Сречко Катанец Қозоғистонга қарши ўйин олдидан принципиаллик, сўнгги дақиқаларда гол ўтказиб юборишимиз ва легионерлар ҳақида гапирди

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Сречко Катанец Қозоғистонга қарши ўйин олдидан ўтказилган матбуот анжуманида иштирок этди.

— Ҳаммага ассалому алайкум. Эртанги ўйин ҳам ҳар доимги каби ўртоқлик учрашуви ҳисобланади. Ҳеч қандай ўзига хос беллашув, деб айта олмайман. Бугунга келиб, тўлиқ таркиб йиғилди. Лекин ўйлайманки, биз эртанги учрашувда ҳам ўз ўйинимизни намойиш эта оламиз.

– Осиё кубогининг бошқа вақтга кўчирилиши режаларингизга қандай таъсир қилди?

Катта таъсир қилди, дея олмайман. Биз ҳар қандай вазиятга мослашишимиз лозим. Бунинг ижобий томони ҳам бор. Биз кўпроқ ўйинлар ўтказиб, тайёргарликни мустаҳкамлашимиз мумкин. Яна бир яхши томони, бизда чемпионат ноябрда тугайди. Бу орқали Осиё кубогига тайёргарлик кўриб, яхши формада етиб борамиз.

– Бу йиғинда Иброҳимхалил Йўлдошев иштирок этмайди. Бу нима билан боғлиқ? 

Биз бошқа футболчиларни текшириб кўрмоқчимиз. Албатта, мен унинг деярли ҳар бир ўйинини кўриб бораман. У асосий таркибда ҳаракат қилади, баъзан эса захирада қолади. Айтишим мумкин-ки, у ҳали жуда ёш ва унда ўйинини яхшилаш учун етарлича вақт бор. Агар Иброҳимхалил 30 ёшда бўлганида, "Бўлди, уни бошқа чақирмаймиз", дейишим мумкин эди. Чунки у ўз услубини ўзгартириши керак.  

– Аввалдан бир касалимиз бор: сўнгги дақиқаларда гол ўтказиб юборамиз. Бу охирги ўртоқлик учрашувида ҳам содир бўлди. Буни қандай қилиб бартараф этса бўлади? 

Бу барча жамоалар билан содир бўладиган муаммо. Дунёнинг энг яхши жамоалари ҳам охирги дақиқаларда гол ўтказиб юбориши мумкин. Футбол ўзгариб бормоқда. Футболчилар охирги дақиқаларда чарчаб қолиши мумкин. Шу сабабли, консентрация йўқолади. Қолаверса, омад факторини ҳам унутмаслик керак. Умуман олганда, биз ўша ўйинда (Коста-Рикага қарши баҳс) ҳимоядаги хатоларимиз туфайли ўйин сўнггида гол ўтказиб юбордик".

– Узоқ танаффусдан кейин Қозоғистон терма жамоасига қарши ўйнаймиз. Рақибнинг даражаси биз учун сўроқ. Сиз уларни ўргангансиз, нима деб ўйлайсиз, улар Осиё даражасида ТОП-5га кириши мумкинми? Ёки эртанги баҳсда Ўзбекистон фаворитми?

Тўғриси, кучли бешликка кирадими, йўқми билмайман. Бошқа лигада ўйнаётган жамоани таққослаш қийин. Бундай жамоаларда кўп нарса авлодларга боғлиқ. Уларни ҳурмат қиламан. Рақиб ўйинларини таҳлил қилдик. Менга уларнинг услуби ёқди. Эртага осон бўлмайди. Рақиб футболчилари ҳар бир вазият учун курашади. Улар 5 киши бўлиб ҳимояланишади ва тўпни олиб қўйиши билан кўпчилик қарши ҳужумга ўтади. Биз учун бу оддий ўртоқлик учрашуви, унда ўз ўйинимизни намойиш этамиз. Ўйлайманки, рақибларимизнинг агрессив футболига қарши ўзимизнинг ақлли ўйинимизни намойиш эта оламиз.

– Мураббий эртанги ўйинга оддий қараймиз, деди. Аммо ўзбек сегментида Қозоғистон анча принципиал рақиб ҳисобланади. Бу чиндан ҳам мураббий ва футболчилар учун оддий ўйинми? Рақиб бу ўйинга мукофот пули қўйган, сал эътиборлироқ бўлсак яхши бўлармиди...

Нимаям дердим. Кўпчилик учун бу дерби бўлиши мумкин, аммо мен фикримни ўзгартира олмайман — бу оддий ўртоқлик ўйини. Кўпчилик 2007 йилдаги ўйинда жанжал бўлганини айтди, бироқ ҳозир иккала жамоада ҳам умуман бошқа ўйинчилар ҳаракат қилади. Футболчилар бор кучини беради, лекин мавсум охирида чарчоқ аломатлари сезилади. Машғулотларга келсак, энди 1,5та машғулот ўтказдик. Ўртоқлик учрашувида янги футболчиларни синаб кўриш кераклигини айтасизлар, лекин натижа ҳам талаб қилинади. Агар менда сеҳрли таёқча бўлганида, ҳар битта ўртоқлик учрашувини ютган бўлардик. Бу ерга мен расмий ўйинларни ютиш учун таклиф қилинганман.

– Элдор таркибга кеч етиб келди. Ниҳоят эртага Сергеевни майдонда кўрамизми ёки чарчаб етиб келган, сардор Шомуродов ўйнайдими? 

Элдор асосий таркибда майдонга тушади. У чарчамаган, чунки "Рома"да сўнгги баҳсда ўйнамади. У ҳатто бошқа ўйинчилардан ҳам яхши ҳолатда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!