Суперлига. Олдинда бизни қандай тўқнашувлар кутаётганини биласизми?

Суперлигада 2-тур остонасида турибмиз. 4-6 март кунлари 8 та беллашув гувоҳи бўламиз. Бўлажак ўйинлар ҳақида тўхталамиз.

4 март

18:45. “Қўқон-1912” - “Пахтакор”

Бу жуфтликда “Пахтакор” фаворит сифатида кўриляпти ва бу табиий ҳол. Янгиланган “Қўқон-1912” илк турда сафарда “Бухоро”га енгилди. “Пахтакор” уйида “Қизилқум”ни ютди. Қўқонликлар устози Андрей Шипилов учун дебют учрашуви омадсиз чиқди. Олдинда “Пахтакор”дек рақиб турибди. Қўқонда янги мавсумнинг очилиш ўйини ва стадион мухлислар билан гавжум бўлса керак. “Шерлар”дан очко тортиб олиш учун Шипилов жамоаси ўзининг энг яхши ўйинини кўрсатиши керак, акс ҳолда...

19:15. “Қизилқум” - “Андижон”

Навоийда ҳам очилиш ўйини гувоҳи бўламиз. “Қизилқум” илк турда Тошкентда “Пахтакор”га мағлуб бўлди ва энди навбатдаги турда “Андижон”ни қабул қилади. Биласиз, Самвел Бабаян бошчилигидаги “Бургутлар” илк турда ўз уйида “Сўғдиёна” дарвозасига жавобсиз 4 та гол уришга муваффақ бўлди. Бу ўйин ҳам қизиқарли тарзда ўтиши турган гап. Дастлабки ўйиндан хулоса қилинса, Бабаян жамоасининг имконияти юқорироқ баҳоланмоқда.

5 март

19:00. “Навбаҳор” - “Бухоро”

Биринчи турда иккала жамоа ҳам ғалаба қозонди. Энди улар Наманганда куч синашишади. Тимур Кападзе бошчилигидаги “Навбаҳор” илк турда марказий ўйин мақомида меҳмонда “Динамо”га қарши беллашувда 1:2 ҳисобида ғалаба қозониб қайтди. Ўз уйида мавсумнинг очилиш беллашувида “Бухоро”га анча қийин бўлса керак. Александр Хомяков жамоаси аввало ҳимояни мустаҳкамлаб қарши ҳужум тактикасида ўйин намойиш қилиши катта эҳтимол.

19:15. “Машъал” - “Локомотив”

Бу ўйинда темп ўрта даражада бўладими ёки юқори даражадами ҳозирдан бир нима дейиш амримаҳол. Натижа устувор вазифага айланган пайтда жамоалар учун чиройли ўйин балки иккинчи “план”га тушади. “Машъал” янги бош мураббий қўл остида илк турда амалдаги чемпион - “Нефтчи”дан жавобсиз учта гол қабул қилиб олишган бўлса, “Локомотив” “Сурхон”га учта гол урди. Муборакликларнинг устози Игорь Суров ўзига билдирилган ишончни оқлаш учун “Локо” билан баҳсда натижа кўрсатиши ва бу орқали у ўзига билдирилаётган ишончларни мустаҳкамлаб боради. Қолганини ўйинда кўрамиз.

 19:30. “Сурхон” - “Нефтчи” 

Албатта, бир қарашда “Нефтчи” фаворит, имконияти юқори. Хўш, бунга жавобан “Сурхон” қандай ўйин таклиф қиларкин? Бу ҳам ўзига яраша қизиқ. Чемпионатни мағлубият билан бошлаган “Сурхон”, чемпионатни ғалаба билан бошлаган амалдаги чемпионга қарши қандай ўйин намойиш қилиши термизлик мухлислар учун муҳим. Таркиби кучли футболчилардан ташкил топган “Нефтчи”нинг ёш, ғайратли рақибга қарши баҳсда тўлиқ устунликка эришиши қийин бўлса керак.

6 март

19:00. “Бунёдкор” - “Динамо”

Турнинг марказий ўйини мақомига жуда яқин бўлган ушбу тўқнашув ҳам кескин муросасизлик руҳи остида ўтиши муқаррар. “Бунёдкор” дербида ОКМКни ютган бўлса, “Динамо” очилиш баҳсида ўз уйида “Навбаҳор”га имкониятни бой берди. Вадим Абрамов жамоаси ўша мағлубият тасодифлигини исботлаш учун “Бунёдкор”ни мағлуб этиши лозим бўлади. Илёс Зейтуллаев жамоаси ҳам “Динамо”га жанг таклиф қилади. Демак, ўйиннинг шиддатли ўтишини кутса бўлади.

19:15. “Сўғдиёна” - “Насаф”

Илк турда “Бобур арена”да “Андижон”дан жавобсиз 4 та гол қабул қилиб, енгилган “Сўғдиёна”ни иккинчи турда “Насаф”га қарши яна бир оғир учрашув кутяпти. Иван Бошкович жиззахлик мухлислар олдида йирик мағлубият учун узр сўраш маъносида “Насаф”ни енгиши талаб этилади. Бунинг учун жиззахликлар илк учрашувдан тўғри хулоса чиқарган ва камчиликларини тузата олган бўлиши ҳам керак, албатта. “Насаф” “Хоразм” билан баҳсида охирги дақиқада киритилган гол эвазига уч очкони илиб кетганди. Бу сафарги тўқнашувда балки битта голгача ҳал бўлиши мумкин.

19:30. “Хоразм” - ОКМК

Иккала клуб мавсумни 1:0 ҳисобидаги мағлубият билан бошлашди. 2-тур “Хоразм” - ОКМК тўқнашуви билан якунига етади. Бу жамоаларда имконият бир хил, фақат вазиятлардан унумли фойдаланган жамоа мақсадига эриша олади. Қолаверса, пухта тайёргарлик кўриш ҳам муҳим саналади ва бу борада жамоаларга ортиқча эслатиш шарт эмас. 

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!