Сон "Тоттенхэм"га қайтади
"Лос-Анжелес" ҳужумчиси Сон Хён Мин "Тоттенхэм"ни тарк этганидан кейин илк бор "шпорлар" стадионига қайтиб, Чемпионлар лигаси доирасида Праганинг "Славия" клубига қарши ўйинда клуб мухлислари билан хайрлашади. Бу ҳақда "Тоттенхэм" матбуот хизмати хабар бермоқда. Учрашув 10 декабрь куни бўлиб ўтади ва Тошкентда соат 1:00 да бошланади.
"Ёзда "Тоттенхэм"ни тарк этишим ҳақидаги қийин қароримни эълон қилганимда, мен Кореяда эдим, стадионда мухлислар билан яхшироқ хайрлашиш имконияти йўқ эди. Энди жуда бахтиёрман, чунки 9 декабрь куни Лондонга Чемпионлар Лигаси ўйинига қайтаман ва "Тоттенхэм" мухлисларига 10 йил давомида уларнинг қўллаб-қувватлаши ва севгиси мен билан оилам учун қанчалик муҳим бўлганини шахсан айтиб бера оламан. Бу ҳаяжонли бўлади, аммо мен ва клуб учун бу содир бўлиши муҳим", - дея Сон Хён Миннинг сўзларини келтиради клуб расмий сайти.
Эслатиб ўтамиз, 33 ёшли жанубий кореялик ҳужумчи август ойи бошида "Тоттенхэм"дан 26 млн доллар эвазига "Лос-Анжелес"га ўтган эди. У бунгача "Сеуль', "Гамбург" ва "Байер" клубларида тўп сурган, 2015 йилдан буён Лондон клуби шарафини ҳимоя қилиб келаётганди. "Шпорлар" сафида Сон 454 та ўйин ўтказиб, 173 та гол урди ва 101 та голли узатмани амалга ошириб, 2024/2025-йилги мавсумда Европа Лигаси ғолибига айланди.



Фикрлар