“Спартак”да Ўруновнинг ўрни борми?

Ўзбекистонлик ярим ҳимоячи Остон Ўрунов ёзги трансферлар мавсумида “Спартак” пул сарфлаб, трансфер қилган ягона футболчи бўлиб қолмоқда. Гарчи москваликлар қатор номзодларни  кузатаётган бўлса-да, жамоани кучайтиришга қодир трансфер эгаларини топа олганича йўқ. Остондан бошқа янги келганларнинг барчаси эркин агент сифатида жамоа сафига қўшилган ўйинчилардир.

Остон Ўрунов Россия премьер-лигаси доирасида асосий таркибдаги дебютини 10-турда мамлакат чемпиони “Зенит”га қарши ўтказилган марказий учрашувда нишонлади. Майдон марказида фаол ҳаракат қилган ҳамюртимизнинг ўйини икки хил таассурот қолдирди. Ўз навбатида, “Спартак” ва “Зенит” ўйини бўйича фикр билдираётганларнинг баҳоси ҳам бир-биридан кескин фарқ қилмоқда.

Энг аввало, Остон Ўрунов учун ҳам, унинг мухлислари учун ҳам “Спартак” бош мураббийи Доменико Тедесконинг фикри муҳим ҳисобланади. Чунки Остонни ўйинга тушириш масаласини айнан шу мутахассис ҳал қилади.

- Жамоамизда етакчи ўйинлар кўп. “Зенит”га қарши сардоримиз Георгий Жикия ва Самюэль Жига яхши ўйнади. Павел Маслов ҳимояда рақибнинг узун пасларини тўсиб қўйди. Таянч зонада Алекс Крал ва Остон Ўрунов яхши ўйин кўрсатди. Остон учун бу асосий таркибдаги дебют учрашуви бўлди ва мен унинг ўйинидан мамнунман. Ҳужумларда Понсе, Бакаев ва Ларссон фаоллик кўрсатди.

1280_864_max (5)

Ўрунов тўпни ўзида кўп ушлаб қоляпти ва натижада уни йўқотиб қўймоқда, деган фикрларга қўшиламан. Лекин бу нафақат Остонга, балки бошқаларга ҳам тегишли. Тўпни йўқотмаслик учун оддийроқ ўйнаш керак. Остон шижоатли футболчи ва у ҳужумга ўтишга қўрқмайди. Шунингдек, унинг техникаси кучли ва ҳар қандай рақибни бирга бир вазиятда алдаб ўта олади, прессингдан чиқишга уста. Ҳозир ҳамма гап ўйин балансида. Мен Остон ва бошқа ёш ўйинчиларимиз ҳам ўйин темпига мослашиб олишига ишонаман, - деди Доменико Тедеско учрашувдан сўнг журналистларнинг саволларига жавоб берар экан.

“Спорт Эксперс” бош муҳаррири ўринбосари Максим Алланазаров “Спартак” таркибни кучайтириши керак, деган фикрни илгари сурмоқда.

- Бугун “Спартак” чемпионга қарши ўйинга бундай юқори даражадаги учрашувларга ҳали тайёр бўлмаган Остон Ўруновни илк дақиқалардан чиқаришига тўғри келди. Агар Тедесконинг қўл остида маҳоратли ижрочилар кўпроқ бўлганида, ўйин бошқарувини ўзгартириш ва ғалаба учун имкон бўларди, - деб ёзади Алланазаров.

Gazeta.ru сайти журналисти Александр Седов ҳам Ўруновнинг катта ўйинларга етарли даражада тайёр эмаслигини таъкидлади.

- “Спартак”нинг энди оёққа тураётган жамоа сифатида хато ва камчиликларини тўғри тушунса бўлади. Хусусан, Ўрунов ҳали жамоа ўйин услубига киришиб кета олгани йўқ ва “Спартак”да ундан нима кутишаётганини тўлиғича тушуниб етмагани сезилиб турибди, - дейди Седов.

“Спартак”нинг собиқ президенти Андрей Червиченко амалдаги бош директори Шамиль Газизовни танқид қилиш баробарида Ўруновнинг “боғига ҳам тош отиб” ўтди.

- “Спартак” яхши бошлаб, кейин “ўтириб” қолди. “Зенит” ҳам жуда кўп хатога йўл қўйди. Малком умуман ўйиндан четда юрди ва “Спартак” бир футболчига кўп ўйнагандек кўринди. Шамиль Газизов “Спартак”га келганидан кейин бирон нима қилганини билмайман. Ўруновни олиб келди. У майдондан кўра, бутикларда ўзини яхши кўрсатяпти. Газизов “Уфа”ни кучсизлантириб кетди ва жамоа энг паст поғоналарга тушиб қолди. Газизов орқали “Спартак” билан ҳамкорлик қилган жамоалар аҳволига бир қаранг, - дейди Червиченко.

Шунингдек, турли сайтлар блоггерлари ҳам Остон Ўрунов ўйинини таҳлил қилганда, ҳамюртимизнинг тўпни ўзида кўп ушлаб қолиши ва айрим ҳолларда олдириб қўйиши, пас беришдаги хатолари ва рақиб тўпни эгаллаб олганида ҳимояга қайтмаслигига эътироз билдирмоқда.

f216de34-05a6-11eb-bd65-fa163e074e61

Яна бир аҳамиятли жиҳат шундаки, Остонга билдирилаётган асосий эътирозлар журналистлар, блоггерлар ва футбол атрофидаги одамлар томонидан илгари сурилмоқда. Футбол ичидаги мутахассислар, собиқ футболчилар ва мураббийлар, бир сўз билан айтганда ўз ишининг устаси бўлган профессионаллар Ўруновнинг ўйинида кўп ижобий жиҳатларни кўрмоқда.

- “Спартак” – “Зенит” учрашуви яхши бўлди. Менимча, дуранг адолатли натижа. Ўруновни ўйини ҳақида нима дейиш мумкин? Тўғри, у хатоларга йўл қўйди, лекин бу унинг асосий таркибдаги дебют учрашуви эди. Дебюти жуда муҳим учрашувга тўғри келди. Умуман олганда эса, яхши ўйнади, - деди “Спартак”нинг собиқ футболчиси Александр Самедов.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, ҳар бир футболчи ўз фаолияти давомида турли муносабатларга дуч келади. Мақтов ва танқид доимо ёнма-ён. Асосийси, “Спартак” раҳбарияти ва мураббийлари Остон Ўруновни истеъдодли ёш ўйинчи сифатида қадрламоқда ва унинг яқин келажакда жамоанинг етакчи футболчисига айланишига умид билдирмоқда. Остон Ўрунов эса, эътиборга ҳам, эътирозга ҳам фақатгина ўз ўйини билан жавоб бериши керак...

 

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Окаси
07/10/2020 15:14
Кимга қанақа билмадим-ку, Остон ўзидаги кибр, такаббурликни йўқотмас экан, унда кейинги мавсум бошқа жамоага ижарага берилади ёки Спартакдан кетади!
Odil Kilichov
06/10/2020 23:17
булса керак уйниябдику
&
Liverpool fan
06/10/2020 09:53
Олга Остон
Алишер Собиров
05/10/2020 08:24
Достон хали шунака чиройли уйинлар курсатади
Факат бироз вакт керак.1 .2та уйин билан хулоса чикарилмеди
&
998915993686
04/10/2020 21:30
Tòģrida kòp òziga ishonvoryapti. Aniq paslar juda kam lekin voqelikning rivoji yaxshi yani oldindan kòrish. Keyinchalik yaxshi bòladi men ishonaman.
Avaz Begmatov
05/10/2020 06:15
Биз хам ишонамиз! Остон уйнаб кетади.
&
Насаф
05/10/2020 06:43
Йук. Урин йук