"Сўғдиёна"дан кетгани, жамоаси Суперлигада ўйинни сотган ёки йўқлиги, Жаҳон чемпионатида қайси жамоага мухлислик қилиши ҳақида ШАҲБОЗ ЖЎРАБЕКОВ билан катта интервью
Айни пайтда Қатарда Жаҳон чемпионати тобора ўзининг авж палласига чиқиб бормоқда. Мундиалга бўлган қизиқиш ўта юқори даражада бўлиб турибди.
Ўзбекистонда эса мавсум якунига етди ва жамоалар янги мавсумга тайёргарлик кўриш режаларини ишлаб чиқмоқда. Шунингдек, айрим клубларни етакчи футболчилар тарк этмоқда.
Бу мавсум ОФК кубоги, Ўзбекистон кубоги ва Суперлигада чемпионлик учун курашган "Сўғдиёна" якунда барча турнирларда муваффақиятсизликка учради. Биз шу фурсатдан фойдаланиб, "бўрилар" ҳимоячиси Шаҳбоз Жўрабековни суҳбатга тортдик.
У "Сўғдиёна"нинг омадсиз якунланган йили, янги мавсум жиззахликлар сафида бўлмаслиги, Суперлигадан бўлаётган таклифлар ва Жаҳон чемпионатидаги ўйинлар борасида ўз фикрларини билдириб ўтди.
- Авваломбор, ассалому алайкум! Қизғин курашларга, интригаларга бой ўтган бу йилги мавсум ҳам якунига етди. Мавсум ҳақида нималар дея оласиз?
- Ва алайкум ассалом! Аввало, ҳурмат қилиб суҳбатга чорлаганинггиз учун раҳмат айтиб қоламан. Ҳа, тўғри айтдингиз, бу йилги Суперлига баҳслари анча қизғин, шиддатли курашларга, ҳаяжонли лаҳзаларга бой ўтди. Буни турнир жадвалидаги зичликдан ва чемпионлик сўнгги тургача сақланиб қолганидан ҳам англаш мумкин. Якунда омад яна "Пахтакор" жамоасига кулиб боқди.
- "Сўғдиёна" дастлаб пешқадамлик учун курашаётганди. Маълум муддат жамоа 1-ўринда ҳам борди. Аммо кейин муаммолар юзага чиқа бошлади. Клубга айнан нима кўпроқ "бош оғриқ" бўлди?
- Тўғри, биз мавсумни юқори темпда бошладик. Кетма-кет ғалабалар, ОФК кубогида ҳам, Ўзбекистон кубогида ҳам яхши старт олгандик. Октябрь ойи биз учун синовли эканини билардик ва шундай бўлди ҳам. Иккита ярим финални бой бердик, чемпионатда ҳам қониқарсиз натижа кўрсатдик. 1 йил мобайнида қаттиқ меҳнат қилиб, охирида ҳеч нарсасиз қолиш жуда аламли ва оғриқли бўлди.
ОФК кубогидан сўнг барибир руҳий тушкунликка тушиб қолгандик. Бундан чиқиб кетишга ҳаракат қилдик. Афсуски, ҳеч нарса ўхшамади. Охирги учрашувларда "Сўғдиёна" ўйинни сотди", - деган гап-сўзлар тарқалди. Буни барчаси ёлғон, билиб-билмай гапиришларини хоҳламасдим. Аллоҳ бу йилги насибамизни шунақа қилиб ёзган экан. Бундан қочиб қутула олмаймиз. Бизга руҳий ҳолатимиз анча панд берди, деб ўйлайман.
- Жамоангиз 3 фронтда ҳам ғолиблик учун курашаётган эди. Сиз учун ОФК кубоги, Суперлига ёки Ўзбекистон кубогидан қай бирида чемпион бўлиш аҳамиятлироқ эди?
- 3 та фронтда охиригача, бор кучимиз билан кураш олиб бордик. Требл қилишни ҳамда нафақат Жиззах, балки Ўзбекистон тарихига киришни жуда истагандик. Лекин аввал айтиб ўтганимдек, Аллоҳ хоҳламаса, бизнинг минг уринганимиз ҳеч нарса бўлиб қолаверади.
Мусобақаларни бир-биридан ажратмаган бўлардим. Сабаби, учаласи ҳам катта аҳамиятга эга. Ҳаёт давом этади, насиб қилса, бундан катта муваффақиятларни қўлга киритамиз.
- Кубок ўйинида "Қизилқум" билан пенальтилар сериясида амалга оширган 11 метрлик жарима зарбангиз ОАВ нигоҳида алоҳида муҳокамаларга сабаб бўлди? Зарба йўллаган пайтингизда нималарни ҳис қилдингиз?
- Ҳа, ўзим ҳам ижтимоий тармоқларда буни жуда кўп ўқидим. Машғулотларда худди шунақа тепардим. Дарвозабонимиз Митрович ўйинда ҳам шундай тепишимни айтди. Ўша жараёнда шу қарорга келдим, паненка усулида зарба бердим ва бу якунда ўз самарасини кўрсатди. Бу таваккал тепилган зарба эмас эди.
- "Куала-Лумпур" билан ўйинда паненка тепмадингиз. Бунинг сабаби нимада?
- Бу жуда муҳим ўйин эди. Бунақа катта таваккал қилишдан кўра тўғри тепганимни афзал кўрдим. Ҳар ҳолда, рақиб жамоа бизни ўрганади, пенальти тепганларимизни кўришади. Шундан келиб чиқиб, паненка тепмадим. Якунда лотереяда хатога йўл қўйиб, жамоани финалдан маҳрум қилдим. Буни енгиб ўтиш жуда қийин. Барчаси ҳамон ёдимда.
- Бу омадсизлик эди, бизнингча. Ўйинда ҳам жамоа гол уриш учун тинмай ҳаракат қилди. Аммо малайзияликлар якунда "Сўғдиёна" услубида ғалаба қозониб кетди. Умуман олганда, "бўрилар"нинг ҳимоявий футболини жуда кўп танқид қилишади. Бу ҳақда қандай фикрдасиз? Ростан клуб услуби ҳимоявийликка қаратилганми?
- Ростан бу энг катта омадсизлик. Адашмасам, ўша баҳсда 20 дан ортиқ зарба берганмиз. Аммо ҳеч қайсиси голга айланмаган. Малайзияликлар ўша куни асосан, ҳимоявий футбол намойиш этиб, пенальтилар сериясигача етиб боришни мақсад қилганди. Улар якунда ниятларига етишди. Рақибда босим умуман йўқ эди.
Ҳа, ижтимоий тармоқларда деярли 90 фоиз мухлислар бизни ҳимоявий ўйнайди, дейишади. Ҳар бир мураббийни ўзига яраша тактикаси бўлади. Бизга беллашувдан олдин "ҳимоявий ўйнаймиз", - деб айтишмаган шу пайтгача. Фақат шошилмасликни, диққатни йўқотмасликни сўрашади. Ҳозир ҳамма футбол ўйнашни ўрганиб олган. Истайсизми-йўқми, футболда натижа қолади. Ўтган йили вице-чемпион бўлдик ва ҳамма бизни гапираётганди.
- Суперлигада сўнгги ўйинлардаги қониқарсиз натижаларга нима ёки нималар сабаб бўлди? Тушунишим бўйича бу фақат руҳиятга боғлик жараён эмасди. Клубда ички муҳит бузилгани тўғрисида гаплар тарқалганди...
- Барчаси руҳиятдан келиб чиқиб, натижага таъсир қилди. Иккита ярим финалда қолиб кетганимиздан кейин ўзимизга келиш учун анча вақт керак эди. Айтганимдек, буни қабул қилиш ташқаридан осон кўриниши мумкин. Лекин ичкаридан буни тушунтириб бера олмайман.
Сизга қандай маълумот беришган, билмадим-у, бизда ички муҳит жуда зўр эди. Битта оила бўлиб улгургандик. Сизга етиб келган бу каби миш-мишлар ҳар қанақасига асоссиз!
- Анчадан бери Жиззахда фаолият олиб борасиз. Шу вақт ичида қандай жамоалардан таклиф бўлган?
- 2014 йилдан бери "Сўғдиёна" жамоасида тўп тепиб келаман. Аввал ёшлар жамоасида, кейин 2018 йилдан асосий таркибда ҳаракат қилиб келмоқдаман.
Шу пайтгача фақат Ўзбекистон клубларидан таклиф бўлган. Аммо кўпинча менгамас, жамоанинг ўзи билан алоқага чиқишган.
- Бу мавсум эркин агентга айландингиз. Эшитишимизга қараганда, клуб билан шартномани узайтирмагансиз. Бунга ўзингиз қарор қилдингизми ёки клуб сизга қулай таклиф бера олмадими?
Фикрлар