Суперлига. “Насаф” – “Сурхон” Самарқандда, “Сўғдиёна” – “Пахтакор” учрашуви Тошкентда ўтказилади

Суперлига 4-тури доирасидаги “Насаф” – “Сурхон” учрашуви Самарақанд шаҳридаги Динамо стадионида бўлиб ўтади. Бу ҳақда ЎзПФЛ ўз расмий саҳифасида маълум қилди.

Хабарингиз бор, “Насаф” уй учрашувларини Ғузордаги Марказий стадионида ўтказиб келаётганди. Аммо, Ғузор шаҳридаги Марказий стадиони ҳозирда Суперлига учрашувларини ўтказиш учун талаб даражасида эмас. Шу боис, “Насаф” клуби Суперлига 4-туридаги уч учрашувини ўтказиш учун Динамо стадиони билан шартнома имзолаб, Лигани хабардор қилган. Учрашув тақвим бўйича 20 март куни бўлиб ўтади.

Шунингдек, Жиззахнинг “Сўғдиёна” клуби “Пахтакор”га қарши 4-тур баҳсини Тошкентда Пахтакор стадионида ўтказишни сўраб Лигага расмий сўров юборган. Маълумот учун, Жиззахнинг “Сўғдиёна” клуби уй учрашувларини Зоминдаги стадионда ўтказишни режалаштирган эди. Аммо, ҳозир стадионда учрашувларни Суперлига ўйинларини ўтказиш учун талаб даражасига келтириш мақсадида амалий ишлар амалга оширилмоқда.

Шу боис, “Сўғдиёна” - “Пахтакор” баҳси тақвимда аввал белгиланганидек санада, 20 март куни ўтказилади. Учрашувда “Сўғдиёна” клуби расман мезбон мақомида ҳаракат қилади. Шунингдек, жамоаларнинг иккинчи даврадаги учрашуви ҳам тақвим бўйича Пахтакор стадионида ўтказилади ва унга Пахтакор тақвимда белгиланганидек мезбонлик қилади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!