SPORTS.uz'да жаҳон чемпионати кундалиги (1-сон)

Футбол ишқибозлари орзиқиб кутган жаҳон чемпионати бошланди. SPORTS.uz сайти ушбу мундиал кундалигини тақдим этиб боради.

Дастлабки ўйинда Осиёнинг амалдаги чемпиони Қатар Эквадордан енгилди. Англия эса қитъамизнинг яна бир жамоаси Эронни 6:2 ҳисобида тор-мор этди. Манесиз Сенегал охирги дақиқаларда мағлубиятга учради. Гарет Бэйл жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолди ва чемпионатдаги илк дуранг қайд этилди. 

Қуйида мана шу ўйинлар ҳақида фикр юритамиз.

Қатар - Эквадор ўйини ҳақида

20 ноябрь куни Қатарда 4 йилликнинг энг нуфусли мусобақаси бошланди. Дунёнинг 32 давлатидан терма жамоалар 8 гуруҳга бўлинган ҳолда секин-аста курашларга киришмоқда.-

Эътиборлиси, ЖЧ-2022 очилиш маросимида қатарлик қори Ғаним Муфаҳ Қуръони Карим оятларидан тиловат қилди.

Очилиш маросими якунлангач, Қатар - Эквадор учрашуви бошланишидан аввал «Ал-Байт» стадионида ЖЧ бош совринининг макети намойиш этилди. Бу анъана барча ареналардаги илк ўйинларда йўлга қўйилмоқда. Шу тариқа, ЖЧ-2022 расман старт олди.

Биринчи беллашувда Эквадор мезбонлар дарвозасига жавобсиз 2 та гол урди. «Фенербаҳче» ҳужумчиси Эннер Валенсиянинг дубли Лотин Америкаси вакилларига ғалаба келтирди.

ЖЧ-2022нинг илк голини Эквадор сардори Эннер Валенсия мезбонлар дарвозасига пенальтидан киритди. Мундиаллар тарихида илк бор турнирнинг 1-голи пенальтидан урилди.

CU6jObNtw4cmTZbTZi9RBDecAHrEsPehwVzLflN6.jpg_width=1200Xheight=autoXtype=1

Ҳужумчи голгача ҳам дарвозани ишғол этганди. Бироқ ВАР орқали гол инобатга олинмай, ўша вазият офсайд деб топилди.

Қизиқ жиҳати, Қатар биринчи бўлимда Эквадор дарвозасига аниқ зарба бера олмади. Осиёнинг амалдаги чемпиони ҳеч нарса қила олмади.

Шу тариқа, чемпионатларнинг 92 йиллик тарихида илк бор мезбон жамоа очилиш ўйинида ютқазди. 

 

Англия - Эрон ўйини ҳақида

1-турдан ўрин олган Англия - Эрон баҳсида инглизлар йирик 6:2 ҳисобида ғалаба қозонди.

"Уч шерлар" таркибида Сака дубль муаллифига айланди. Шунингдек, Беллингем, Стерлинг, Рэшфорд биттадан гол урди. Форслар таркибида Меҳди Тареми дублга эришди. Ўйинда тўхталишлар кўп бўлгани учун учрашув 114 дақиқа давом этди.

Саутгейт шогирдлари "B" гуруҳида яққол пешқадамга айланиб олди. Сака ва Тареми ҳам Валенсия каби иккитадан гол уриб, тўпурарлар баҳсида етакчилик қилмоқда.

fvEHVT16690454533583_l

Эътиборли томони, Англия терма жамоаси ярим ҳимоячиси Жуд Беллингем Эрон билан ўйинда жамоасининг биринчи голини киритди. У жаҳон чемпионатида гол урган Майкл Оуэндан кейин энг ёш футболчига айланди.

19 ёшли иқтидор соҳиби терма сафида 18-ўйинини ўтказди. Бугунги гол эса Жуд учун дастлабкиси эди.

Беллингем 19 ёш 145 кунлигида Англия билан мундиалда гол уришга муваффақ бўлди. Фақат Майкл Оуэн ундан ёшроқ пайтида шундай натижа қайд этган. Оуэн ўшанда 18 ёшу 190 кунлик бўлган.

"Манчестер Юнайтед" ҳужумчиси Маркус Рэшфорд ўйиннинг 70-дақиқасида Сака ўрнига майдонга тушди ва 49 сония ичида гол урди. Бу жаҳон чемпионатлари тарихидаги энг тезкор учинчи кўрсаткич. Тарихдаги энг тезкор гол эса туркиялик ҳужумчи Ҳоқон Шукурга тегишли. У 2002 йилги жаҳон чемпионатида 3-ўрин учун бахсда ўйиннинг 11-секундида Жанубий Корея дарвозасига гол урган.

Бунгача "уч шерлар" 6 ўйиндан бери ғалаба нималигини билмай келаётганди. Бу вақт оралиғида инглизлар 3 дуранг ва 3 мағлубият қайд этган.

Гарет Саутгейт шогирдлари сўнгги бор 29 март куни ўртоқлик учрашувида Кот'д-Ивуар устидан 3:0 ҳисобида ғалаба қозонганди. Расмий баҳсларда эса охирги марта 2021 йилнинг 16 ноябрида Сан-Марино 10:0 ҳисобида таслим этилган.

 

Сенегал - Нидерландия ўйини ҳақида

Бугун Қатар яшил майдонларида ўтаётган мундиал 1-туридан ўрин олган баҳслар давом эттирилди. Улардан бирида Сенегал номинал мезбон сифатида Нидерландия билан куч синашди. Ушбу беллашувда европаликлар 2:0 ҳисобида зафар қучди.

Аҳамиятлиси, нидерландияликлар илк бўлимда рақиб дарвозаси томон бирорта аниқ зарба йўллай олмади. Сенегал эса бу вақтда битта аниқ зарба беришга муваффақ бўлганди.

Тўқнашувдаги дастлабки гол 84-дақиқада Коди Гакпо томонидан киритилди. Френки де Йонг томонидан узатилган тўпни у боши билан дарвозага тўғрилаб юборди. Шунингдек, 90+9-дақиқада Классен ўз номини таблога ёздириб, ўйинга мантиқий нуқтани қўйди.

senegal_-_niderlandy_prognoz_i_stavki_ot_bk_pinnacle

Бу Луи Ван Гал шогирдларининг мағлубиятсиз давом этиб келаётган 16-учрашуви бўлди. Охирги марта "лолалар юрти" вакиллари 2021 йил 27 июнь куни Чехия томонидан мағлуб этилганди.

Қизиғи, Африканинг амалдаги чемпионлари 2018 йилги Жаҳон чемпионатида 74, 78 ва 86-дақиқаларда ўз дарвозасидан тўп олиб чиққанди. Бу сафар ҳам терма 84 ва 99-дақиқаларда гол ўтказиб юборди.

Шу тариқа, "учар голландлар" гуруҳ босқичида очколари сонини 3 тага етказиб олди. "Теранга шерлари" эса дастлабки турда аламли мағлубиятга учради.

 

АҚШ - Уэльс ўйини ҳақида

АҚШ - Уэльс баҳсида 1:1 ҳисобидаги дуранг қайд этилди. Дастлаб, 36-дақиқада Тимоти Веа Пулишичнинг узатмасидан сўнг беллашувда ҳисобни очди. 82-дақиқа ўтиб бораётган бир пайтда Гарет Бэйл пенальтидан гол уриб, беллашувда мувозанатни тиклади. Шу тариқа, жамоалар илк турда 1 очкодан бўлишиб оладиган бўлди. Ушбу баҳс Қатар-2022даги илк дуранг бўлди.

SPUZ1042

Гарет Бэйл Уэльс термасининг 1958 йилдан буён жаҳон чемпионатидаги биринчи голини урди. Унинг голи Уэльс терма жамоасининг 64 йил ичидаги биринчи голи сифатида тарихга кирди. Бугунги кунга қадар охирги гол муаллифи 1958 йилги жаҳон чемпионатида Венгрия дарвозасига тўп киритган Терри Медуин эди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!