Суперлига. Биринчи давранинг сўнгги тури бошланяпти. Бизни нималар кутмоқда?
Бугун Суперлигада биринчи давранинг охирги тур ўйинига старт берилади ва беллашувлар 28 июнга қадар давом этади. Қуйида шу хусусида тўхталамиз.
25 июнь
20:00. “Олимпик” – “Сурхон”
13-турни “Олимпик” – “Сурхон” беллашуви бошлаб беради. Яхши ўйин бўлади. Иккала жамоа ҳам ҳужумкор услубда ўйнайди. Шу сабабли жамоаларинг ўйин схемалари бир-бирига ўхшаш. Имкониятлар тенг ва агар дуранг кузатилса ҳам ажабланмаймиз.
26 июнь
20:00. “Андижон” – “Навбаҳор”
Мана бу шубҳасиз турнинг марказий ўйини ҳисобланади. Водий дербиси доирасида ўтадиган “Андижон” ва “Навбаҳор” клублари ўртасидаги учрашувни ҳамма катта қизиқиш билан кутаётгани рост. Андижонликлар 7 та ўйиндан бери, наманганликлар эса 4 та баҳсдан бери ютолмаяпти. “Бобур арена”да ҳақиқий жанг бўлади. Атмосфера қандай бўлишини тасаввур қилиш қийин эмас. Ғалаба иккала жамоага жуда зарур. Бу баҳс турнинг безагига айланиши кутиляпти.
20:00. "Металлург" – "Насаф"
Ҳали ғалаба нималигини билмаётган “Металлург” биринчи даврани ғалабасиз якунлайдими ёки 13-турга келиб илк ғалабасини қўлга киритадими? Биласиз, яқинда “Металлург” раҳбарияти черногориялик бош мураббий Веско Стешевични истеъфога чиқаришди. Ўтган турда вақтинчалик бош мураббий этиб тайинланган Илёс Қурбонов бошчилигида ҳам мағлубиятга учрашди. Рақибдан бир футболчи кўп бўлгани ҳам бекободликларга қўл келмади. Навбатдаги рақиб “Насаф” ва “Металлург” учун янада оғир бўлади. Бекободликлар биринчи даврани ғалабасиз якунлаши эҳтимоли кўпчилик томонидан юқори баҳоланмоқда. Буни ўйин куни кўрамиз.
27 июнь
20:00. "Пахтакор" – "Бунёдкор"
Олдин ушбу жамоалар ўртасидаги ўйин шубҳасиз барчанинг эътиборида ва турнинг марказий мақоми остида ўтарди. Бугунги кунга келиб эса вазият ўзгарди. “Бунёдкор” олдингидек эмас. “Пахтакор” таркиби ёшарган ва ҳозирда иккала жамоа ҳам ўз даражасида иштирок эта олмаяпти. Бу баҳсда Шацких жамоаси фаворит сифатида баҳоланаётган бўлса ажаб эмас. Лекин ўртадаги фарқ у қадар катта эмас.
20:00. "Нефтчи" – "Локомотив"
“Локомотив”га Александр Крестинин бош мураббий этиб тайинланганидан кейин унинг бошчилигида жамоа иккита ўйинда иккита мағлубиятга учради. “Нефтчи” ҳам ўтган турда ютқазди. Ўйин Фарғонада ўтади ва ташаббус мезбонларда кўпроқ бўлиши табиий. Лекин бу йилги чемпионатда кутилмаган натижалар кўп бўляпти. Етакчиларнинг очко йўқотишига кўникиб кетганмиз. Агар Крестинин бошқача режа ўйлаб топмаса Фарғонадан ҳам қуруқ қўл билан қайтиши мумкин.
28 июнь
20:00. "Қизилқум" – ОКМК
Мусобақа пешқадами бўлиб турган ОКМК 10 та турдан бери ғалаба қозона олмаётган “Қизилқум”га қарши майдонга тушади. Навоийликлар ўтган турда Наманганда “Навбаҳор” билан 0:0 ҳисобида дуранг ўйнаганини яхши биласиз. Бу Жамшид Саидов жамоаси учун ижобий натижа. ОКМК билан беллашувда “Қизилқум” ғалаба учун бор кучини ишга солиши шубҳасиз. Аммо Қосимов жамоаси ўз ўйинини топиб олди. Бу баҳсда иккала жамоага ҳам осон бўлмайди. Балки биринчи гол урган жамоа ютиб кетиши ҳам мумкин.
20:00. "Сўғдиёна" – "Динамо"
Бунгача уй ўйинларини Жиззахда ўтказган “Динамо” энди у ерга меҳмон жамоа сифатида боради. Қизиқарли учрашув бўлиши аниқ. “Сўғдиёна” натижа учун ўйнашни яхши билади. Лекин Вадим Абрамов жамоасининг кўрсатаётган ўйини кўпчилкка ёқяпти. Жуда қизиқарли ўйин гувоҳига айланишимиз табиий. Ҳозирча имкониятлар тенг.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар