Суннатулла Азимов: Ришод Собиров сингари Ўзбекистон спорти тарихида из қолдираман

 

Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионатлари каби нуфузли мусобақаларда шоҳсупага кўтарилган етакчи спортчиларимиз ёшлар учун ҳақиқий ибрат ва намунадир. Дзюдо бўйича икки карра жаҳон чемпиони ва икки карра Олимпия ўйинлари совриндори Ришод Собировга ҳавас қилиб спорт билан шуғулланаётган ёшларимиз ҳам кўпчиликни ташкил қилади.

SPORTS.uz ахборот портали ана шундай ёш полвонлардан бири Суннатулла Азимов билан суҳбатлашди.

- Суннатулла, ўзингиз ва спортга бўлган қизиқишингиз ҳақида гапириб беринг...

- Мен 1990 йил 20 апрелда Тошкент шаҳрида туғилганман. Оиламизда спортнинг кураш турларига қизиқиш катта. Отам дзюдо ва самбо билан жиддий шуғулланганлар. Икки спорт туридан ҳам спорт устаси бўлганлар.

Мени спортга акам олиб келган. Ўшанда 9 ёшда эдим. Отам бизга қараб, “Спортда мендан ўтиб кетгин” дердилар. Уларни ишончларини оқлаш учун бор куч-қувватим билан ҳаракат қилардим.

Дзюдо, самбо ва кураш сир-асрорларини пухта ўзлаштириб, спортчи бўлиб етишдим.

- Ютуқларингиз ва совринларингиз орасида энг қадрлилари қайсилар?

- Энг катта ютуғим отамга берган сўзимнинг устидан чиққаним. Доим “Спортда мендан ўтгин” деганларига дзюдо ва самбо  бўйича халқаро тоифадаги спорт устаси, курашдан спорт устаси унвонларига эга бўлдим. Албатта, спорт устаси деган ном ўз-ўзидан берилмайди. Бунинг замирида нуфузли мусобақалардаги ғалабалар бор.

Аслида мен учун барча совринларим қадрли. Лекин самбо ва дзюдодан Осиё чемпиони бўлганим, самбо юлдузлари иштирокидаги жаҳон чемпионатидаги ғалабам, дзюдо бўйича жаҳон кубоги бронза медали мен учун айниқса қадрли. Чунки бу ғалабалар осонликча келмаган.

Барча ғалабаларимда устозларим – Фарҳод Агаев ва Фарғод Тўраевнинг хизматлари катта.

Кўп спортчилар яккакурашнинг турли йўналишлари бўйича хорижда шуғулланишни маъқул кўрмоқда. Сиз бунга қандай қарайсиз?

Менимча, юртимизда ҳар қандай спорт тури бўйича машғулот ўтказиш учун барча шароит бор. Айниқса, яккакураш турлари бўйича ўзбек мутахассислари, мураббийлари кучли ҳисобланади. Мен учун энг зўр машғулотлар шу ерда бўлади. Хориждаги ўқув-машғулот йиғинларига тажриба алмашиш учун бориш мақсадга мувофиқ.

Сизга чет эл клубларидан таклиф бўлса қандай қарорга келасиз?

Мен бунақа таклифларга эътибор қаратмайман. Чунки ўз олдимга қўйган мақсадим бор. Машҳур дзюдочи Ришод Собиров каби Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионатида шоҳсупага кўтарилишни, Ўзбекистон спорти тарихида из қолдиришни мақсад қилганман. Бу йўлдан оғишмай ҳаракат қиламан.

Суннатулла суҳбат учун катта раҳмат. Мақсадларингизнинг барига эришинг.

SPORTS.uz

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!