SPORTS.uz'да жаҳон чемпионати кундалиги (20-сон)
Қатарда жаҳон чемпионати давом этмоқда. SPORTS.uz сайти ижодкорлари ушбу мундиал кундалигини тақдим этади.
Жаҳон чемпионатида Марокаш бошлаган чиройли эртак якунланди. Аммо ҳали улар 3-ўрин учун ўйинда иштирок этади. Франция эса кетма-кет иккинчи марта мундиал финалига йўл олди. Мбаппени ҳал қилувчи беллашувда Месси кутмоқда.
Франция - Марокаш 2:0
Мундиалнинг иккинчи ярим финалида амалдаги жаҳон чемпиони Франция Африка қитъаси вакили Марокаш билан куч синашди. Беллашув 2:0 ҳисобида Дешам шогирдларининг ғалабаси билан якун топди.
Французлар 5-дақиқадаёқ тезкор гол уришга муваффақ бўлди. Рақиб жарима майдонидаги тартибсизликдан сўнг Тео Эрнандес ноодатий усулда ҳисобни очди. Ҳамманинг эътибори Мбаппега қаратилган бир пайтда Тео Эрнандес муваффақият қозонган.
Жамоалар бу вазиятдан кейин гол уриш учун бир неча қулай имкониятларга эга бўлди. Бироқ 79-дақиқага қадар таблода ҳисоб ўзгармади. Захирадан майдонга тушган Коло-Муани тўпга биринчи тегинишининг ўзида рақиб посбонини ранжитди. У Мбаппенинг ўта қулай узатмасидан сўнг тўпни деярли бўш қолган дарвозага жойлаб қўйди ва баҳсга нуқта қўйди.
Қизиқ факт! Франция жаҳон чемпионлатларида биринчи бўлимда ғолиб сифатида танаффусга чиққан бўлса, ҳеч қачон ўйинда енгилмаган. Французлар илк 45 дақиқаликдаги ҳисобда олдинда борган 25 ўйиннинг 24 тасида ғалаба қозонган бўлса, бир бор дуранг ўйнаган.
5-дақиқада ҳисобни очган Тео Эрнандес тарихга кирди. Унинг голи жаҳон чемпионати ярим финалларида урилган энг тезкор голлардан бирига айланди. Тео Эрнандесдан олдинги натижа Бразилия футболчиси Вавага тегишли. У 1958 йилги дунё биринчилигида Францияга 2-дақиқада гол урган.
"Уч ранглилар" ўз тарихида тўртинчи марта мундиал финалига чиқди ва мазкур финалларнинг барчаси 1998 йилдан кейинги даврга тўғри келади (1998, 2006, 2018 ва 2022). Бу вақт ичида бошқа ҳеч бир жамоа ЖЧ финалига кетма-кет икки мартадан ортиқ чиқмаган.
Дидье Дешам кетма-кет икки жаҳон чемпионати финалига чиққан тўртинчи мураббий бўлди. Бундан олдин Италия термаси билан Витторио Поссо (1934 ва 1938), Аргентина билан Карлос Билардо (1986 ва 1990) ва Германия термаси билан Франц Беккенбауэр шундай натижага эришганди.
"Реал" клуби ҳужумчиси Карим Бензема Франция иштирокидаги ЖЧ-2022 финалига келиши мумкин. AS нашрининг хабарига кўра, "қироллик клуби" агар футболчи Қатарга боришни хоҳласа, унга қаршилик қилмаслигини билдирган. Қарор Бенземанинг ўзига боғлиқ, "Реал" унга халақит бермайди. Агар Франция терма жамоаси финалда ғалаба қозонадиган бўлса, Карим ҳам жамоа билан бирга медаль олиш имкониятига эга бўлади.
Эслатиб ўтамиз, ҳужумчи мундиал стартига бир неча кун қолганида жароҳат олиб, терма жамоа лагерини тарк этганди.
Финалда Франция терма жамоаси Месси бошчилигидаги Аргентинага қарши саф тортади. Ўйин 18 декабрь куни бўлиб ўтади. Марокаш эса 17 декабрда бронза медаллар учун Хорватия билан куч синашади. Беллашувлар Тошкент вақти билан 20:00га белгиланган.
Фикрлар