” бироз устун. Лекин ҳаммаси майдонда ҳал бўлади.
Бекзод ИСАЕВ
Фикрлар